Линклар

logo-print

Қирғиз чегарачилари бир тожикнинг уйига ўз байроқларини осиб кетишди


Қирғизистон чегарачилари 6-февраль куни Тожикистон шимолидаги Бобожон Ғафуров тумани Овчиқалача қишлоғида яшовчи бир шахсга тегишли уйнинг дарвозасига Қирғизистон байроғини осиб кетишди.

Қирғиз чегарачилари ушбу жой Қирғизистон ҳудуди эканини даъво қилмоқдалар.

Тахминан 30-40та қирғиз чегарачиси 6 февраль тушлик маҳали Тожикистон ичкарисига кириб, Муҳаммадали Абдувалиев уйининг дарвозасига Қирғизистон байроғини тикишган.

Бу ҳақда Озодлик тожик хизматига 7 февраль куни ҳодиса гувоҳлари хабар беришди.

Уларнинг сўзларига кўра, қирғиз чегарачилари бу ҳудуд Қирғизистонга тегишли эканини даъво қилиб, Абдувалевдан уйини бўшатиб қўйишни талаб қилганлар.

Овчиқалача яшовчиларидан бирининг айтишича, маҳаллий аҳоли қирғиз чегарачиларининг бу амалидан таажжубга тушганлар.

Зеро, уларга кўра, ушбу ҳудуд аввал бошдан Тожикистонга тегишли бўлган.

Бобожон Ғафуров тумани Овчиқалача қишлоғи Қирғизистоннинг Боткент вилояти Қулунди қишлоғи билан чегарадош.

Суҳбатдошларга кўра, қирғиз чегарачилари амалига ҳеч қандай муносабат билдирилмаган.

Овчиқалача қишлоғининг раиси Эргаш Жўраев ҳам Озодлик билан суҳбатда мазкур ҳодисани тасдиқлаб, юзага келган масала юзасидан Қулунду қишлоғи раиси Қувватбек Сулаймонов билан мулоқот ўтказганини айтди.

Унинг айтишича, қирғиз маҳаллий расмийлари ҳам ушбу жойнинг Қирғизистонга тааллуқли экани ва бу масала икки мамлакат юқори расмийлари томонидан кўриб чиқилиши зарурлигини билдирганлар.

Эргаш Жўраевнинг илова қилишича, ҳодиса юзасидан икки мамлакат расмийлари 8 февраль махсус мулоқот ўтказади.

Аммо масланинг қай даражада муҳокама этилиши ҳозирча маълум эмас.

Тожикистон ва Қирғизистон умумий сарҳадларининг ярмидан кўпроғи ҳозирга қадар белгиланмаган.

Кузатувчиларга кўра, бу ҳолат чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли ўртасида тез-тез жанжалларнинг чиқшига сабаб бўлаётир.

XS
SM
MD
LG