Линклар

logo-print

Тошкентда ўтказилган хатлов ортидан квартиралар ижараси арзонлади


Ўзини “Ўзбекистонда илғор уй-жой излагич”и, деб тақдим этадиган uybor.uz сайтининг ҳисоб китобича, 2016 йилнинг биринчи ойида Тошкент шаҳрида квартиралар ижара ҳақи ўтган йилнинг декабридаги нархларга нисбатан 12 %га арзонлаган.

Квартиралар ижараси бозоридаги бу кескин ўзгариш арафасида - 2015 йилнинг 10 ноябридан бошлаб - пойтахтда турар ва нотурар жойлар хатловдан ўтказилган эди.

Кейинги бир йил ичида Тошкентда уй-жойнинг қаттиқ валютадаги нархи ҳам сезиларли пастлагани кузатилди.

uybor.uz.нинг ҳисоб-китобича, январда Тошкент шаҳридаги квартираларнинг ижара ҳақи 1 кв. метри ўртача 6,1 шартли бирликка тенг бўлган.

Бу гапни сайтнинг “сиёсий-иқтисодий одоб” доирасидаги тилидан ўзбекчага таржима қилсак, ижаранинг ўртача нархини чиқариш учун квартиранинг умумий майдонини 6 доллару 10 центга кўпайтирасиз.

Ижара ҳақининг кескин – 18 % га пастлаши пойтахтнинг Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларида кузатилган.

Айтилишича, квартиралар ижараси қимматроқ юрадиган Миробод туманида ҳам пастлаш кузатилган. Бу туманда квартиранинг бир квадрати ўтган ойда 8 долларни ташкил қилган.

Миробод ва Мирзо Улуғбек туманларини “ижарада турадиганлар ҳудуди”, деб аташ мумкин. Чунки Тошкент бўйлаб ижарага бериладиган квартираларнинг 58% и шу икки туманга тўғри келади.

Ижара бозорида 2 ва 3 хонали квартиралар бозори чаққон. 2 хонали квартиранинг ўртача нархи 330 доллар, 3 хоналиники 528 доллардир.

Феруз массиви, Трактор заводи, Қорасув массиви, Сирғали тумани ҳамда Чилонзор ва Юнусободнинг баъзи қисмларидаги квартиралар ижараси нархи анча арзондир.

Тошкентлик адвокат Гулнора Оқилованинг айтишича, у яшайдиган Себзорда квартиралар ижараси нархи uybor.uz келтирган шаҳар бўйича ўртача нархдан пастроқ, лекин ўсиш бор.

- 2 хонали квартиранинг ижара нархи 200 – 250 доллар, бир йил олдин 100 доллар эди. 3 хоналининг шу кундаги ижара нархи 300 – 350, 1 хонали квартира 200 доллар, деди Тошкентлик адвокат Гулнора Оқилова.

Унинг айтишича, Себзордаги квартиралар ижараси чаққонлиги Чорсу бозорининг яқинлиги билан изоҳланади.

Гулнора Оқилова 2015 йилнинг сўнгги 2 ойида Тошкентда ўтказилган хатлов тўғрисида эслаб, бундай деди:

- 10 ноябрдан 25 декабргача Тошкентда хатлов ўтказилди ва уй-жойни ижарага берувчилар ва ижарага олувчилар текширилди.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, хатловни ўтказувчилар зиммасига

“эгасиз турар-жойларнинг пайдо бўлиши сабабларини аниқлаш, бўш турган ва ижарадаги хонадонларни аниқлаб, рўйхатини тузиш, эгаси аниқланмаган хонадонлар бўйича қонуний чоралар кўриш, ижарадаги хонадонларда яшовчиларнинг шахсига аниқлик киритиб, рўйхатини юритиш ишларини ташкил этиш вазифаси юклатилган” эди.

Айтилишича, туманлар ИИБларида “Объектни ижарага берувчи шахслар” ва “Объектни ижарага олувчи шахслар” электрон базаси яратила бошлаган.

Квартира ижараси нархларининг январда 12 %га арзонлашуви ноябрь-декабрда ўтказилган хатлов оқибатими ёки бу сўнгги бир йил ичида кузатилаётган тенденция давоми – бу ҳақда ҳозирча бир нарса дейиш қийин.

Пойтахтнинг иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар 2015 йил баҳоридан бошлаб муттасил пасаяётгани ва ноябрга келиб тақрибан 30 фоизгача тушиб кетгани тўғрисида Озодлик ўз вақтида хабар қилган эди.

Уй-жой олди-сотдиси билан шуғулланувчи тошкентлик риэлторлар ўшанда нархлар пасайиб кетганини пулнинг қора бозорида сўм қадрининг кескин тушиб кетгани ва натижада аҳоли харид қувватининг заифлашиб кетгани билан изоҳлаган эди.

XS
SM
MD
LG