Линклар

Ташқи ишлар вазирлиги “Ватанга қайтиш сертификати” бекор қилинганини тасдиқлади


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги нобиометрик паспортнинг Ўзбекистонга қайтиш учун ишлатилиши мумкинлигини тасдиқлади.

Вазирлик сайтида 12 февраль куни пайдо бўлган хабарномада “Ўзбекистон Республикасининг мутасадди идоралари қарорига биноан нобиометрик шаклдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти, унинг амал қилиш муддати тугамаган бўлса, паспорт эгасининг фақатгина Ўзбекистон Республикасига, жумладан учинчи давлатлар ҳудуди орқали транзит йўли билан қайтиши учун ишлатилиши мумкин”, дея билдирилди.

Бунга оид маълумот, дейилади хабарномада, хориж давлатларига етказилди.

Унда яна айтилишича, мазкур тартиб 2018 йилнинг 1 июлига қадар сақлаб қолинади.

Шу билан бирга вазирлик Ўзбекистондан чиқиш учун фуқароларнинг биометрик паспортга эга бўлиши талаб этилади, дея эслатди.

Шу йил бошидан мамлакат ташқарисида юрган минглаб ўзбекистонликлардан мамлакатга қайтиш учун Ўзбекистон элчихонасидан “Ватанга қайтиш сертификати”, деб номланувчи ҳужжатни олиши талаб этилаётган эди. Бу ҳолат, айниқса Россиядаги меҳнат муҳожирлари норозилигига сабаб бўлди.

Ўтган ҳафта мазкур тартиб бекор қилингани тўғрисида хабар пайдо бўлди, лекин бу ҳақда расман билдирилмаган эди.

XS
SM
MD
LG