Линклар

ТАСС: Ўзбекистонда Россиядан қайтган муҳожирлар ҳибс қилинмоқда


Ўзбек милиционери ҳибс қилинган шахсни олиб кетмоқда.

Ўзбек милиционери ҳибс қилинган шахсни олиб кетмоқда.

Ўзбекистонда Россия таркибидаги Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳридан ватанига қайтган меҳнат муҳожирлари ИШИДга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда ТАСС 12 февраль куни Россия стратегик тадқиқотлар институтининг Урал регионал ахборот-таҳлилий маркази раҳбари Дмитрий Поповга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, Қозондан Ўзбекистонга қайтган олти нафар фарғоналик мигрант қўлга олинган. Попов ИШИДга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган ўзбекистонликлар сони бир неча юз кишига яқинлаб қолганини айтган.

Аввалроқ Озодлик радиоси Россия Федерал хавфсизлик хизмати Екатеринбург шаҳрида “Исломий давлат” экстремист ташкилотининг етти аъзоси қўлга олинганини хабар қилганди.

9 февраль куни Озодлик ўз манбаларига таянган ҳолда Фарғона вилояти Сўх туманида ўнлаб ёшлар, жумладан, Қозондан меҳнат муҳожирлигидан қайтган 6 йигит қамоққа олингани тўғрисида билдирган эди.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда хориждан бораётган фуқароларнинг сўроққа тутилаётган, ҳибсга олинаётгани ҳақида маълумотлар кўпаймоқда.

Хусусан, 2015 йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида Тошкент вилояти ҳамда шаҳрида 200дан ортиқ одамнинг ҳибсга олингани инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG