Линклар

Фарғонада ука ўз акасини чавақлаб, Шаҳрихонсойга улоқтирганликда гумонланмоқда


Қува тумани яшовчиси, 19 ёшли Хисравбек Қаюмов икки шериги билан бирга ўзининг 26 ёшли акаси Козимжон Қаюмовни ўлдириб, жасадини Шаҳрихонсойга ташлади. Қотилликда гумонланаётганлар ҳодисадан уч кун ўтиб ҳибсга олинди. Бу Фарғона вилоятида сўнгги бир неча кун ичида рўй берган иккинчи шов-шувли қотилликдир.

Қува тумани ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаларининг маълум қилишларича, айни туманнинг Тошҳовуз маҳалласида яшовчи 19 ёшли Хисравбек Қаюмов икки шериги билан бирга ўзининг акаси 26 ёшли Козимжон Қаюмовни ўлдириб, жасадини туман ҳудудидан ўтувчи Шаҳрихонсойга ташлаган.

Терговни олиб бораётган гуруҳга яқин манбанинг билдиришича, воқеа 1 февралга ўтар кечаси Қува шаҳри четидаги Тошҳовуз маҳалласи ҳудудида рўй берган.

Манбанинг айтишича, қотилликка “ака-укалар ўртасидаги оилавий низо” сабаб бўлган бўлиши мумкин.

“Ваҳшиёна қотиллик”

Дастлаб бу ҳақда Озодликка WhatsApp орқали хабар йўллаган ички ишлардаги манбанинг баён қилишича, Хисравбек Қаюмов ёшликдан бирга ўсган тенгқур ўртоқлари Асилбек Бозоров ва Нозим Наримовлар билан “ўзаро жиноий тил бириктириб, акасини ўлдириш режасини тузишган”.

Унга кўра, Асилбек акасини “таниш қиз орқали маҳалланинг овлоқ жойига чақиради”.

У ерда қотилликка тайёр турган, Хисравбекнинг ўртоғи Асилбек Бозоров ўзи билан олиб келган йўғон ёғоч билан Козимжон Қаюмовнинг бош қисмига зарба билан бир неча маротаба уриши натижасида Козимжон Қаюмов ерга йиқилади. Нозим Наримов ва Хисравбек Қаюмовлар унинг турли жойларига тепа кетишади, укаси ўз ёнида олиб юрадиган пичоқ билан акасининг кўкрак, бўйин ва орқа кўкрак ва қорин қисмларига қаттиқ-қаттиқ санчиб олади. Қаюмов Козимжон олган ўта оғир тан жароҳатлари туфайли воқеа жойининг ўзида вафот этади”, – деб ёзади Озодликка WhatsApp орқали боғланган ички ишлардаги манба.

Қотиллик тафсилотларидан воқиф бўлган бир-биридан мустақил манбаларнинг маълум қилишларича, учовлон Козимжон Қаюмовнинг оёқ-қўлини боғлаб, жасадни қум қопга солиб, Шаҳрихонсойга улоқтиришади.

Козимжон Қаюмовнинг сув устига қалқиб чиққан жасади воқеадан уч кун ўтиб, 3 февраль куни эрталаб милиция ходимлари томонидан топилган.

Тезкор қидирув амалиёти натижасида Хисравбек Қаюмов ва унинг икки шериги айни куннинг ўзида тушликдан сўнг қўлга олинган.

Амалиёт тафсилоти Озодликка маълум эмас.

“Қотиллик мотиви”

Терговни олиб бораётган гуруҳга яқин манбанинг Озодликка айтишича, қотилликка “ака-укалар ўртасидаги оилавий низо” сабаб бўлган.

Аммо, у қўшимча тафсилотларга эга эмаслигини билдирди.

Қаюмовлар оиласини яқиндан таниган қувалик ўқитувчига кўра, Қува Компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежининг 3-босқич талабаси бўлган Хисравбек ва унинг Андижон Давлат тиббиёт институтининг 6-босқич талабаси бўлган акаси Козимжон ўртасида “эскитдан келишмовчилик бўлган”.

Уларнинг ота-онаси анча йил олдин ажрашиб кетган. Болаларни онаси ёлғиз катта қилган. Фарзандлар ўртасида эскитдан келишмовчилик бўлган экан. Козимжон ўқишим контрактига пул топиб берасан, деб укасини ва онасини бир неча марта урган экан”, деди қувалик ўқитувчи.

“Биз айбдормиз”

“Бу воқеа бутун Қувани оёққа турғизиб юборди”, дейди Хисравбекка Қаюмовга дарс берган Қува Компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқитувчиларидан бири.

Унинг айтишича, қотиллик юзасидан 7 январь куни Қува шаҳрида Фарғона вилояти ҳокими бошчилигида вилоят фаолларининг йиғилиши бўлиб ўтган.

Вилоят ҳокими, профилактика нозирлари, вояга етмаганлар билан ишловчилар иштирокида икки юзу эликка яқин ўқитувчи билан йиғин ўтказдик. Жуда қаттиқ гаплар бўлди. Аслида биз ўқитувчилар вақтида болалар тарбиясига етарлича эътибор бермаганимиз, улар орасида тушунтириш ишлари олиб бормаганимиз учун мана шунақа воқеа юз берди. Жуда ёмон бўлди. Биз айбдормиз”, деди Қува Компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси.

Унинг илова қилишича, Хисравбек Қаюмов ва унинг икки шериги ҳибсга олинган куннинг ўзидаёқ улар таълим олган муассасалар раҳбарлари милиция бўлинмаларига чақирилиб, сўроққа тутилган.

Терговни олиб бораётган гуруҳга яқин манбанинг айтишича, Хисравбек Қаюмов ва унинг шериклари одам ўлдиришда айбланиб, Фарғона шаҳридаги тергов изоляторига олиб кетилган.

Тергов жараёнининг уч ой давом этиши кутилмоқда.

Бу сўнгги бир неча кун ичида Фарғона вилоятида рўй берган ягона шов-шувли қотиллик эмас. 7 февраль куни вилоятнинг Олтиариқ туманида бир оиланинг беш нафар аъзоси, жумладан 2 нафар ёш бола босқинчилик қурбони бўлди.

Олтиариқ тумани Тинчлик шаҳарчасида яшовчи Мадаминовлар оиласининг беш аъзосини, жумладан икки нафар ёш болани ўлдириб, ёқиб юборганликда гумонланган икки шахс қўлга олинди. Терговчиларнинг гумон қилишича, ҳибсга олинганлар оила бекасининг жиянлари бўлиб, улар холасининг машинага йиққан пулини ўғирлаш мақсадида оила аъзоларини ўлдириб, кейин мурдаларга ўт қўйишган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG