Линклар

logo-print

Керри: Россия оташкесимни бузмоқда, лекин яқин орада бу ўзгариши мумкин


5 февраль куни Керри журналистларга “Россия менга оташкесимга амал қилишга тўла тайёр эканлигини кўрсатди. Эронликлар эса бир ярим кун аввал Лондонда оташкесимни қўллашларини билдиришди”, деди.

“Оташкесим тафсилотларини ҳам муҳокама қиляпмиз. Россияликлар оташкесимга амал қилиш бўйича бир неча конструктив таклифни ўртага ташлашди”, дея сўзини давом эттирди Керри.

“Лекин бу Сурияни бомбардимон қилишда давом этиш учун қуруқ музокара бўладиган бўлса, ҳеч ким буни қабул қилмайди. Ҳаммаси кейинги бир неча кун ичида аён бўлади”.

Сурия армияси Россия ҳаво ҳужумлари ёрдамида Ҳалаб шимолида исёнчиларни чекинтириб, оддий фуқароларга борадиган гуманитар ёрдам йўлларини тўсиб қўйганидан кейин, БМТ ҳамкорлигида 3 февраль куни ўтказилиши режалаштирилган тинчлик музокаралари тўхтатилди.

Сурия ҳукумати ҳужумлари 6 февралгача давом этди. Шиддатли тўқнашувлар натижасида 35 мингдан ошиқ оддий фуқаро Ҳалаб шаҳрини тар этиб, Сурия-Туркия чегарасига қочиб борди.

Женевада ўтказилиши режалаштирилган музокаралар Суриядаги фуқаролар урушини тугатишга қаратилган охирги икки йил ичидаги илк уриниш эди. Суриядаги мухолиф гуруҳлар ҳукумат оддий фуқароларни бомбардимон қилишни тўхтатмаса, музокараларда иштирок этишдан бор тортди.

Керрининг айтишича, Россия ва Сурия декабрь ойида қабул олинган БМР Хавфсизлик кенгаши резолюциясини бузмоқда. Бу резолюция фуқароларга гуманитар ёрдам йўлларини зудлик билан очишга ва фуқароларни ҳаводан бомбардимон қилишни тўхтатишга чақиради.

Бундан ташқари, ташқи ишлар вазири Россия бошқариб бўлмайдиган бомбалардан фойдаланаётганини, натижада Ҳалаб шаҳри атрофида жуда кўп оддий фуқаро ҳалок бўлаётганини айтди.

“Улар аниқ бомбалар эмас, бунинг оқибатида жуда кўп оддий фуқаро, жумладан, аёллар ҳамда болалар ўлмоқда,” деди Керри.

Бош вазир яна Россияни шифохоналарни мўлжалга олишда ҳамда ҳаво ҳужумларида яраланган шахсларни қутқармоқчи бўлганларни ҳам бомбардимон қилишда айблади.

“Бу тўхташи керак. Ҳеч кимда ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аммо фақат нолиш билан буни тўхтатиб бўлмайди. Музокара қилмасак ёки аралашмасак, тўхтамайди бу,” деди Керри.

Керри кейинги кунларда оташкесимга амал қилиш ҳамда фуқароларга гуманитар ёрдам етказилишига йўл очиб беришга ким жиддий ёндашишини, ким жиддий ёндашмаслиги аниқланишини айтди.

Керри кейинги ҳафта Россия, Эрон ва Суриядаги можарода иштирок этаётган бошқа тарафлар билан музокара олиб бориш учун Мюнхен шаҳрига боради.

Россиянинг БМТдаги элчиси Виталий Чуркин Мюнхендаги учрашувлар давомида Москва тинчлик ўрнатиш бўйича “янги ғояларни ўртага ташлашини” айтди.

Рўёбга чиқмаган тинчлик музокаралари бўйича БМТ хавфсизлик кенгашининг Нью-Йоркда ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган учрашувидан кейин журналистларга мурожаат қилган Чуркин Россия Суриядаги ҳаво ҳужумларини тўхтатмаслигини, АҚШ ҳамда “Исломий давлат”га қарши коалиция ҳам ҳаво ҳужумларини амалга ошираётганини айтди.

“АҚШ етакчилигидаги коалиция-чи? Улар ҳам фаолиятларини тўхтатишадими?” деб сўради Чуркин.

Россия ўз ҳаво ҳужумлари “Исломий давлат” ҳамда “Ал-Қоида”нинг Суриядаги қаноти “Ал-Нусра”ни мўлжалга олишини, тинчлик музокаралари олиб борилаётган пайтда ҳам бу амалиётлар давом этиши кераклигини айтиб келади.

Аммо Франциянинг БМТдаги элчиси Франсуа Делатр “тинчлик музокаралари тизимга қирғин қилишда давом этиш имконини берувчи тутун пардаси бўлмаслиги” кераклигини айтди.

XS
SM
MD
LG