Линклар

logo-print

Брайан Уитмор

Кейинги пайтларда Кремль расмийси ҳақиқатни гапирса, суйиниш керак бўлиб қолди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова шу ҳафта бошроғида НАТОнинг Шарқий Европанинг олти мамлакатида – Болгария, Польша, Руминия, Эстония, Латвия ва Литвада – ҳаво, денгиз ва пиёда қўшинларни жойлаштириш режаси Россияни “жиловлашга” қаратилган, деган фикрни илгари сурди.

Ҳа, чиндан ҳам шундай. Агар Россия Қримни аннексия қилиб олмаганида, Донбасда уруш бошламаганида ҳамда Болтиқ бўйи мамлакатларига таҳдид қилмаганида, НАТО бундай қарорга келмаган бўларди.

НАТОнинг бу режасидан ташқари, АҚШ ҳам Европа мудофаасига ажратадиган маблағини тўрт баробарга ошириб, 3,4 миллиард доллларга етказди. Бундан ташқари, АҚШ Европага, жумладан, Болтиқбўйи давлатларига 6 минг аскар жўнатмоқчи.

Буюк Британия ҳам Шимолий Атлантика, Шимолий денгиз, Болтиқбўйи мамлакатлари ҳамда Ўрта Ер денгизига бешта ҳарбий кемани юбормоқчи.

Reuters агентлигининг хабар беришича, исмини ошкор қилмаган НАТО расмийси Россия ва Ғарб ўртасидаги можарони назарда туриб, “Бу тезда ўтиб кетадиган момақалдироқ эмас. Иқлим ўзгармоқда ва биз келажакка тайёрланишимиз керак,” деган фикрни илгари сурган.

Режалаштирилаётган бу ҳаракатлар альянснинг шимолий қанотидаги заифликларни, жумладан, Москва гибрид уруш бошлаш мақсадида “яшил одамчаларни” юбориши хавфини бартараф қилишга қаратилган йирик қадамдир.

Америкалик генерал-лейтенант Бен Хожес ҳам Беларус билан Россиянинг Калининград вилояти ўртасида жойлашган тахминан 100 километр узунликдаги Польша-Литва чегарасини қаттиқроқ назорат қилиш кераклигини айтди.

Атлантика кенгаши аъзоси, “Жиноятлардан кейин: Янги Россия империяси” китоби муаллифи Агина Григас “Сувалки ёки чегарадош Литва ҳудудини душман қўшинлари эгаллаб олса, уч Болтиқбўйи давлати бошқа НАТО мамлакатларидан узилиб қолади. Таҳлилчилар Сувалкини Совуқ уруш давридаги Фульда бўшлиғига ўхшатади. Ўшанда НАТО бу ҳудудда Совет Иттифоқи қилиши мумкин бўлган тахминий ҳужумга тайёрланган эди,” деди.

НАТОнинг бу ҳаракатлари Россия туғдирадиган кинетик хавфга – бу альянсга аъзо мамлакатга ҳарбий ҳужум, гибрид ҳужум ёки бошқа таҳдид бўладими – қарши жавоб бўла олса-да, Москва Ғарб учун туғдирадиган хавф кинетик эмасдир.

Содда қилиб айтганда, бу Ғарбдаги либерал тузумга таҳдид солувчи, тараққиёт билан боғлиқ хавфдир.

Кремль кузатувчиси, Чатем-Хаус халқаро алоқалар институти ходими Жеймс Шер яқинда чоп этилган мақоласида “Россия “мавжудлигигимизга таҳдид солувчи” душман эмас, балки рақибимиздир. Россиянинг Европадаги қизиқишлари у ердаги аксар мамлакат қизиқишларидан бошқачадир”, деб ёзди.

Шер Евросиё қитъасида “икки норматив тизим” юзага келгани, “бири ҳуқуқ ва қоидаларга асослангани, иккинчиси эса алоқаларга, таниш-билишчиликка ҳамда қонуннинг ҳокимиятга бўйсунишига асослангани” ҳақида ёзди.

Таҳлилчи Владимир Путин тузуми “ўз асбоблари ёрдамида Европадаги норматив тизимни четлаб ўтишга ҳамда уни кучсизлантиришга” уринаётганини қўшимча қилди.

Кремль Ғарб институтларини кучсизлантириш учун Россиянинг глобал иқтисодга интеграция бўлганидан фойдаланмоқда.

Россия глобализацияни ўз қуролига айлантирган, десак ҳам бўлади.

Кремль халқаро молия ҳамда бизнесдан хорижда россияпараст лобби яратиш учун фойдаланмоқда.

Бундан ташқари, Кремль Ғарбдаги элиталарни ўзига оғдириш ҳамда уларни Москвага тобе қилиш учун порахўрлик қилмоқда.

Жеймс Грин Чатем-Хаус учун 2012 йил ёзган ҳисоботида “Россиядан собиқ совет давлатларига муаммосиз чиқиб, ундан нари бошқа мамлакатларга тарқалган халқаро коррупцион схемалар” ёрдаминда Владимир Путин тузуми “Россиянинг таъсирини мамлакат ташқарисига кенгайтириб, табиий, “асир олинган” ҳамкорларни яратди”, деб ёзган эди.

Кремль уюшган жиноятчилик ёрдамида номақбул ишларни амалга ошириб, айбини тан олмай келади. Бундан ташқари, шу йўл билан Кремль қора ниятли амалиётларини молиялаштириб келади.

Россиядаги уюшган жиноятчилик бўйича мутахассис, Нью-Йорк университети профессори ҳамда Озодликнинг Power Vertical рукнининг олиб борувчиларидан бири Марк Галеотти Путин Россияси “мафия давлатидан кўра кўпроқ миллийлаштирилган мафияга ўхшайди”, деди.

Қолаверса, Москва Интернетдаги муҳокамаларга ҳалақит бериш учун минглаб троллни ишга солмоқда. Бундан ташқари, Кремль Ғарбдаги бир неча ташкилотга онлайн ҳужум уюштирди.

Европа Иттифоқи бирлигига путур етказиш учун Москва экстремистик партияларни қўллаш орқали сиёсатдан ҳам фойдаланиб келади.

Бундан ташқари, Кремль Ғарбдаги ўқувчиларни гангитиш, фикрини бузиш ҳамда уларда шубҳа уйғотиш мақсадида хабар урушини бошлаган.

Бу нафақат НАТО, балки Ғарбдаги ҳукуматлар ҳамда фуқаролик жамиятлари ҳамкорликда комплекс ечим топишини талаб қилувчи мураккаб хавфдир.

“Европа хавфсизлиги учун Европа Иттифоқи НАТОдек масъулиятли бўлиши керак. Амалга оширилиши мумкин бўлган “гибрид” таҳдидларга қарши ижтимоий, иқтисодий, маъмурий ҳамда ҳарбий ҳимоя бўлиши керак”, деб ёзди Шер.

“Ҳукуматнинг ҳарбий бўлмаган қанотлари (суд, молия ҳамда бошқарув) ўз масъулиятларининг мудофаа ҳамда хавфсизлик билан боғлиқ оқибатларини англаб етмаса, уларнинг фойдаси тегмайди. Эркин матбуот троллик, ҳукумат бошқарувидаги манипуляция ҳамда онлайн ҳужумлар олдида ожиз бўлмаслиги лозим. Бизнес ҳамда молиявий секторларга тижорат билан боғлиқ мақсадлар ҳар доим ҳам миллий мақсадларга мувофиқ эмаслиги эслатиб турилиши керак”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG