Линклар

Укаси ва қариндошларини сотиб юборган қашқадарёлик йигит 5 йилга кесилди. Андижонда долларни қалбакилаштирган гуруҳ ушланди. Ҳужжатсиз киракашлар касрига қонуний такси корхоналари касодга учрамоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Янги электрон газ ҳисоблагич ўғирликларни камайтиради

Жорий йилдан Тошкент шаҳри ва вилояти, биринчи галда Юнусобод ва Қибрай туманлари хонадонларида электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатила бошлайди (“Оила даврасида”, 11 февраль). “Ўзтрансгаз” компанияси бошқарма бошлиғи Эркабой Алиевга кўра, 2017 йилгача мамлакатдаги 1 миллион 172 минг абонент тўлиқ электрон ҳисоблагичга ўтказилади. Истеъмолчида газ сарфи бўйича қарздорлик юзага келса, электрон ҳисоблагич автоматик равишда табиий газни блок ҳолатига туширади. Пул тўланганидан кейин газ узатиш яна автоматик равишда тикланади. Шу билан бирга, янги ҳисоблагичлар воситасида газдан ўғринча фойдаланишга чек қўйиш кўзда тутилган.

Долларни қалбакилаштирган гуруҳга наманганлик аёл бошчилик қилган

Андижон вилоят прокуратураси катта миқдордаги АҚШ долларини қалбакилаштирган жиноий тўдани фош қилди (“Ҳуқуқ”, 11 февраль). Жиноий гуруҳга асли наманганлик, Туркиянинг Истанбул шаҳрида яшаган Унсин Раҳимова бошчилик қилган. Раҳимова Туркияда терговда аниқлаш имкони бўлмаган йўллар билан тайёрланган сохта долларларни ёрдамчилари орқали Ўзбекистонга олиб кириб тарқатган. Шу тариқа Ўзбекистоннинг турли бозорларида 80 минг АҚШ доллари миқдоридаги сохта банкнотлар муомалага киритиб юборилган. Жиноий ишнинг бошқа тафсилотлари маълум қилинмаган. Қайд этилишича, жиноий тўда аъзолари қилмишига яраша жазоланган.

“Ислом давлати” ижтимоий тармоқлар орқали 17-40 ёш оралиғидаги кишиларни ўз сафига оғдирмоқда

WhatsApp айни пайтда Ўзбекистонда энг кўп юклаб олинаётган дастур саналади. Шу билан бирга Telegram ҳам кенг оммалашган ижтимоий тармоқлардан ҳисобланади. Ҳар куни 3000 ўзбекистонлик Telegram’га аъзо бўлмоқда (“Постда”, 6 февраль). Тошкент ислом университети тадқиқотчиси Комилжон Шермуҳаммедовга кўра, ижтимоий тармоқлар одамлар оғирини енгил қилиш баробарида, миллатлар ва динлар ўртасида низо ҳамда адоват уйғотувчи хабарлар макони бўлиб қолмоқда. Масалан, “Ислом давлати” жангари гуруҳи 17-40 ёш оралиғидаги кишиларни ижтимоий тармоқлар орқали ўз сафларига оғдирмоқда. Шу сабабли мутахассис ижтимоий тармоқда онгли равишда фойдаланишни тавсия этган.

Ўзбекистон меҳнат мигрантларини юбориш бўйича Польша ва Уммон давлатлари билан музокаралар олиб бормоқда

Ўзбекистон меҳнат мигрантларини юбориш бўйича Польша ҳамда Уммон давлатлари билан музокаралар олиб бормоқда (“Халқ сўзи”, 10 февраль). Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги юристи Азиз Инаков маълум қилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқароларининг Россияда ишга ёллашни ташкиллаштириш тўғрисидаги битим лойиҳаси кўриб чиқилиш босқичида турибди. Агентлик вакили Ўзбекистон меҳнат миграцияси бўйича Корея билан ҳамкорлигига ҳам алоҳида тўхталган. Қайд этилишича, Жанубий Кореяда айни пайтда 15,1 мингдан ошиқ ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда.

Укаси ва қариндошларини сотиб юборган қашқадарёлик йигит 5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Қашқадарё вилояти Косон тумани Янгиобод маҳалласида яшаган Мадраҳим Нодиров одам савдосида айбланиб 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Қарши тумани прокурори Акмал Сайфиддиновнинг “Ҳуқуқ” газетасига маълум қилишича, судланувчи М.Нодиров мўмай даромадли иш бор дея ваъда бериб, туғишган укаси Акмал Нодиров, жиянлари Ж.Миркуётов, Б.Жумақулов ва яна олти нафар маҳалладошини Қозоғистон фуқароларига сотиб юборган. Жабрдийдалар Ўзбекистонга қайтгач, ҳуқуқ идораларига мурожаат этган ва М.Нодиров маҳкамага тортилган.

Беҳаё видеоси тарқалган хонанда Тамиллани қўллаб-қувватлаган Лола Йўлдошевага чора кўрилиши мумкин

Беҳаё видеоси тарқалган хонанда Тамилланинг хатти-ҳаракатини ижтимоий тармоқлар қўллаб-қувватлаган хонандалар Лола Йўлдошева ва Азиза Низомовага чора кўрилиши мумкин (“Даракчи”, 11 февраль). “Инстаграмда хонандалар Л.Йўлдошева ва А.Низомова ҳамкасбининг хатти-ҳаракатини қўллаб-қувватлаяпти. Бу уят-ку! Аксинча, Тамиллани тартибга чақириш ўрнига тарафкашлик қилишяпти. Яқин кунларда шу масала юзасидан катта йиғилиш ўтказишни режалаштирганмиз... Уларга бундай беҳаёликни қўллаб-қувватлашни қатъиян ман қиламиз”деган “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси лицензия бўлими бошлиғи Одил Абдуқаҳҳоров. Жорий йил 27 январь куни Телеграм тармоғида хонанда Тамилла акс этгани тахмин қилинаётган икки беҳаё видео тарқалди. Бунинг ортида хонанданинг лицензияси бекор қилинган.

Ҳужжатсиз киракашлар касрига қонуний фаолият юритаётган такси корхоналари касодга учрамоқда

Тошкент шаҳрида шахсий автомобилида киракашлик қилаётган ҳайдовчилар кўпайгани сабабли қонуний тарзда фаолият юритган такси корхоналари касодга учрамоқда (“Тошкент оқшоми”, 9 февраль). Шаҳар ҳокимиятга нашрига кўра, лицензиясиз киракашлик қилаётган ҳайдовчилар бюджет тушумларини камайтириб қолмай, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши ҳамда автоҳалокатларга сабаб бўлмоқда. “Аҳоли ўртасида йўналишсиз таксига эҳтиёж кўпаяётганидан фойдаланиб, шахсий автомашинасида киракашлик қилаётганлар кўпайгандан кўпайди. Халқ ҳам уларни таниб қолди: уларга “учарлар” деб от қўйиб олган” деб ёзади газета. Қайд этилишича, ноқонуний кира қилаётган шахсларга қарши рейдлар ўтказилмоқда. 2015 йилнинг 11 ойида ноқонуний йўловчи ташиётган 1200 дан ошиқ енгил автомобиль ҳайдовчисига 894 миллион сўмлик жарима солинган.

XS
SM
MD
LG