Линклар

Жиззах вилояти Мирзачўл туманидаги умумтаълим мактабларининг ўқувчилари металлолом топширишга мажбурланяпти. Ота-оналар мактабда ўқитувчилар томонидан камситилган, уришилган фарзандлари учун ўзлари металлолом сотиб олишга мажбур бўлаётганини айтмоқдалар.

Мирзачўл тумани ҳокимияти барча умумтаълим мактабларига металлолом йиғиш топшириғини берган.

Ўқувчилар сонига қараб 10-20 тоннадан металлолом йиғиш мактабларга шарт қилиб қўйилган.

Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбаси 10, 14, 17, 18-умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг мактабга металлолом ташиётганини кузатганини айтади:

“Қайси мактабга борманг ҳовлисида темир-терсаклар уюлиб ётганини кўрасиз. Ҳатто қуйи синф ўқувчилари ҳам кўчада темир парчаларини судраб кетаётганига гувоҳ бўласиз”, деди манба.

Мирзачўл туманида истиқомат қиладиган Ҳайдаржоннинг айтишича, унинг фарзанди мактабдан келиб, отасидан металлолом топиб беришни йиғлаб сўраган:

- Ўғлим олтинчи синфда ўқийди. 30 кило металлолом олиб келасан, деб ўқитувчиси айтибди. Ўзи у ёқ бу ёқдан ўн килоча топиб олиб борибди. Нега нормани бажармадинг, деб ўқитувчиси роса уришибди. Уйга келиб, темирни ўзи йўқ бўлса қаердан топаман деб йиғлаб юборди. Ҳақиқатан ҳам ҳеч қаерда йўқ, ўша темир-терсакнинг ўзи. Кейин ўзим уйма-уй юриб, одамлардан илтимос қилиб, килосини 500 сўмдан сотиб олдим ва мактабига олиб бориб бердим, дейди Ҳайдаржон.

Унинг айтишича, бунинг устига ўқувчилар топиб борган металлоломнинг ҳар ўн килосидан бир килоси чиқитга чиқариляпти:

- Ҳайрон қолдим, ўзи аллакимлардан қидириб, пулимизга сотиб олиб берсагу, яна ўн килодан бир килосини скидкага чиқаряпти. Масалан, 30 кило топширса, 3 килоси скидга, яна уч кило топиб келасан, деб айтяпти. Аччиғим чиқиб ўқитувчисидан сўрасам, “ака энди хафа бўлмайсиз, ҳокимиятнинг топшириғи бу”, дейди.

Овози ёзиб олинмаслик шарти билан Озодликка гапирган Мирзачўл туманидаги мактаблардан бирининг директорига кўра, туман ҳокими бу топшириқнинг бажарилишини қатъий қилиб қўйган:

“Тўғрисини айтсам, биз ҳам безор бўлиб кетдик бу ишдан. Туман ҳокими ва унинг ўринбосари барча мактаб директорларига металлолом йиғишни мажбурий қилиб қўйган. Халқ таълими бўлимимиз мудири ҳам ўқитишни эмас, балки қачон металлолом планини бажарасан, деб сўрайди. Биз мактаб эмас, темир-терсак, бакалажка, шиша йиғадиган ташкилотга айланиб қолдик”, деди мактаб директори.

Озодлик ушбу масалага муносабат олиш учун Мирзачўл тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ашур Оқбўтаев билан боғланди. Ҳоким ўринбосари саволимизни обдон эшитгач, мажлисда эканлигини баҳона қилиб, алоқани узиб қўйди.

Ўзбекистонда ўқувчилардан металлолом, макулатура ёки обуна учун пул талаб қилиниши мамлакатнинг барча коллеж, лицей ва мактабларида мунтазам давом этаяпти.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг металлолом жамғариш ҳақидаги қарорини бажариш масъулияти, асосан, мактаб-коллежлар ўқитувчию ўқувчилари, тиббиёт муассасаларининг шифокору ҳамширалари зиммасига юкланган.

Кейинги пайтда ҳатто боғчаларга қатнайдиган болаларнинг ота-оналарига ҳам металлолом солиғи солинмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG