Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:08

Қримликлар аламини куйлаган Жамала Евронигоҳга йўлланма олиши мумкин


Қўшиқчи Жамала.
Қўшиқчи Жамала.

Бу йил “Евронигоҳ” халқаро танловида Украинани тамсил этиши мумкин бўлган пешқадам даъвогарлар орасида қрим-татар миллатига мансуб Жамала ҳам бор. “1944” деб номланган қўшиғида Жамала совет диктатори Иосиф Сталин томонидан 1944 йилда оммавий равишда Ўрта Осиёга бадарға қилинган ўз халқи азоб-уқубатлари ҳақида фиғон қилади.

6 февраль куни “Евронигоҳ”га танловнинг Киевда ўтказилган биринчи ярим финалида 32 ёшли қўшиқчи Жамала ҳакамларнинг энг юқори баҳосига эга бўлди (9 балл) ва телетомошабинлардан ҳам энг кўп, яъни 160 мингта СМС йиғди.

Қўшиқчининг миллатдошларидан кўпи 2014 йилда Россия томонидан аннексия қилинган Қримда яшагани учун улар СМС овоз беришда иштирок эта олмаганлар.

- Жуда афсусдаман. Мени қўллаганларнинг кўпи айнан Қримда эканини биламан. Менга уларнинг жуда кўпи хат ёзишди, қабул қилинмаса ҳам, мени қўллаганлари учун СМСлар юборишибди. Мен уларга: “Пулингизни ҳавога сарфлайсиз, СМСлар ҳисобга олинмайди” десам ҳам, барибир юборишибди, - деди Жамала Озодликнинг украин хизматига берган интервьюсида.

Жамаланинг ярим финалдаги чиқиши давомли олқиш ва шов-шувга сабаб бўлди.

- Сен бугун менга мусиқа воситасида Қримни йўқотганимиздан пайдо бўлган дард-оғриқни англатган бўлдинг. Мен сен билан биргаликда юм-юм йиғладим, - деди жюри аъзоси ва Евронигоҳ-2004 ғолибаси бўлган Руслана Лижичко Жамала ўз қўшиғини ижро этиб бўлганидан сўнг.

“1944” деб номланган, сўзлари инглизча, нақорати эса қрим татарча бўлган композицияда 1944 йил майида 250 минг чоғли қрим татари юртидан бадарға этилгани ҳақида ҳикоя қилинади. Совет ҳукумати уларни немис истилоси пайтида нацистлар билан ҳамкорлик қилганликда айблаган ҳамда Марказий Осиё ва Россиянинг чекка ҳудудларига депортация қилиш ҳақида буйруқ берган.

Ҳушинг қайда қолди сенинг? Инсоният хўнграйди,

“Худоман” деб ўйлайсиз, аммо сиз ҳам фонийсиз,

Қалбимни, қалбимизни ҳаргиз юлиб олмангиз,

дея инглизча куйлаган Жамала нақоратда қрим татар тилида “Ёшлигимга тўёлмадим,//Мен бу ерда яшолмадим”, дея афғон чекади.

Депортациядан кейин ўтган икки йил ичида ватанидан бадарға қилинган қрим татарларнинг 30 фоиздан 50 фоизгачаси ўлиб кетгани айтилади. 2015 йил ноябрида Украина парламенти Қрим татарларнинг 1944 йилдаги депортациясини “геноцид” ўлароқ тан олиш ҳақидаги қарорни маъқуллаган.

- Бу қўшиқ ҳақиқатан менинг оилам, менинг бувим ҳақида. Бу ҳақда ёзмасам бўлмасди. Мен бу фожиани ёзаётган пайтимда ҳам, саҳнада куйлаётган пайтимда ҳам ич-ичдан ҳис қилиб турдим. Бу бир бағишлов қўшиқ эди. Мен уни куйлашга қийналдим, - дейди Жамала Озодликка берган интервьюсида.

“1944” композициясини эшитган Жамаланинг миллатдошлари ижтимоий тармоқларда бу қўшиқ бугунги кунда яриморолда Россия расмийлари томонидан қрим татарлари ҳақларининг топталишини ҳам акс эттирганини ёзмоқдалар. Бу фикрга Жамала ҳам қўшилади.

- Ҳозир қрим татарлари оккупация қилинган ҳудудда яшаяптилар, уларга жуда ҳам қийин. Улар катта босим остида қолганлар, улар изсиз ғойиб бўлмоқдалар. Бу даҳшатли бир ҳол. Мен тарих такрорланишини истамасдим, - дейди Жамала.

Асли исми Сусана Жамаладинова бўлган қўшиқчи 1983 йили Қирғизистонда туғилган. У болалигидан мусиқа билан шуғуллана бошлаган. Аждодлари бадарға қилинган Қирғизистондан оиласи билан ватанга - Қримга кўчиб келган Жамала аввал Симферополь мусиқа билим юртида, кейин эса Киев Миллий мусиқа академиясида опера қўшиқчилиги бўйича таҳсил олган.

Украинада “Евронигоҳ”га танловнинг финал босқичи 21 февраль куни ўтказилиши кутилмоқда. Шу куни украиналиклар ўз мамлакатларини халқаро танловда тамсил этажак қўшиқчини танлайдилар.

XS
SM
MD
LG