Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:09

Бола йиғламаса, она эмчак солмайди (Блог)


Ўзбекистон халқ рассоми Ғофур Қодировнинг "Оқшом" асари (Фрагмент)
Ўзбекистон халқ рассоми Ғофур Қодировнинг "Оқшом" асари (Фрагмент)

Сўхга доир сўнгги янгилик бир муҳим нарсани кўрсатди: маҳаллий раҳбарларнинг Каримовдан қўрқувидан самарали фойдаланиш мумкин экан. Яъни ечилмаётган муаммо тўғрисидаги шикоятнинг Оқсаройга етиб борадиган шакли, масалан, сўхлик шўпирларникига ўхшаган, шакли топилса бас, ҳоким ва ҳокимчалар жонини Жабборга берворади. Ахир жонни Жабборга бериш Каримовга беришдан кўра беоғриқроқда!

Ўтган ҳафтада берилган бир хабаримиз ўз моҳиятига кўра ўта муҳим хабар эдию лекин у Тошкент вилояти ҳокими Аҳмаджон Усмоновнинг ишдан олиниши тўғрисидаги хабар соясида қолиб кетди.

Хабарки, у 2013 йил бошидан бери 20 км ўрнига 100 км йўл босишга мажбур бўлаётган сўхликларнинг бир муаммоси қисман ҳал бўлгани тўғрисида.

Ўзбекистоннинг атрофи Қирғизистон билан ўралган Сўх эксклави аҳолиси билан қирғизистонликлар ўртасида 2013 нинг бошида чиққан жанжалдан кейин қирғиз расмийлари Сўхни Риштон билан боғловчи қисқа йўлни ёпиб қўйган эди.

Натижада сўхликлар Ўзбекистонга Қирғизистон ичкарисидан 100 километр йўл босиб боришга мажбур бўлаётган эди.

Сўхликлар уч йилдан бери Қирғизистон ҳудудидан ўтар чоғда турли-туман тамагирлигу баъзида ҳатто қароқчилик қурбони бўлаётганидан арз қилиб келар, лекин масалани ҳал қилишни ҳеч ким ўйламаётган эди.

Охир-оқибат сўхликлар жонидан тўйган ўхшайди, пичоқ бориб суякка етаган ўхшайди, шўпирлари 25, 26 январь кунлари норозилик акцияси ўтказди...

...ва масала ҳал бўла бошлади: маҳаллий расмийлар югуриб Қирғизистонга ўтди, сўзлашувлар ўтказди, отанг яхши, онанг яхши деди, ҳатто, хабарларга қараганда, қирғизистонлик фаоллар ҳамда оқсоқоллардан иборат гуруҳни Самарқанд ва Бухорога саёҳат қилишга таклиф қилди.

Бўлар экану?!

Нима учун 3 йилдан бери қилинмади шу иш?

Нима, 3 йилдан бери Сўх раҳбариятининг кўзи кўр, қулоғи кар эдию ўша иккала мучаси бирдан очилиб кетдими?

Мучаларни очворган нарса нима?

Мучаларни очворган нарса қўрқувдир. Президентдан қўрқув.

Сўхда шўпирлар норозилик акцияси ўтказди деган хабар Оқсаройга етса туман ҳокимининг “калласи кетади”. Ахир, президент уни ҳоким қилиб, биринчи навбатда, туманда “ғинг” деган овоз чиқмаслигини таъминлаш учун тайинлаган.

Энг қизиғи, Сўх раҳбариятининг муаммони ҳал қилишга уринмагани сабаби ҳам қўрқувдир. Президентдан қўрқув.

Уринсаю буни қўққис Оқсарой билиб қолса, “нега ақлинг етмаган нарсага бурнингни тиқасан, бу давлатлараро масала, бу давлат раҳбарининг ваколатлари доирасидаги масала”, деган гапни эшитишдан ва оқибатда яна “калласи кетишидан” қўрқди.

Хуллас, Сўхга доир сўнгги янгилик бир муҳим нарсани кўрсатди:

маҳаллий раҳбарларнинг Каримовдан қўрқувидан самарали фойдаланиш мумкин экан. Яъни ечилмаётган муаммо тўғрисидаги шикоятнинг Оқсаройга етиб борадиган шакли, масалан, сўхлик шўпирларникига ўхшган, шакли топилса бас, ҳоким ва ҳокимчалар жонини Жабборга берворади.

Ахир жонни Жабборга бериш Каримовга беришдан кўра беоғриқроқда!

Ҳа, айтганча, нима учун Каримовнинг ўзи 3 йилдан бери сўхликларнинг муаммосига эътибор бермади?

Билса, қизиқса эътибор берадими?

Билган, қизиққан тақдирда ҳам Каримов оқсоқол “Сўх билан боғлиқ вазиятга бир қараб қўйинг”, деб Атамбаевга қўнғироқ қилмайди. Қилса – отдан тушиб қолади: ахир қарийб 30 йиллик президент, буёғига қачон кетишини фақат ўзи ҳал қиладиган Каримов президентликка кеча келган ва эртага кетиши аниқ Атамбаевга қўнғироқ қиладими?

Ҳеч ҳамда!

XS
SM
MD
LG