Линклар

logo-print

“Единая Россия” ўз номзодларига сайлов кампаниясини қандай олиб бориш кераклигини уқтирмоқда


Россиядаги етакчи партия ўз номзодлари сайлов кампаниясини қандай олиб бориши кераклиги ҳақида қўлланма тайёрлади. Сентябрь ойида Россияда Давлат Думасига ҳамда маҳаллий бошқарув органларига сайловлар бўлиб ўтади. “Единая Россия” етакчи партияси ўз номзодлари сайловчи ёки журналистларнинг ноқулай саволларига жавоб беришга тайёр бўлишини хоҳлайди.

Пария ўзининг вебсайтида номзодларни президент Владимир Путиннинг узоқ ҳукмронлиги, Ғарб билан тўқнашув ҳамда оғир иқтисодий аҳвол каби муаммоли масалалар ҳақида қандай сўзлашни ўргатувчи видеоқўлланмаларни ўз ичига олган бўлим яратда. Бу бўлим ҳаммага очиқ эмас.

Видеоларни фақат рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар кўра олади. Рўйхатдан ўтаётган фойдаланувчи сайловларда иштирок этишни режалаштираётганини кўрсатиши зарур. Шундай бўлса-да, “РБК” янгиликлар агентлиги 2 февраль куни ёпиқ бўлимда берилган материаллар ҳақида хабар берди.

“РБК”га кўра,Путин ҳақида сўзлаётганда “Единая Россия” номзодлари 90 йиллардаги “қонунсизликка” урғу бериши керак. Партиянинг таъкидлашича, бу қонунсизликка Путин 2000 йилда президент этиб сайланганиндан кейин барҳам берилган. Партия тайёрлаган қўлланмада Россия ўша пайтда “нафақат чўккалаб қолган, балки жар ёқасида” бўлгани айтилади.

Иккинчидан, номзодлар “мамлакатда бошқа лидер йўқ эканлигига” урғу бериши керак.

Путинга қарши мухолифатга келадиган бўлсак, “Единая Россия” позицияси ҳайратланарли эмас. Партияга кўра, “АҚШ “рангли инқилоблар” ёрдамида дунёни қўлга олишни истайди ва ҳозир эътиборини Россияга қаратмоқда”. Партия номзодларни мухолифат мамлакатда, айниқса, Кавказ, Сибирь ва Узоқ Шарқ ҳудудларида айирмачи оқимларни қўллаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради.

Россия “сўз эркинлиги бўйича дунёнинг илғор мамлакати” деб аталувчи видеони “Россия Сегодня” давлат матбуот конгломерати етакчиси Дмитрий Киселёв олиб борган. Киселёв “журналистика ва нутқ сўзлашдан фикр ифодалаш восатаси сифатида фойдаланишга қўйилган тўсиқлар Украинани ҳозирги аҳволга тушиб қолишига сабаб бўлди”, дея таъкидлайди.

Украина иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга ва Россиянинг аралашувига барҳам беришга курашиб келади. Россия 2014 йил Украинанинг Қрим яриморолини аннексия қилиб олди ва ҳозиргача Украина шарқида икки вилоятни қўлга олган айирмачиларни дастаклаб келади.

“Бюрократлар хатолари”

“Единая Россия” видеоларида иқтисод ҳақида қандай гапириш бўйича оз масалаҳат берилган. Уларда Путиннинг иқтисодий маслаҳатчиси, сўл қанот иқтисодчи Сергеи Глазьевнинг маслаҳатлари тўғри эканлиги айтилган. “РБК” партиянинг Думадаги депутати Вячеслав Никоновдан нега иқтисод масаласида қўлланма йўқлиги ҳақидаг сўраганда, депутат партия ҳали ўзининг иқтисодий платформасини ишлаб чиқмаганини айтди.

“Единая Россия” номзодларни юқори лавозимли етакчилар ҳамда “бюрократлар хатолари” ҳақидаги муайян саволларга “қисман шундай дахмазаларни йўқ қилиш учун сайловда иштирок этаётганларини” айтиб жавоб беришга чақиради. Бюрократларнинг аксари “Единая Россия” партияси аъзолари эканлиги аён, чунки бу партия Россиянинг барча сиёсий майдонларида етакчидир.

Дума депутати Ирина Яровая номзодларни 1990 йилларда, “парламентда ёвуз рақобат элементлари мавжуд бўлган, мамлакат оғир аҳволда бўлган пайтда бизнинг партиямиз ҳали яратилмаган эди”, дейишга чақиради.

“РБК”га кўра, 11 мингдан ошиқ одам сайт материлларини кўриш учун рўйхатдан ўтган.

Россияда сайловлар одатда уюштирилган бўлиб, ҳақиқий рақобатсиз ўтади. Путин ҳукумат тепасига келганидан бери либерал мухолифат четга суриб қўйилди. Шундай бўлса-да, “Единая Россия” иложи борича кўпроқ сайловчи овозини олишни истайди. Бундан мақсад Путинга манзур келиш ҳамда Кремль мақсадларига эришишни осонлаштиришдир.

2014 йилнинг сентябрида регионларда бўлиб ўтган сайловлардан кейин “Коммерсантъ” кундалик газетаси журналисти Мариа Карнаух “мамлакатнинг 84 ҳудудида ўтказилган барча сайловларда “Единая Россия” ғалаба қозонди. Губернаторлар сайловларида эса партия номзодлари 77,2 фоиз натижа кўрсатди”, деб ёзган эди.

Думадаги 450 ўринннинг 238 тасини “Единая Россия” партияси аъзолари эгаллаган. Қолганларини уч номинал мухолиф партия аъзолари олган бўлиб, бу депутатлар тез-тез “Единая Россия”га овоз бериб туради.

“Единая Россия” яна мамлакатнинг 3787 қонун чиқарувчи идораларидаги 2840 ўринга эгалик қилади. Россиядаги деярли барча губернаторлар ҳам мазкур партия аъзосидир. Бундан ташқари, шу губернаторлар аксар ҳолларда “Единая Россия”нинг ҳудудларидаги бўлимларига етакчилик қилади.

Партия етакчиси эса бош вазир Дмитрий Медведевдир.

Роберт Коалсон

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG