Линклар

Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги 64/48 сонли қамоқхона маъмурияти 11 февраль куни маҳкум 44 яшар Достон Абдураҳмоновнинг вафот этгани ҳақида унинг яқинларига хабар қилди. Диний айбловлар билан қамалган, 9 йиллик жазо муддати 17 йилга чўздирилган Достон Абдураҳмоновнинг қийноқлардан вафот этгани иддао қилинмоқда.

Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги 64/48 сонли қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган 44 яшар Достон Абдураҳмоновнинг вафот этгани ҳақида 11 февраль куни унинг Тошкент вилояти Чиноз туманида истиқомат қиладиган оиласига қамоқхона маъмурияти хабар берган.

Пайшанба куни марҳумнинг уйига борган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, Достон Абдураҳмоновнинг жасади ҳали олиб келингани йўқ:

- Менга хабар беришди, кейин ўзим бордим Чинозга. Уйдагилари жасадни олиб келгани кетишган экан. Мен бу оилани яхши биламан. Достон диний айбловлар билан қамалган эди,- дейди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ фаоли маҳкумнинг қийноқлардан ўлганини иддао қилади:

- Бу боланинг қийноқдан ўлгани аниқ. Нега бундай деяпман, чунки уни илгари бориб кўриб келган яқинлари унга нисбатан қийноқлар қўлланилганини кўп марта айтган. Мана, уч ой олдин гўёки колонна тартибини бузгани учун учинчи марта яна уч йил қўшиб берилган эди. У 46-дан 48-колонияга этап қилинган эди. Этапда маҳкум бир ой карантинда ўтиради. Карантинда диний айбловлар билан қамалган маҳкумлар қийноққа солинишини яхши биламиз. Қамоқдаги ўлимларнинг аксарияти мана шунақа раскрутка қилинган пайтда бўлади, деди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, айни пайтда марҳумнинг уйида милиция ходимлари навбатчилик қилмоқда:

- Чиноз милицияси жуда қаттиқ турибди. Милиция ходимлари келиб, уйдагиларга телефонларини ўчиришни ва бу ҳақда ҳеч қайси бир қариндошга хабар бермасликни буюрган. Одатда бунақа жасадларни ярим кечаси олиб келишади ва милиция бошида туриб эрта тонгда кўмдириб юборади,- дейди Суръат Икромов.

“Ҳизб ут таҳрир” диний оқимига аъзоликда айбланган Достон Абдураҳмонов 1999 йилда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159, 244- моддаларига кўра 9 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Достон Абдураҳмонов 2008 йилда озодликка чиқиши керак эди. Лекин у қамоқда уч марта раскрутка қилинган ва яна 9 йил қўшиб берилган.

Суръат Икромовнинг айтишича, сўнгги пайтда Ўзбекистондаги қамоқхоналардан маҳкумларнинг ўлиги чиқиш ҳолатлари кўпайган:

- Қамоқхоналардан жасадлар чиқиши кўпайса кўпаяяптию, лекин камаймаяпти. Сўнгги пайтда, ИШИД баҳонасида диний айбловлар билан қамалганларга нисбатан қийноқлар кўпайди, дейди Суръат Икромов.

Ўтган ҳафтада Навоийдаги қамоқхонадан диний экстремистик гуруҳга аъзоликда айбдор деб топилиб, 9 йилга қамалган 42 ёшли Маҳмуджон Ҳасановнинг ҳам жасади чиққан эди.

Халқаро ташкилотлар ҳам Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳкумлар мунтазам қийноққа солиниши ҳақида бонг уриб келади.

Халқаро Қизил Хоч ëки БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси учун ëпиқ қолаëтган Ўзбекистон қамоқхоналаридаги инсон ҳуқуқларига оид вазият ташвишга солаётганини билдирган.

Мазкур ташкилот вакиллари Ўзбекистон қамоқхоналарига бориб, у ердаги ҳақиқий аҳвол, хусусан, қийноқлар вазиятини ўрганишга бир неча йилдан бери уринаëтгани, бироқ ҳозирча сўровлари жавобсиз қолаëтганини айтиб келишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG