Линклар

logo-print

Меркель Россиянинг Суриядаги хатти-ҳаракатларидан даҳшатга тушганини билдирди


Германия канцлери Ангела Меркель (ў) Туркия бош вазири Аҳмет Довудўғли билан, Анқара, 2016 йил 8 феврали.

Германия канцлери Ангела Меркель (ў) Туркия бош вазири Аҳмет Довудўғли билан, Анқара, 2016 йил 8 феврали.

Анқарада Туркия расмийлари билан учрашган Германия канцлери Ангела Меркель “асосан Россия томони амалга ошираётган” ҳаво ҳужумларидан “ўн минглаб одам” жабр кўраётганини айтди. Меркелга кўра, Россия ҳамда Сурия ҳаво ҳужумлари келтириб чиқараётган азоб-уқубатдан “даҳшатга” тушган.

Анқарада Туркия расмийлари билан учрашган Меркел 8 февраль куни “асосан Россия томони амалга ошираётган” ҳаво ҳужумларидан “ўн минглаб одам” жабр кўраётганини айтди.

Канцлер Германия ва Туркия декабрь ойида қабул олинган, оддий фуқароларни бомбардимон қилишни тўхтатишга чақирувчи БМТ резолюциясига амал қилинишига эришиш учун курашишини қўшимча қилди.

Ғарб мамлакатлари Россияни мунтазам равишда “Исломий давлат” ёки “Ал-Қоида” жангарилари ўрнига мўътадил мухолифатни нишонга олишда ҳамда Суриянинг ғарбий ва шимолий ҳудудларида юзлаб оддий фуқарони ўлдиришда айблаб келади.

Кремль эса бу айбловларни рад этиб, террорчи гуруҳларни бомбардимон қилаётганини айтиб келади.

Сурия ҳукумат кучлари Россия ҳаво ҳужумлари ёрдамида Суриянинг марказий ҳамда ғарбий қисмларида экстемистик гуруҳларга ҳамда мухолифатчи гуруҳларга бой берилган ерларнинг бир қисмини қайтиб олди.

Кейинги кунларда Башар Ассадга содиқ кучлар Ҳалаб шаҳри яқинида айрим ҳудудларни қўлга олди. Ҳалаб Суриядаги энг йирик шаҳар бўлиб, уни ҳукумат кучлари ҳамда мухолифатчилар талашиб келади.

Урушдан аввал 2 миллион аҳоли яшаган Ҳалабнинг қамал қилиниши ўн минглаб оддий фуқарони 40 км масофадаги Сурия-Туркия чегарасига қочиб боришга мажбур қилган.

Меркель чиқиш қилган кун Human Rights Watch (HRW) Россия-Сурия ҳарбий амалиётлари давомида 26 январдан бери камида 14 марта кассетали бомбалардан фойдаланилганини билдирди.

HRW билдирувида ҳужумлар натижасида 37 оддий фуқаро, жумладан, олти нафар аёл ва тўққиз нафар ёш бола ҳалок бўлгани, ўнлаб одам жароҳат олгани айтилади.

Кассетали бомбалардан фойдаланиш Россия ёки Суриядан бошқа 118 мамлакатда ман қилинган.

Россия армияси матбуот котиби Игорь Конашенков декабрь ойида Россиянинг Суриядаги ҳаво базасида кассетали бомба йўқлигини айтган эди.

Аммо, HRWга кўра, Россиянинг Суриядаги Хмеймим ҳаво базасида олинган сурат ва видеоларда кассетали бомбаларни кўриш мумкин.

HRWнинг Яқин Шарқ бўлими директори ўринбосари Надим Хурий “Суриядаги бўҳронни ҳал қилишга қаратилган ҳар қандай уриниш ҳозир амалга оширилаётган қирғинни ҳам ҳал қилиши керак. Россия билан Сурия кассетали бомбалардан фойдаланишни тўхтатса, шунинг ўзи илк яхши қадам бўлган бўларди”, деди.

Ангела Меркель билан бўлиб ўтган учрашувдан кейин Туркия бош вазири Аҳмет Довудўғли, зарурат туғилгудек бўлса, ўз мамлакати ҳаво ҳужумлари туфайли Ҳалабдан қочган 30 минг чоғли қочқинни қабул қилишга тайёрлигини билдирди.

Европа Иттифоқи Туркиянинг Европага йўл олаётган мигрантлар оқимини тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари эвазига мамлакатга 3 миллиард евро беришга рози бўлган.

Довудўғлининг айтишича, Туркия ва Германия НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг 11 февраль куни бўлиб ўтадиган йиғилишида суриялик мигрантлар оқимини ҳал қилишда ташкилот ёрдам беришини сўрайди.

“НАТОнинг кузатиш ва монитор қилиш механизмларидан чегарада ҳамда Эгей денгизида самарали фойдаланиш учун ҳамкорликда курашамиз”, деди Туркия бош вазири.

Озодликнинг инглиз хизмати ҳозирлаган ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG