Линклар

Эронда ҳукумат қатағонларига жамоатчилик эътиборини қаратишнинг қонуний имконлари чекланганини ангалаган Теҳрон университетининг собиқ етакчиси Муҳаммад Маликий ҳамда собиқ радикал журналист Муҳаммад Нуризод бир қарашда беғараз бўлган оммавий намойиш уюштиришга, яъни Теҳрон кўчаларидаги ахлатни тозалашга қарор қилишди.

26 январь куни Нуризод Facebookдаги саҳифасида “[Ахлат тўплаш] жиноят эмас. Ёки нотўғрими?”деб ёзди.

Бу икки машҳур фаолнинг Теҳрон кўчаларини тозалаши ўтган ҳафтада муаммосиз ўтди. Аммо Малекий ва Нуризод 5 февраль куни эрталаб учрашганларидан кейин хавфсизлик хизмати ходимларига йўлиқишди. Ходимлар икки фаолни машинада пойтахт ташқарисига олиб бориб, йўл бўйида ташлаб кетди.

Аммо фаоллар бўш келмади ва қаровсиз қолган магистрал бўйлаб ахлат тўплашда давом этишди, ижтимоий тармоқларда хайрия ишлари акс этган суратлар билан бўлишишди.

Бу суратларнинг бирида 82 ёшга тўлган Малекийнинг йўл бўйида “Ахлат тўплаш” деб ёзилган матони устига ташлаб олиб, қўли билан ғалаба белгисини кўрсатаётгани ифода этган. Суратнинг орқа фонида Эрон Ислом Республикасининг асосчиси оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний сургундан қайтиб келганида олинган сурат илинган реклама тахтасини кўриш мумкин.

Озодлик радиоси билан суҳбатда Малекий шериги Нуризод билан акцияни давом эттиришларини айтди.

Малекий Теҳронда туриб телефон орқали берган интервьюсида “Биз ўз намойишимизни тўхтатмаймиз. Биз рамзий намойишлар қилишда давом этамиз”, деди.

Кейинги ойларда икки фаол Эронда инсон ҳуқуқлари бузилишига, жумладан, фаолларнинг қамалишига эътибор қаратиш учун бир неча акция уюштирди.

Иккала фаол ҳам қамоқ муддатини ўтаган бўлиб, Эрондаги тузумни кескин танқид қилиб келади.

Фаолларга кўра, улар ахлат тўплаш Эронда жиноят бўлмагани учун мазкур акцияни бошлашган. Эронда мавжуд тузумни танқид қилиш ёки оммавий йиғин уюштиришга уриниш одатда жиноий жавобгарликка олиб келади. Фаоллар кўпинча “Эроннинг миллий хавфсизлигига қарши чиқишда” айбланади.

Нуризод январь ойи охирида янги акция ҳақида эълон қилар экан, унга нима туртки бўлганини очиқлади. Фаол ахлат тозалаш акцияси ўзи ва шериги саёҳат қилишига “бирор сабаб ёки суд ҳукмисиз” қўйилган тўсиқ ҳамда Эрон Инқилобий гвардияси томонидан уларнинг мулклари тортиб олинганинига қарши намойиш эканлигини айтди.

Нуризод бошида Эрондаги тузумни қўллаган, лекин кейинчалик уни танқид қила бошлаган. Фаол ўзи, Малекий ҳамда бошқа бир энча шахс 2 февраль куни Теҳрон кўчаларида пластик пакетларга тўплаган ахлатни ушлаб тургани акс этган сурат билан бўлишди.

Гулноз Исфандиёрий, Муҳаммад Ризо Ёзданпаноҳ

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG