Линклар

logo-print

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ҳисобот йиғилишида қатнашган Ислом Каримов собиқ иттифоқ даврида пионер ва комсомолдан чиққан ёшлар орасида етакчилар бўлмаганини айтар экан, собиқ комсомолни сотқинлар тайёрлаганликда айблади. Ўзи ҳам комсомолга аъзоликдан сўнг компартияга ўтган Ислом Каримов йиғилишда қилган чиқишида ижтимоий тармоқларни “бало” деб атади.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг 11 февралда ўтказилган ҳомийлик кенгаши йиғилишида нутқ сўзлаган президент Ислом Каримов собиқ иттифоқ давридаги пионер (собиқ иттифоқ давридаги мактаб ўқувчилари ташкилоти – таҳр.) ва комсомол (ёшларнинг коммунистик иттифоқи – таҳр.) ташкилотларини танқид қилар экан, комсомолни сотқинлар тайёрлаганликда айблади:

“Бу совет тизимини фақат пионер, комсомоллар устави билан, низомлари билан ҳаммани бошини айлантириб, айтмоқчиманки, комсомолдан бир етакчи, ҳар томонлама бизларни қониқтирадиган, бугунги талабимизни қониқтирадиган боллар бўлмаган. Кўпроқ сотқинликка тайёр бўлган одамлар тарбияланган”, деди президент.

Собиқ иттифоқ даврида Ислом Каримовнинг ўзи ҳам пионер бўлиб қизил галстукда мактабга борган, комсомолга ўтганидан сўнг коммунистлар доҳийси Лениннинг акси туширилган кўкрак белгиси тақиб юрган. Каримов коммунистик партияга аъзо бўлганида эса¸ унга муқовасида Лениннинг акси бор аъзолик билети топширилган.

Ислом Каримов ўз чиқишида ўзи босиб ўтган кўприклар ёқиб юборилгани ва ҳеч қачон ортга қайтмаслигини айтди:

“Йўқ, қўрқманглар энди, Ўзбекистонда замон ўзгармайди. Мана шу замон охиригача боради. Буни айтишга 100 фоиз, 120 фоиз, 200 фоиз ҳаққим бор ва билиб қўйинглар, ҳеч қачон қайтмайди. Бизлар шу кўприкдан ўтдик ва бу кўприклар ҳаммаси ёндирилиб, йўқ бўлган. Ҳаммамиз фақат олдинга қараймиз энди. Олдинга қараймиз, хатоларга йўл қўйишимиз мумкин, лекин орқага қайтиш йўқ!”, деди Ислом Каримов.

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ўзбекистонликлар орасида ҳам кенг ёйилаётгани Ислом Каримовни ташвишга солган кўринади. Президент Интернетни чеклаб бўлмаслигини таъкидлар экан, ижтимоий тармоқлар ёшлар учун “бало” эканлигини таъкидлайди:

“Мана Интернет деганни¸ албатта¸ фойда томони жуда кўп. Интернетни тўхтатишга ким уринса бу ахмоқона. Унга чегара қўйиш мумкин эмас. Лекин баъзи томонлари шунда ичадики, анаву ижтимоий тармоқда тарқаладиган твиттер бўладими, бошқаси бўладими, ҳаммасини инобатга оладиган бўлсак агар, бу шундай бало бўлаяптики, буни тўхтатиб бўлмас экан. Фақат боланинг ўзи қорани оқдан ажратишга қурби етиши керак. Бошқа йўли йўқ, ҳеч қандай Интернетни тўхтатиб бўлмайди”, дейди Ислом Каримов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG