Линклар

logo-print

Молдова Украинада пулга жанг қилган фуқароларини жазолади


Бош прокуратура расмийлари 11 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ўнлаб молдовалик пул эвазига айирмачилар сафида жанг қилгани аниқланганини билдирди.

Ёлланма аскарлик қилишда гумонланганлар йил бошида қўлга олинган бўлиб, ҳозир тергов қилинмоқда. Икки нафар ёлланма аскар аллақачон уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Молдова пойтахти Кишинёв шаҳрининг амалдаги бош прокурори Игорь Попа билдирди.

Молдова қонунларига биноан хорижда ёлланма аскарлик билан шуғулланганлар 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Попа қолган ўн нафар шахсга қарши жиноят иши очилганини айтди. Бу шахслар орасида 26 ёшдан тортиб 32 га чиққанлар бор. Уларнинг аксари Молдованинг жанубий ҳудудларидан бўлиб, рус тилида сўзлашади.

Бу шахсларнинг ҳар бирида улар Украинанинг жануби-шарқида айирмачилар сафида жанг қилганини кўрсатувчи ҳужжатлар топилган.

“Афсус билан айтаманки, ўнлаб молдовалик Украинанинг Донецк ҳамда Луганск вилоятларида жанг қилган”, деди Попа. “Биз Молдова фуқаролари жароҳат олган ҳолларни қайд этдик. Мазкур ҳарбий можаро давомида бизнинг фуқароларимиз ҳалок бўлган ҳоллар ҳам бўлиши мумкин.”

Украина шарқида жанг қилган ёки қилаётган молдоваликларнинг аниқ сони маълум эмас. Шундай бўлса-да, Молдова хавфсизлик кучлари ёлланма аскарлик билан шуғулланганларнинг ҳар бирини аниқлашга курашмоқда.

Попанинг айтишича, бу шахслар одатда махсус ҳарбий ёки полиция бўлимларининг собиқ аъзолари бўлгани учун, улар Молдованинг миллий хавфсизлигига таҳдид солади.

“Украина хавфсизлик хизмати ходимлари молдовалик ҳамкасблари билан учрашиб, Киев конфликтда иштирок этгани аниқланган барча молдоваликлар рўйхатини беришини айтди,” деди Попа.

Молдовалик этник руслар айримачиларни чиндан қўллагани учун улар сафига қўшилган бўлиши мумкин, лекин асосий рағбатлантирувчи омил пулдир.

Кишинёв шаҳри бош прокурори ўринбосари Нику Сендреа “Масалан, январь ойида судланган бир шахс унга ойига 3 минг АҚШ доллари тўлашни ваъда қилишганини айтди”, деди.

Украинада айирмачилар билан жанг қилиб Молдовага қайтган яна икки гумонланувчи катта миқдордаги Россия рубли билан қўлга тушди.

Уюшган жиноятчилик билан курашувчи бўлим етакчиси Денис Ротару “Иккиси ҳам Россия рублида ҳақ олганини, бири ойига 15 минг рубль (180 АҚШ доллари), иккинчиси эса 40 минг рубль (500 АҚШ доллари) олганини айтди”, деди.

2014 йилнинг апрель ойида бошланган тўқнашувлар натижасида 9 мингдан ошиқ ҳарбий ва оддий фуқаро ҳалок бўлди. 2015 йилнинг сентябрь ойида кучга кирган оташкесим тўқнашувларни сезиларли даражада озайтирди, лекин оташкесим шартларини бузиш ҳоллари тез-тез учраб туради, можарони ҳал қилишга қаратилган келишувга эса деярли амал қилингани йўқ.

Эужен Томьюк мақоласини ўзбек тилига Озодлик жамоаси ўгирди

XS
SM
MD
LG