Линклар

Канада Ироқ ва Сурияда ИДга қарши ҳаво зарбаларини тўхтатмоқчи


Канада бош вазири Жастин Трюдо.

Канада бош вазири Жастин Трюдо.

Канада Ироқ ва Сурияда “Исломий давлат” гуруҳига қарши ҳаво зарбаларини тўхтатади ва яқин икки ҳафта ичида олти қирувчи самолётини чақириб олади. Бу ҳақда Канада бош вазири Жастин Трюдо маълум қилди.

Трюдога кўра, парвозлар 22 февраль куни тўхтатилади, бироқ минтақадаги канадалик ҳарбий маслаҳатчи ва мураббийлар сони 650 нафардан 830 нафарга кўпайтирилади.

Шунингдек, Канада минтақада икки разведкачи учоғи ва ёқилғи қуйиш самолётини қолдиради.

Трюдо фақат ҳаво зарбалари билан Ироқ ва Сурияда узоқ муддатли барқарорликни таъминлаб бўлмайди, деган фикрда.

Канада ҳукумати Яқин Шарққа инсонпарварлик ёрдами ва тараққиётга кўмак сифатида 718 миллион доллар беришни ҳам ваъда қилмоқда.

Жастин Трюдо ҳукумат тепасига ўтган йил октябрида келган. Ўз сайловолди кампаниясида у Ироқда ва Сурияда Канада учоқлари бўмбабўронларини тўхтатишга ваъда берганди.

XS
SM
MD
LG