Линклар

Каримов “Гитлер” ҳокимининг қилмишларини фош қилди


Аҳмаджон Усмонов сенаторликдан ҳам ҳайдалди.

Аҳмаджон Усмонов сенаторликдан ҳам ҳайдалди.

Уч йил аввал ўзи мақтаб Тошкент вилоятига ҳокимликка қўйган Аҳмаджон Усмоновни президент ишдан олиш пайти роса танқид қилгани маълум бўлди. Каримовнинг таъбирича, “масъулиятни унутган раҳбар” халқ хўжалигининг барча соҳаларини барбод қилган, “ғаразли мақсадни кўзлаб” таниш-билишларини раҳбарликка тайинлаган. Президент танқидидан сўнг Усмонов Олий Мажлис Сенатидан ҳайдалди. "Гитлер" лақаби билан танилган Усмоновга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши мумкинлиги ҳам айтилаяпти.

Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими, собиқ милиция генерали Аҳмаджон Усмонов Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг 4 февраль куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида ишдан олинди.

ЎзА маълумотига кўра, сессияда чиқиш қилган президент Ислом Каримов собиқ ҳоким хатолари, йўл қўйган камчиликларини ва ғаразли мақсадларини бирма- бир санаб чиққан:

“А.Усмонов кадрларни танлаш ва лавозимга қўйишда ғаразли мақсад билан иш кўриб, асосан ўзига шахсий садоқатда бўлган, лекин зарур билим ва тажрибага, маънавий фазилатларга эга бўлмаган шахсларни турли раҳбарлик вазифаларига тайинлаган, Тошкент вилоятининг ўзида юқори малакали кадрлар етарли бўлишига қарамасдан, баъзи бир лавозимларга ўзининг таниш-билишларини олиб келиш унинг одатига айланиб қолган”, деди президент.

Каримовнинг айтишича, умид билан ҳокимликка ишга қўйилган Усмонов “вақт ўтиши билан ишга қараши ва одамларга муносабатида манманлик, ўзига бино қўйиш, ён-атрофдагилардан ўзини юқори тутиш, қўполлик, қўл остида ишлаётганларни менсимаслик пайдо бўлган”:

“Масалан, Тошкент вилояти ҳокимлигининг ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи лавозимига А.Ҳамдамов, вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи вазифасига Б.Қораев тайинланган. Шунингдек, у вилоят ҳокимлигининг ишлар бошқарувчиси вазифасига, капитал қурилиш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича котибият мудири лавозимига, ҳуқуқ-тартибот, сафарбарлик ва фавқулодда ҳолатлар бўйича тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи гуруҳ бошлиғи вазифасига, "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компаниясининг бош муҳандиси лавозимига ўзига яқин одамларни ишга қўйган”, деди Ислом Каримов.

Каримовга кўра, “ўз шахсий манфаатини кўзлайдиган бу шахслар амалдаги қонунчиликни бузиб, мансабни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ турли жиноятларни содир этишган. Ўз вақтида кўрилган чоралар туфайли уларнинг айримлари (А.Темиров, А.Сатторов, О.Маҳмудов) жиноий жавобгарликка тортилган, айримлари (А.Эржигитов, А.Ҳамдамов, Б.Қораев, С.Самадов) ишдан бўшатилган”.

Каримовнинг айтишича, “оёғи ердан узилиб қолган” ва босар-тусарини билмай қолган Усмонов билан бир неча бор хос суҳбатлар ўтказилган ва у огоҳлантирилган бўлсада ўз билганидан қолмаган:

“А.Усмоновнинг яқин ҳамтовоқлари бўлган бир гуруҳ шахслар, жумладан, вилоят ҳокимининг ёрдамчиси А.Умаров, вилоят ҳокимлигининг собиқ ишлар бошқарувчиси М.Икромов, вилоят "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси бош муҳандиси Ш.Хўжамқулов, Rubber trast shoss масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Исмоилов порахўрликда айбланиб, уларга нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноий иш қўзғатилган”, деди Тошкент вилоятида ўтказилган йиғилишда сўзлаган Ислом Каримов.

Аҳмаджон Усмонов вилоятда фермерларининг режадан ортиқ буғдойини тортиб олгани ва 27 нафар фермер бундан арз қилиб Оқсаройга боргани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Усмоновнинг ишдан олингани ҳақидаги хабардан сўнг оққўрғонлик фермерлар қўй сўйиб, зиёфат уюштиргани ҳам хабар қилинди.

2006-2013 йиллар давомида Андижон ҳокими бўлиб ишлаган пайтда маҳаллий аҳоли, фермерлар ва тадбиркорлар унга “Гитлер” лақабини беришган эди.

Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида 1958 йилда туғилган Аҳмаджон Усмонов ҳокимлик лавозимига тайинлангунга қадар Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани ички ишлар бўлими бошлиғи, кейин Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Кузатувчиларга кўра, президент нутқидан сўнг Аҳмаджон Усмоновга ҳам Ўзбекистон Жиноят Кодексининг бир неча моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилиши мумкин.

Тошкент вилояти ҳокими лавозимидан бўшатилган Аҳмаджон Усмонов Олий Мажлис Сенатидан ҳам ҳайдалди.

Президент Каримов Усмоновни ҳокимликдан олганидан сўнг шошилинч тарзда ўтказилган Марказий сайлов комиссияси йиғилишида унинг сенаторлик фаолиятига ҳам чек қўйишга қарор қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG