Линклар

logo-print

Петербургда Сбербанк банкоматлари муҳожирлар тўловларини қабул қилмаяпти


Russia -- Universal Electronic Card

Russia -- Universal Electronic Card

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида яшаб меҳнат қилаётган муҳожирлар Сбербанк орқали тўловларни амалга оширишга қийналмоқда. Сбербанкнинг айрим минтақавий бўлинмаларидан патент тўловлари билан боғлиқ лицензиялар олиб қўйилгани боис патент тўловлари банкоматлар орқали қабул қилинмаётир. Патент тўловини кечиктириш ва нолегал ҳолатга тушишдан ташвишга тушган мигрантларнинг бундай вазиятидан устамонлик билан фойдаланувчи фирибгарлар пайдо бўлаётгани айтилмоқда.

“Патентларимизни тўлай олмаяпмиз!”

Озодликка ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушаётган қуйидаги мазмундаги шикоятлар сони кейинги пайтларда кўпаймоқда:

Салом Озодлик. Сизлардан илтимос, мен Санкт-Петербургда ишлайман, нимагадир патентга пул қўёлмаяпман. Сбербанк отказ қилаяпди. Шуни аниқлаш иложи борми? Олдиндан раҳмат”, деб ёзди мухлислардан бири.

Душанбелик Умар ҳам Сбербанк банкоматлари орқали карточка ёрдамида февралгача муаммосиз пул тўлаб келганини Озодликка айтади:

- 1 февралдан патент тўловида қийинчилик бўляпти. Карта билан Сбербанкка бориб тўларди боллар, “шаблон” орқали: қабул қилмаяпти. Ҳамма ўйланиб қолган, бунинг устига қандайдир даллоллар чиқиб қолган – уларга пул беради, кейин тўлаяпти улар орқали. Тўғридан тўғри ҳеч ким тўлолмаяпти. Купчино деган шаҳарчага бордик, пул бердик икки кишига 1 минг рубль, ўша тўлатиб берди бизга. Одамлар ҳаром пул ишлашга ўтиб олган, ака,- дейди Умар.

Умар ФМС бўлинмалари ҳам бу масалада тушунтириш бермаётганини қўшимча қилди.

Сбербанкнинг ўзи тарқатган хабарда патент тўловларини қабул қилиш тўхтатилгани тасдиқланди.

Хабар қиламизки, 2016 йилнинг февраль ойидан техник сабабларга кўра, Сбербанк Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича патент учун солиқ тўловларини вақтинча қабул қила олмайди. Банк бу хизматни тиклаши ва қанча вақтда тиклаши мумкинлиги – ҳозирча маълум эмас”, дейилади хабарномада.

Ойлик патент тўловларини “Красний Текстильшчик, 15-уй” манзили бўйича хизмат ҳақи билан ҳисоблаганда 3300 рублга амалга ошириш мумкинлигини ҳам билдирди Сбербанк.

Озодлик мухбири хабарномада кўрсатилган телефон рақамлари орқали миграция идораси юристига қўнғироқ қилди ва бу масалада қўйидаги изоҳни олди:

- Тўловлар Красний Текстильшчик кўчаси, 15-уйда жойлашган Ягона миграция марказидагина амалга оширилади. Ленинград вилоятидагилар ҳам шу манзилга келишлари шарт. Биз бу вазиятнинг аҳмоқона эканлигини ўзимиз ҳам тушуниб турибмиз, аммо на илож – бизга шундай маълумот берилган. Петербургда Сбербанкдан лицензиясини тортиб олиб қўйишибди, деди Ягона миграция маркази юристи Дарья Белогрудова.

Юрист ҳам Ягона миграция марказида тўлов 300 рубль “хизмат ҳақи” эвазига амалга оширилиши мумкинлигини тасдиқласа-да, Умар бу манзил бўйича ҳам боргани ва у ерни ҳам ўзбек даллоллари “қўлга олгани”га гувоҳ бўлганини айтди.

- У ерга, ака, мен шахсан икки маротаба бордим. Патент тўлагани келганларни охранниклар ичкарига киритмаяпти! “ИНН оламан”, деб айтиб ҳам кўрдим - қўймаяпти. Охири бир болага икки кишига минг рубль бериб мен патентимни тўлатдим, мажбур бўлганимдан,- Умар.

Озодликнинг бу масалада ФМС бошқармасига қилган мурожаатига ходимлардан “мазкур масала бўйича сўровнома расмий тарзда ва расмий шаклда жўнатилиши” жавоби олинди. Санкт-Петербург шаҳри ФМСида шундан кейингина масала “ўрганилиб, муайян вақтдан кейин жавоб қайтарилиши”ни билдиришди.

“Меҳнат муҳожирлари Сбербанк операторларига мурожаат қилишсин!”

Сбербанкда Озодлик сўровига ҳақиқатан банкнинг айрим бўлинмаларидаги банкоматларда патент тўловларини амалга ошириш билан боғлиқ муаммоли вазиятлар юзага келаётганини билдиришди.

Лекин ишга рухсатнома учун ойлик солиқ тўлови банкомат эмас, Сбербанк ходимлари ёрдамида амалга оширилиши мумкин”, дея тушунтириш берди Наталья исмли банк мутахассиси:

- Сбербанкнинг лицензияси тортиб олингани бироз нотўғри маълумот. Гап шундаки, айрим ҳисоб рақамларимизга пул ўтказмалари жўнатиш тақиқланган. Шу сабабли, банкомат орқали эмас, бевосита операторларимизга мурожаат қилиб, тўловларни амалга оширишни сўраймиз: улар тўловни амалга оширишга кўмаклашади, албатта, деди Наталья.

Санкт-Петербургда анча йиллардан бўён яшаб, меҳнат қилаётган Бек ишга рухсатномасининг ойлик тўловларини амалга ошириш муаммосига дуч келмаганини гапириб берди:

- Патентни бемалол тўласа бўлади! Терминаллар қабул қилмаса, банкдаги оператор қизларга учрасин. Операторлар ҳам қабул қилмайдиган бўлса, управляюшийсини чақириб, “Бизга ёзма равишда отказ йзиб бергин!”, деб Чернишевский метродан чиққанда, Кирочная кўчаси 2 уй икки этажидаги молия бўлимига мурожаат қилсин: Елена Дунаева номига ариза ёзишса етарли. Сроги ўтиб кетганларни ҳам бир пасда ўзлари тўғрилайди! Буни ўзбегим билмайди-да, банкка боради, терминал қабул қилмаса, қайтиб чиқаверишади, деди Бек.

Сўҳбат сўнггида Бек Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида ишлаб келаётган ҳамюртларидан Миграция маркази ва бошқа ФМС бўлимлари атрофида изғиб юрган фирибгарларга ишонмасликка чақирди, уларга зинҳор пул бермасликни сўраб қолди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG