Линклар

logo-print

Тошкентда одам савдосида айбланган собиқ милиционер ва шериклари судланди


Ўзбекистонда 2013-2015 йиллар орасида юртдошларини Қозоғистон ва Россияга ноқонуний равишда жўнатиш билан машғул бўлган гуруҳ устида ҳукм ўқилди. Sputnik нашрининг хабар қилишича, одам савдосида айбланган бу гуруҳ аъзоларидан бири собиқ милиционер бўлган.

Тўрт кишидан иборат жиноий гуруҳ фаолиятини текширган терговчилар ундаги ҳар бир аъзонинг ўз вазифаси бўлган, деган хулосага келганлар.

Хусусан, Фазлиддин Ҳусанов хорижда ишлашни истаган кишилар рўйхатини тузиш билан шуғулланган. Бунинг учун у алоҳида дафтар тутган ва бу ўзига хос “маълумотлар омбори”да муҳожирларнинг исм-фамилиясидан ташқари уларнинг жўнаш ва чет элдаги иш жойига етиб бориш муддатлари ҳам батафсил ёзилган. Гуруҳ бухгалтерияси билан ҳам шу одам шуғулланган.

“Пойтахтда асосан Фарғона водийсидан келган одамларни махсус жойларда йиғиш ишлари учун Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг собиқ ходими Қобил Толипов масъул бўлган.

Толипов шериги тузган рўйхат бўйича одамларни “Қўйлиқ” бозори олдида тўплаган ва уларни ўзининг “Дамас” автомашинасида ўзбек-қозоқ чегарасидаги чегара-назорат масканига қадар олиб борган”, деб ёзади Sputnik нашри ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси сўзларига таянган ҳолда.

Гуруҳдаги Ҳасан Файзиев зиммасига эса эса меҳнат муҳожирларини “Ғишткўприк” чегара-назорат пунктидан ўтказиб, қозоғистонлик шериклари қўлига топшириш вазифаси тушган.

Тергов маълумотларига кўра, Файзиев ҳуқуқ-тартибот идораларида таниш-билишларга эга бўлган, бу эса жиноятчиларнинг маълум муддатгача жавобгарликдан қутулиб қолиши учун замин яратган.

Гуруҳнинг тўртинчи аъзоси Олимжон Ортиқбоев вилоятлардан “жонли товар” етказиб бериш билан шуғулланган. Шунингдек, у хорижга кетишни истаган муҳожирлар тўпланадиган ва вақтинча яшаб турадиган жойларда назоратчи вазифасини ҳам бажарган.

Гуруҳнинг барча аъзолари Тошкент вилоятида яшаганлари, муҳожирлар тўпланадиган масканлар ҳам шу вилоятда бўлгани айтилмоқда.

Жиноий гуруҳ муҳожирларнинг сўнгги партиясини Қозоғистонга 2015 йил май ойида чиқарган ва ўша пайтда ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олинган.

Мазкур иш бўйича маҳкама жараёнида гуруҳ аъзолари айбларига тўла иқрор бўлганлар ва қилмишларидан пушаймон эканларини билдирганлар.

“Тўртала жиноятчи ҳам Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилди” деб ёзган Sputnik нашри гуруҳ аъзоларининг қайси бирига қандай жазо берилганига аниқлик киритмаган.

XS
SM
MD
LG