Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:31

Тихонов Ўзбекистонни тарк этишига "Замондош" мақоласи сабаб бўлганини иддао қилмоқда


Ҳуқуқ ҳимоячиси Дмитрий Тихонов
Ҳуқуқ ҳимоячиси Дмитрий Тихонов

Ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Дмитрий Тихонов мамлакатни тарк этди. Озодликка 12 ферваль куни қўнғироқ қилган Тихонов ҳозирда қайси мамлакатда эканини ошкор қила олмаслиги, Ўзбекистонни тарк этишига эса, ўзига нисбатан милиция ходимлари тарафидан таъқибларнинг кучайгани сабаб бўлганини билдирди. Ўтган йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнат муаммосини ёритиши ортидан безориликда айбланиб, маъмурий жавобгарликка тортилган Тихонов бу таъқибларнинг кучайишига, хусусан, “Замондош” сайтида чиққан "туҳмат мақолалар" ҳисса қўшганини ҳам таъкидлади.


Ангренлик ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов Озодликка 12 февраль куни қўнғироқ қилиб, Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганини билдирди. Тихонов мамлакатни қачон тарк этгани ва ҳозирда қаердалигини очиқлай олмаслигини билдирди.

Лекин ҳуқуқ фаоли Ўзбекистондан чиқиб кетишига ҳуқуқ-тартибот идоралари тарафида таъқибларнинг кучайгани сабаб бўлганини билдирди. Тихонов 11 февраль куни Озодлик сайтида эълон қилинган ўзбекистонлик журналист Галима Бухорбоева “Замондош” сайти устидан судга мурожаат қилгани тўғрисидаги хабарга муносабат билдириш истагида таҳририятимизга мурожаат қилишга қарор қилганини айтади.

Тихоновнинг иддао қилишича, Ўзбекистонни тарк этишига сабабчи бўлган таъқибларнинг кучайишига “Замондош” сайтида у ҳақда эълон қилинган бир неча “туҳмат” мақола ҳисса қўшган.

- Менинг ҳам “Замондош” сайтига ўзимнинг эътирозларим бор. Бу сайтда март ойида мен ҳақимда мақола чиқди ва унда мени биринчи бор миллатчиликда айблашган эди. Мен ўшанда Ангренда ҳайкал бузилгани ҳақида Фергана.ру сайтида мақола эълон қилган эдим. Ўтган йилнинг 20 декабрида эса, айни сайтда яна бир мақола чиқди. “Замондош” сайтида ўзини Игорь Голенко деб таништирган муаллиф ўз мақоласига: “Ҳуқуқ-тартибот идоралари қачонгача Дмитрий Тихонов фаолиятига бармоқ орасидан қарайди?”, деб сарлавҳа қўйган эди, дейди Тихонов.

Ҳуқуқ фаолининг иддао қилишича, бу мақолада унга нисбатан террорчилик ва конституциявий тузумга тажовуз айбловлари илгари сурилиши ортидан милиция ходимлари тарафидан таъқиблар кучайган.

- Бу мақоланинг Голенко исмли муаллифи мени идеологик диверсант, деб атаган ва менинг бутун фаолиятим амалдаги ҳокимият ва конституциявий тузумга қарши қаратилганини ёзади. Бундан ташқари мақола муаллифи ўтган йили ёниб кетган Ангрендаги уйимдан портловчи мосламалар ясаш бўйича инструкциялар топилганини иддао қилади ва мени қонунга кўра жавобгарликка тортишни талаб қилади. Бу мақола мен учун мамлакатни тарк этишим кераклиги тўғрисида мужда бўлди. Бу тахминларим тўғри бўлиб чиқди. Чунки Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, ўтган бир ой давомида милиция ходимлари менинг танишларим ва дўстларимнинг уйларига бориб, “кимда-ким Тихоновни яширса унинг жиноятига шерик бўлади. Унинг уйидан портловчи мослама ясаш бўйича инструкциялар чиққан”, дея қўрқитиб юрган экан. Яъни “Замондош”да чиққан туҳмат айбловларни энди менинг зиммамга юклашмоқчи,- дейди Тихонов.

Ҳуқуқ фаоли ўтган ҳафта ўз адвокати орқали Игорь Голенко исмли мақола муаллифи устидан ҳуқуқ-тартибот идораларига туҳмат қилганлик бўйича шикоят аризаси билан мурожаат этганини қўшимча қилди.

Шу ҳафта бошроғида ўзбекистонлик журналист, бундан ўтган йилнинг бошида Uznews.net сайти бош муҳаррири бўлган Галима Бухорбоева “Замондош” сайтида берилган қатор мақолаларда ўзига нисбатан туҳмат маълумотлар берилганини даъво қилиб, нашр муассиси, Ҳолландияда муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик журналист Ризо Обид устидан судга мурожаат қилди.

12 февраль куни Озодлик "Замондош" сайти бош муҳаррири ва эгаси Анвар Каримовдан бу эътирозлар хусусида изоҳ беришни сўради. Каримов ўз сайтида эълон қилинган материалларни ҳуқуқ фаоли Тихонов инкор қила олса, раддия беришга тайёрлигини билдирди.

- Биз жаноб Тихоновдан шу пайтгча қадар, март ойида мақола қўйилган бўлса ҳам, ҳеч қандай хат олмаганмиз, даъво олмаганмиз. Агар ўз даъволари бўлса, ёки шу авторга нисбатан раддия бермоқчи бўлсалар, биз Дмитрий Тихоновнинг мақолаларини қўйишга тайёрмиз, дея таъкидлади Анвар Каримов.

Ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов 2015 йилги пахта мавсумида ҳукумат одамларни мажбуран далага чиқараётгани ҳолатларини ёритгани ортидан маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланиб, судга тортилган эди. Ўшанда номаълум вазиятларда фаолнинг Ангрендаги уйи ёниб кетган эди.

XS
SM
MD
LG