Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:30

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси "қора рўйхат" борлигини расман инкор қилди


Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Эксперт комиссиясининг 2016 йил 7 январда уюшма аъзоларидан бирига унинг уюшма аъзолигидан чиқарилгани тўғрисида жўнатган билдирув хати.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Эксперт комиссиясининг 2016 йил 7 январда уюшма аъзоларидан бирига унинг уюшма аъзолигидан чиқарилгани тўғрисида жўнатган билдирув хати.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси 26 ёзувчи ва шоир Эксперт кенгаши қарори билан бирданига уюшма аъзолигидан чиқарилгани тўғрисида халқаро матбуотда пайдо бўлган хабарларни инкор қилди. Ёзувчилар уюшмаси бу борада расмий маълумотнома тайёрланаётгани ва яқин кунларда бу маълумот эълон қилинишини билдирди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси "қора рўйхат" борлигини расман инкор қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:48 0:00

12 февраль куни Озодлик ихтиëрига келиб тушган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Эксперт кенгаши қарорида уюшма таркиби сифат жиҳатидан қайта кўриб чиқилгани қайд этилган эди. Мазкур қарорга мувофиқ 7 январдан бошлаб, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси 26 ёзувчи ва шоирни расман ўз сафидан чиқарган.

Эксперт кенгаши қарорида айтилишича¸ бу ижодкорлар президент берган кўрсатмага амал қилиб¸ “истиқлол йилларида мамлакатда кечаётган улуғвор ишларга дахлдорлигини ҳис этмагани учун” аъзоликдан чиқарилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғофур Эшмуродов Озодлик билан суҳбатда юқорида айтилган маълумотларни рад этди. Унинг айтишича, 26 ёзувчи ва шоир уюшма аъзолигидан бир вақтнинг ўзида чиқарилмаган, улар йиллар давомида уюшма сафидан чиқарилган.

-Мен кеча мана шу масалада қизиқиб кўрдим. Улар йиллар давомида уюшма аъзолигидан чиқарилган эканлар. Бу борада тарқатилган маълумотларни кўриб, биз ҳам жуда ҳайрон бўлаяпмиз. Буларнинг ҳаммаси асоссиз гап-сўзлардир. Мен шахсан ўзим холис бир одам сифатида айтмоқчиман, бу тарқатилаётган маълумотларнинг барчаси, Ёзувчилар уюшмаси атрофида бўлаётган гап-сўзларнинг ҳаммаси асоссиз, - деди Ғофур Эшмуродов.

Озодлик радиоси 12 февраль кунги дастурида Эксперт кенгаши қарорига асосланган ҳолда Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан яқинда чиқарилган ижодкорлар орасида Ўзбекистон Халқ шоири Хуршид Даврон, ёзувчи Саломат Вафо, шоирлар Нортўхта Қилич, Ҳамроқул Асқар, Сулаймон Раҳмонлар борлигини хабар қилганди. Айни пайтда¸ 20-аср ўзбек адабиëтининг энг таниқли намояндалари Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов) ва Муҳаммад Солиҳ¸ шунингдек¸ мухолиф қарашлари билан ҳукумат тазйиқига учраб хорижга чиқиб кетган Ботир Норбой¸ Ёдгор Обид ва Юсуф Жума каби ижодкорлар ҳам уюшма аъзолигидан чиқарилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғофур Эшмуродов номи зикр қилинган ижодкорлар қандай сабабларга кўра уюшма аъзолигидан чиқарилгани юзасидан расмий маълумотнома тайёрланаётганини айтди:

-Бу анча аввалги йилларнинг гапи. Энди буларнинг ҳаммасини аниқлаштириб, сўраб-суриштириш керак бўлади. Ҳозир бунинг сабаблари ва бошқа жиҳатлари ҳақида ёзма маълумотлар тайёрланаяпти. Бу масалада қонунчиликка таянган ҳолда бизга расман ёзма мурожаат қилсангиз, бу ҳақдаги маълумотларни сизга тақдим этамиз. Ҳозир бу маълумотни тайёрлаяпмиз, - деди Ғофур Эшмуродов.

Ёзувчилар уюшмасидаги манбага таянган ҳолда тарқатилган айрим хабарларда Собит Мадалиев, Нортўхта Қилич ва Сулаймон Раҳмон уюшма аъзолигидан чиқиш ҳақида ўз ихтиёрлари билан ариза ёзгани, Саломат Вафо “ўзбек одоб-ахлоқига тўғри келмайдиган асар ёзган”, деган баҳона билан юқорининг буйруғи асосида уюшмадан четлатилгани, Ўзбекистон Халқ шоири Хуршид Давроннинг уюшма аъзолигидан чиқарилгани тўғрисидаги хабар асосиз экани айтилган.

12 февраль куни Озодликнинг “Қурултой” дастурида иштирок этган Мамадали Маҳмудов¸ Муҳаммад Солиҳ¸ Дилором Исҳоқова ва Ҳамроқул Асқар бугунги режим мафкурасини ëйиш қуролига айланган уюшма сафидан чиқарилганликларини ўзлари учун шараф билажакларини айтган эдилар.

- Бу Ëзувчилар уюшмасини маддоҳлар уюшмаси¸ лаганбардорлар уюшмаси дейиш тўғрироқ бўлади. Бизнинг на маддоҳликка¸ на лаганбардорликка алоқамиз йўқ ва шу боис¸ бизни бундай уюшмадан чиқаришгани биз учун шарафдир¸- деган эди, жумладан, Муҳаммад Солиҳ Озодликнинг “Қурултой” дастурида.

XS
SM
MD
LG