Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:51

HRW: Украинадаги уруш давомида юзлаб мактаб вайрон бўлди


Уруш ғорат қилган Донецкдаги боғчалардан бири (2015 йил 26 октябрида олинган сурат).
Уруш ғорат қилган Донецкдаги боғчалардан бири (2015 йил 26 октябрида олинган сурат).

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти томонидан 11 февраль куни эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, Украина шарқидаги уруш давомида юзлаб мактаб, жумладан, ҳар икки тараф ҳарбий мақсадларда фойдаланган кўплаб мактаб йўқ қилинган.

HRWнинг “Ҳужумлар остида ўқиш: Украина шарқидаги ҳарбий конфликт давомида мактабларга қилинган ҳужумлар ва мактаблардан ҳарбий мақсадларда фойдаланишлар” деб аталувчи ҳисоботида ёзилишича, омон қолган мактабларда ўқувчилар хавф-хатар ичида, кўп ҳолларда тиқилишиб таҳсил олишга мажбур бўлмоқда. Кўпчилик ўқувчи эса ўқишни бутунлай ташлашга мажбур бўлган.

Ҳисобот ҳукумат кучлари ҳамда Россия дастаклаётган айирмачиларни болалар хавфсизлигини таъминлаш ва таълим олиш имконини яратиш учун чора кўришга ҳамда мактаблардан ҳарбий мақсадларни фойдаланишни тўхтатишга чақиради.

“Можарода иштирок этаётган барча тарафлар болаларни ҳимояга қилишга, ўз адоватлари болаларнинг хавфсизлиги ва таълимига зиён етказмаслигига эътибор беришга масъулдир”, дейилади маркази Нью-Йорк шаҳрида бўлган HRW ҳисоботида.

HRW ходимлари 41 мактаб ва болалар боғчасига ташриф буюрган, 62 ўқувчи, ўқитувчи, директор ва гувоҳдан интервью олган. Ташкилот ҳам ҳукумат бошқарувидаги, ҳам айирмачилар назорати остидаги ерларда мактаблар ҳужумга учраганини ҳужжатлаштирган.

HRWнинг украиналик тадқиқотчиси Юлия Горбунова Озодлик билан суҳбатда ҳар икки тараф мактаблардан ҳарбий мақсадларда фойдаланганини, мактаблар ичида ва яқинида ҳарбий амалиётларни амалга оширганини айтди.

“Мактаблардан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш уларни легитим ҳарбий ҳадафга айлантирган ва уларнинг ҳужумга учраб, йўқ қилиниши хавфини оширган,” деди Горбунова.

Ўзаро кураш олиб бораётган кучлар конфликт давомида зарар кўрган бошқа мактаблардан фойдаланмаган. Шу сабаб улар “легитим” ҳарбий ҳадафга айланмаган.

“Биз тартибсиз ҳужумлар қилинган ҳоллар бўлганини аниқладик. Уларни ҳужжатлаштирдик. Тўқнашувда иштирок этаётганлар ҳарбий ва ноҳарбий ҳадафларни ажратиб ўтирмаган ҳоллар жуда кўп учрайди”, деди Горбунова.

2014 йилнинг апрель ойида бошланган тўқнашувлар натижасида 9 мингдан зиёд ҳарбий ва оддий фуқаро ҳалок бўлди. 2015 йилнинг сентябрь ойида кучга кирган оташкесим тўқнашувларни сезиларли даражада озайтирди, лекин оташкесим шартларини бузиш ҳоллари тез-тез учраб туради, можарони ҳал қилишга қаратилган келишувга эса деярли амал қилингани йўқ.

Ҳисоботда Донецк вилоятининг Киев назорати остидаги Краснохоривка шаҳарчасида жойлашган мактаб 2015 йилнинг июнида айирмачилар тарафидан артиллерия ҳужумига учрагани ҳақида ҳикоя қилинади. 3-сонли мактаб украин ҳарбий текширув пунктидан 700 метр нарида жойлашган бўлган.

Озодлик билан суҳбатда Горбунова “Жуда шиддатли артиллерия ҳужуми бўлган, мактаб кўп марта, қайта-қайта ҳужумга учраган. Ҳарбий текширув пунктига эса бирорта ўқ тегмаган. Шундай экан, бу ҳужум қилганларнинг мўлжалга олиш қобилияти жуда-жуда ёмон эканлигини ёки улар мактабни атайин мўлжалга олганини англатади”, деди.

Ҳисобот бундай институтларни ўққа тутиш уруш қонунларида ман қилингани ва уруш жиноятлари сифатида жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради.

Ҳужжатда яна Украина армияси мактабларни эгаллаб олган, “кўп ҳолларда мактаб мебелларини, жумладан, синф эшиклари, стул ва столларни синдирган ёки ёқиб юборган” ҳоллар ҳам қайд этилган.

Ҳисоботда ёзилишича, кўп ҳолларда ҳарбийлар мактабларда оғир артиллерия ёки қўлланилмаган ўқ-дориларни қолдириб кетган.

Ҳисоботга кўра, Украина Таълим ва илм-фан вазирлиги HRW билан ўтказган учрашувларида ҳукумат кучлари мактаблардан ҳарбий мақсадларда фойдаланганини тан олган.

HRW ҳар икки тарафни болалар хавфсизлиги ва таълим олиш имкониятини ҳимоя қилишга ҳамда мактаблардан ҳарбий мақсадларда фойдаланмасликка чақирар экан, Украина расмийларини халқаро “Хавфсиз мактаблар декларацияси”га амал қилишга чорлайди. Бу декларация Норвегияда 2015 йилнинг май ойида бўлиб ўтган конференцияда таклиф қилинган. Ҳозиргача уни 51 давлат имзолади.

Озодликка берган интервьюсида Горбунова Киев декларацияни қўллашга розилик билдирганини айтди.

“[Декларацияни имзолаш учун] аниқ кун белгилангани йўқ ҳали, лекин биз бунга эришиш учун ҳукумат билан иш олиб боришда давом этамиз. Яқин келажакда ўз мақсадимизга эришамиз, деб умид қиламиз”, деди Юлия Горбунова.

Ҳисобот айирмачиларни ҳам декларациянинг мактаб ва университетлардан ҳарбий мақсадларда фойдаланмасликка чорловчи принципларига амал қилишга чақиради.

Горбунова айирмачилар бу принципларга амал қилаётганини муайян чора-тадбирлар билан исботлаши кераклигини айтди.

“Биз жангариларни декларацияни расмий тарзда маъқуллашга чақира олмаймиз, чунки улар расмий ҳукумат вакиллари эмас. Шундай бўлса-да, биз уларни белгиланган йўл-йўриқларга амал қилишга ва ўз бошқарувларидаги барча кучларга мактаблардан ҳарбий мақсадларда фойдаланишга барҳам беришни буюришга чорлай оламиз”, деди у.

XS
SM
MD
LG