Линклар

Олмаотада мухолифат сайти журналисти судланмоқда


Қозоғистонлик журналист Юлия Козлова.

Қозоғистонлик журналист Юлия Козлова.

Олмаотанинг Бўстандиқ туман судида мухолифатдаги Nakanune.kz сайти журналисти Юлия Козлова иши кўриб чиқилаяпти. У ноқонуний равишда наркотик модда сақлаганликда айбланмоқда. Козлова ўзига қарши жиноят иши сиёсий сабабларга кўра қўзғатилган, деган қаноатда.

40 ёшли журналист Юлия Козлова иши Бўстандиқ туман судидаҳакам Людмила Бектемирова раислигида 9 февралданкўрила бошлади. Унга Қозоғистон Жиноят кодексининг 296-моддаси (наркотик ва психотроп моддаларни ноқонуний равишда тайёрлаганлик, қайта ишлаганлик, сотиб олганлик, сақлаганлик ва ташиганлик) бўйича айблов билдирилган.

Тартиб посбонлари иддаосича, гиёҳванд моддалар Юлия Козлованинг хонадони тинтув қилинганида топилган. Олмаота Ички ишлар департаменти тергов гуруҳи ёлғон маълумот тарқатганлик бўйича иш доирасида ўтган йилнинг декабрь ойида Nakanune.kz сайти таҳририятида, нашр муҳаррири Гўзал Байдалинова уйида ва журналист Юлия Козлова хонадонида тинтувлар ўтказган.

Козлованинг уйини тинтиш у йўқ пайтда бошланган. Тинтув бошланган пайтда хонадонда унинг ўғли, синглиси ва жияни бўлган. Журналист уйга келган пайтда полициячилар “наркотик моддаларни топиб бўлган” эдилар.

Юлия Козловага кўра, ёлғон маълумот тарқатганликка оид иш бўйича тинтув ўтказган тинтувчиларни биринчи навбатда ёзув дафтарчалари, компьютерлар, планшетлар, смартфонлар ва бошқа шу каби маълумот сақланадиган ашёлар қизиқтириши лозим эди, бироқ улар келибоқ ўзларини ваннахона, ҳожатхона ва ошхонага урганлар.

- Ошхонада улар ичида наркотик бўлган ўрамни “топиб олишибди”, - деди Юлия Козлова Озодликнинг қозоқ хизматига берган суҳбатида.

Ўзига нисбатан иш сиёсий сабабларга кўра қўзғатилганини урғулаган журналист бу борадаги далилларини судда очиқлашини билдирган.

Тергов томонидан тинтув куни тайинланган мажбурий экспертиза Юлия Козлова ва унинг синглиси организмида гиёҳванд моддалар топилганини кўрсатган. Бунинг эртасига Козлованинг адвокати Айман Умарова ташаббуси билан ўтказилган мустақил экспертиза эса журналистнинг организмида наркотик модда излари йўқлигини кўрсатган. Шунга қарамай, Козловага нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Адвокат Айман Умарова тергов чоғида катта терговчи Руслан Алкенов ўз ҳимоясидагикиши ҳақларини бузганини даъво қилмоқда. Бироқ бу даъволарни адвокат маҳкама чоғида очиқламоқчи.

Юлия Козлованинг 33 ёшли синглиси Елена мазкур иш бўйича маҳкамага гувоҳ сифатида чақирилган. Юлиянинг айтишича, синглиси ва унинг эрини 2008 йилда гиёҳванд моддага алоқадор иш бўйича қамаганлар. Эр-хотин қамоқдан чиққанларидан сўнг Еленанинг турмуш ўртоғи ўлган, синглиси эса узоқ муддатли даволанишда бўлган. Шунинг учун ҳам синглисининг ўғли Юлиянинг уйида яшаган.

Юлия Козлова синглиси Елена даволаниш пайтида Қўстанайда яшагани, наркотик истеъмол қилмай қилмай қўйгани, уйда гамбургер тайёрлаб, сотиш билан машғул бўлгани, бироқ сўнгги ойларда иши юришмай қолгани учун Олмаотага келиб, унинг уйида турганини айтади.

Юлия Козлова Казкоммерцбанк аризаси бўйича Nakanune.kz мухолифат нашри ходимларига нисбатан очилган яна бир ишда гувоҳ сифатида иштирок этмоқда. Ёлғон маълумот тарқатганлик бўйича очилган бу иш юзасидан айбланаётган сайт муҳаррири Гўзал Байдалинова ўтган йил декабридан бери Олмаота тергов ҳибсхонасида тутиб турилибди.

Байдалинова ҳам ўзига нисбатан илгари сурилаётган айбловларни тан олмаслигини ва бу иш сиёсий сабабга кўра очилганини айтмоқда.

Nakanune.kz сайтига Қозоғистонда суд қарори билан ёпилган “Республика” мухолифат газетаси журналистлари томонидан асос солинган.

ЕХҲТнинг Оммавий ахборот воситалари масалалари бўйича мулозими Дуня Миятович шу йил 26 январида қилган чиқишида Қозоғистонда шу кунда блогерлар, журналистлар ва мухолифат фаолларига нисбатан жиноий таъқиб кучайганини урғулаган ва бу таъқибларни фуқаролик жамиятига босим ўлароқ баҳолаганди.

XS
SM
MD
LG