Линклар

Кремль Суриядаги шифохоналарга ҳужум юзасидан айбловларни рад этди


Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Сурия шимолидаги шифохоналарга ҳаво ҳужумлари юзасидан Россия номига айтилаётган айбловларни рад этди.

Песковга кўра, Идлибдаги шифохона ва мактабларни вайрон этган ҳужумларга Россия масъул экани борасидаги баёнотлар “қуруқ ва асоссиз баёнотлар”дир.

"Биз бу каби айбловларни қатъиян рад этамиз. Ҳар гал бу каби айбловларни айтганлар, ўз сўзларига исбот келтира олишмайди", - деди Песков.

Душанба куни Идлибдаги икки шифохона ва икки мактаб ҳаво ҳужумларига тутилган, ўнлаб одам қурбон бўлган эди.

Чегара билмас шифокорлар ташкилоти бу ҳужумлар учун Сурия ёки Россия масъулдир, дея баёнот берган эди.

БМТ маълумотларига қараганда минтақадаги мактаблар ва шифохоналарга ҳаво ҳужумлари оқибатида 50 га яқин суриялик қурбон бўлган.

Сурияда беш йилдан буён давом этаётган уруш оқибатида қурбонлар сони 250 мингдан ортган,10 миллиондан ортиқ одам бошпанасиз қолган.

XS
SM
MD
LG