Линклар

Россияда ИШИДга алоқадорликда гумонланган марказий-осиёликлар қўлга олинди


Москва ва Санкт Петербургда террорчилик ҳуружларини режалаштирганлик ва ИШИДга алоқадорликда гумонланган гуруҳ Екатерингбургда ҳибсга олинди. Россия ФСБси тарқатган маълумотга кўра, ушланган 7 нафар шахс орасида Россия ва Марказий Осиё республикалари фуқаролари борлиги айтилмоқда.

7 феврал куни Россия ФСБси Екатеринбургда ҳибсга олинган гуруҳ “Исломий давлати” экстремистик ташкилотга аъзоликда айбланаётган етти кишини ҳибсга олганини хабар қилди.

Қўлга туширилган шахслар қўлбола портловчи мосламалар ёрдамида Москва, Санкт-Петербург ва Свердловск вилоятларида қатор террорчилик хуружларини уюштиришни режалаштирилганликда гумонланмоқда.

Жиноий гуруҳ тузганликда айбланиб ҳибсга олинганлар Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари экани маълум қилинди.

- Ўтказилган тинтув натижасида ушланганлар яшаш манзиллари бўйича қўлбола портловчи моддалар, портловчи мосламалар, электродетонаторлар, жанговар қурол, гранаталар, ясама портловчи модда компонентлари сақланган лаборатория ва экстремистик руҳдаги адабиёт аниқланди. Ҳибсга олинганлар террорчилик амалиётини амалга оширгандан сўнг Сурияга кетиб, “Исломий давлат” халқаро террорчилик ташкилоти таркибида жанговар ҳаракатларда иштирок этишни режалаштирган, дейилади ФСБ тарқатган расмий хабарномада.

Федерал хавфсизлик хизмати расмийлари Озодлик сўровига террорчиликда гумонланаётган шахслар орасида ўзбекистонликлар бор-йўқлиги масаласига ҳозирча ойдинлик кирита олмасликларини билдиришди.

Терговчиларга кўра, “ИШИДчилар”ни Туркиядан Россияга махсус келган “жангари” бошқариб келган. Life78 нашрининг хабар қилишича, ФСБ Москва, Санкт-Петербург ва Екатеринбургда портлашни режалаштирган яна уч кишини қидирмоқда. Улар орасида иккита худкуш-аёл борлиги маълум қилинди.

Lifenews нашри қидирувдаги аёллар Саудия Арабистони фуқаролари бўлиб, аёллардан бирининг исми Маджида Аль-Салейли, унга тунислик Бакри Ҳабиб ал-Адри ва Абу Масҳад ал-Жоржия кўмаклашганини “Россия махфий хизмат ходимлари”га таяниб очиқлади.

Исмини ошкор қилмаган Россия махфий хизмат ходими саудиялик ва тунислик гумонланувчилар Суриядан Туркияга, у ердан эса Россияга сайёҳлар ниқоби остида кириб келиб, мамлакатнинг йирик шаҳарларида террорчилик хуружларини уюштиришни режалаштирганини маълум қилди.

Қўлга олинган шахсларга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 205-модда (“Террорчилик ҳаракати”), 222-модда (“Ўқотар қуроллардан ноқонуний фойдаланиш) ҳамда 222.1-модда (“Портловчи моддаларни ноқонуний сақлаш”) асосида жиноий иш қўзғатилди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати бу шахсларнинг “бошқа жиноий алоқалари ўрганилаётгани” ва оператив-қидирув ишлар давом этаётганини маълум қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG