Линклар

Швеция маҳкамаси Обид қорини отган Жуковский устидан ҳукмни қайта кўрмоқда


9 февраль куни бошланган маҳкамада, асосан, прокурор Кристер Петерссон тингланди ва бу гал унинг суиқасд уламо Обидхон қори Назаров фаолиятига боғлиқ эканини исботловчи янги даллиларни тақдим этиши кутилмоқда. Сундсвал апелляция судида айбланувчи Юрий Жуковскийга берилган 18 йиллик қамоқ жазосидан норози бўлган ҳар икки томоннинг шикояти кўриб чиқилмоқда.

Швеция шимолидаги Остершунд (Östersund) шаҳри маҳкамаси ўтган йили 15 декабрь куни ўзбекистонлик таниқли имом Обид қори Назаров жонига қасд қилишда айбланган Юрий Жуковскийга 18 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган.

Бу ҳукмдан айбланувчи Юрий Жуковскийнинг ҳимояси норози бўлиб аллеляцион маҳкамага мурожаат қилган. Айни пайтда Обидхон қори Назаровнинг яқинлари ва қораловчи томон ҳам Жуковскийга умрбод қамоқ жазоси тайинланишини сўрамоқда.

9 февраль куни Швециянинг Сундсвал шаҳрида бошланган маҳкаманинг илк кунида Обид қорининг яқинлари ва прокурор киритган шикоят ариза бўйича эшитувлар бўлди.

Маҳкамада иштирок этаётган Обидхон қорининг ўғли - Довудхон Обидхон ўғли бу гал прокурор маҳкама учун янада жиддий далиллар билан ҳозирлик кўрган, деди:

- Янги даллилар бор ва мен ҳозир матбуотга айтишим мумкин бўлган гап шуки, дадамларга содир этилган суиқасд ортида Ўзбекистон ҳукумати турган бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи янги ҳисоботлар бор. Бу ҳисоботлар бир неча халқаро ташкилот томонидан тайёрланган йирик ҳисоботлардир. Бугун прокурор чиқиш қилди ва биз умид қиламизки, бу маҳкама Ўзбекистон тарихидаги ўта катта жиноятнинг тўлиқ очилишига олиб келади, - деди Довудхон Обидхон ўғли.

Сундсвал судидан олинган маълумотга кўра, эртага - 10 февраль кунги маҳкамада Юрий Жуковскийнинг ҳимоя томони даъволари эшитилади.

Декабрь ойидаги маҳкамада Жуковский айбловни тан олмаган. У суиқасдга алоқадорлигини инкор этмаган, аммо ижрочи ўзи экани ҳақидаги айбловни инкор қилган.

Эндиликда ҳимоя томони Жуковскийни айбсиз, демоқда ва унга берилган 18 йиллик қамоқ жазосининг бекор қилинишини талаб қилмоқда.

37 яшар Жуковский ўтган йилнинг 25 августда Россиядан Швецияга экстрадиция қилинган эди. Швед прокурори Кристер Петерссон Жуковскийга бир умрлик қамоқ жазоси сўраган. Унинг ишонишича, суиқасдга Обид қорининг фаолияти сабаб бўлган.

Петерссон айблов хулосасида Ўзбекистон ҳукуматини тўғридан-тўғри айбламаган бўлса-да, Жуковский суиқасдни “Ўзбекистон ҳукумати буйруғига кўра” амалга оширгани хусусидаги иддаоларни илгари сурганини билдирган.

57 ёшли Обид қори Назаров 2012 йилнинг 22 февралида Швеция шимолидаги Стромшунд шаҳарчасида ўз уйи йўлагида номаълум шахс томонидан отиб кетилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Обид қори Назаров ҳамон оғир аҳволда шифохонада ётибди. Довудхон отасининг соғлиги "муттасил яхшиланиб бораётгани" ва яқинлари билан "мулоқот қилаётганини" айтмоқда.

Қуйида Довудхон Обидхон ўғли билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Озодлик ҳафта охирига қадар давом этиши айтилган маҳкамани кузатиб боради, янгиликларни сайтимизда ўқинг!

XS
SM
MD
LG