Линклар

logo-print

Этник руслар Қозоғистонни тарк этмоқда


Татиан Пикулина Қозоғистонни тарк этаётганлардан руслардан бири.

Татиан Пикулина Қозоғистонни тарк этаётганлардан руслардан бири.

2015 йилнинг илк тўққиз ойи давомида собиқ совет мамлакатларида яшаётган русларларни Россияга кўчириб ўтказиш дастури орқали тахминан 19 минг этник рус Қозоғистонни тарк этган. Озодликнинг қозоқ хизматига кўра, ҳозирги кунда Остонадаги Россия элчихонаси олдида жуда кўп одам навбат кутмоқда.

Мамлакатни тарк этишга қарор қилган руслар интервьюдан ўтиш учун ойлаб кутишга мажбур бўлмоқда.

Иван Малихин Қозоғистонни тарк этишга қарор қилган этник русларнинг биридир. Озодлик билан суҳбатда Малихин илк бор ариза топширганида кутиш муддати икки ой бўлганини айтди.

“Ҳужжатларимни олгани борганимда эса кутиш муддати бир неча ойга узайган эди. Июнда ҳужжат топширганлар январгача кутишга мажбур бўлмоқда”, деди у.

24 ёшга тўлган Ирина Смирнова ҳам ватани Қарағандани тарк этиб, Челябинскка бормоқчи.

Озодликка берган интервьюсида Смирнова эндигинда университетни тамомлаганини ва карьерасини Россияда бошлашни исташини айтди.

Афтидан, Қозоғистонни тарк этаётган этник руслар сони шунчалик кўпки, қабул навбатини пуллаётганлар пайдо бўлди. Бундай шахслар бир неча ой аввал қабулга ёзилади ва кетишга ошиқаётган русларга ўз ўрнини сотади.

Малакали ишчилар

2014 йил Украина шарқида Россия дастаклаётган айирмачилар Донецк ҳамда Луганск вилоятларини қўлга олиши ортидан Қозоғистон ҳукумати мамлакатдаги этник руслар ҳақида хавотирга тушганини эътиборга оладиган бўлсак, кўп сонли русларнинг тарк этаётгани Қозоғистон учун ижобий ўзгаришдир. Қозоғистоннинг Россия билан чегарадош ҳудудларида этник руслар кўпчиликни ташкил қилади.

Аммо мамлакатни тарк этаётганларнинг аксари малакали ишчилар бўлиб, улар орасида шифокорлар, ўқитувчилар ҳамда бошқа профессионаллар бор. Қозоғистон улар ўрнини эгаллай оладиган мутахассисларни қандай суратда топа олиши ҳозирча номаълум.

Қозоғистон Иқтисод вазирлиги статистика қўмитасининг Озодликка билдиришича, 2014 йил тахминан 24 минг этник рус Россияга кўчиб ўтган. Статистика қўмитаси ходими Эрболат Мусабеков русларнинг тарк этаётганига катта аҳамият бермаслик кераклигини айтди. “Бу унча катта кўрсаткич эмас. 2005, 2006 йилларда бундан кўп одам тарк этган: 56 минг, ҳатто 65 минг”, деди у.

Олмаотадаги Россия элчихонаси Озодликка 2007 йилдан бери 375 минг қозоғистонлик Россияга кўчиб ўтганини билдирди. Россия Федерал миграция хизматидан олинган маълумотларга кўра, кейинги йилларда Россияга қайтган этник русларнинг деярли 30 фоизини қозоғистонликлар ташкил этади.

Қозоғистон 1991 йил мустақилликка эришганидан бери руслар мамлакат аҳолисининг 40 фоизини ташкил қилган. Иқтисод вазирлигидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирда бу кўрсаткич 21 фоизга тушиб қолган.

Қозоғистон ҳукуматининг мамлакатдаги этник руслар ҳақидаги хавотирларига қайтадиган бўлсак, русларнинг тарк этаётгани мамлакат аҳолиси сонини кескин озайтирмайди. 9 февраль куни Қозоғистон Соғлиқни сақлаш ҳамда ижтимоий ривожланиш вазирлиги мустқиллик йилларида тақрибан 1 миллион этник қозоқ Қозоғистонга қайтгани ҳақида хабар берди.

Яқинда Озодликнинг қозоқ хизмати тайёрлаган Қозоғистон шимоли-шарқида жойлашган Петропавловск шаҳрини тарк этиб, Россияга йўл олганлар ҳақидаги видеолавҳани қуйида томоша қилишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG