Линклар

Адвокат Жиззахда насроний “ИШИДчи”ни ҳимоя қилгани учун ишсиз қолди


Ширин Турсунова эри Арамаис Авакян устидан ҳукм шу ҳафтада ўқилишини кутмоқда.

Ширин Турсунова эри Арамаис Авакян устидан ҳукм шу ҳафтада ўқилишини кутмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти судида тўрт нафар шериги билан “Исломий давлат” гуруҳига алоқадорлик ва диний экстремизм айблови билан судланиб, бир неча кундан буён ҳукм ўқилишини кутаётган миллати армани насроний Арамаис Авакяннинг адвокати Олим Қобиловнинг адвокатлик лицензияси бекор қилинди.

Айни пайтда Арманистондаги оммавий ахборот воситаларининг Авакян ва унинг шериклари устидан суд ҳукми чиққани тўғрисидаги хабарлари асоссиз бўлиб чиқди. Икки ҳафтадан буён кутилаётган суд ҳукмининг қачон ўқилиши ҳануз номаълум қолмоқда.

Адвокатни нега "ишдан бўшатдилар"?

Арамаис Авакяннинг адвокати Олим Қобиловнинг “ишдан бўшатилгани” тўғрисидаги хабарни Озодлик Арамаиснинг онаси Флора Авакяндан олди.

- Бугун адвокатимиз Олим Очилович Қобиловни ишдан бўшатишибди, деди Флора Авакян.

Бу гапни кимдан ва қачон эшитдингиз, деган саволга жавобан хоним Авакян бугун (16 февраль) адвокатнинг ўзидан эшитганини айтди. Хоним Авакяннинг фикрича, адвокат Қобилов унинг ўғлини ҳимоя қилгани учун “ишдан олинган”.

Флора Авакяндан олинган бу маълумотни мазкур судловни диққат билан кузатиб келаётган журналист Улуғбек Ҳайдаров тасдиқлади. Унинг айтишича, адвокат Қобиловнинг адвокатлик лицензияси бекор қилинган.

Улуғбекнинг айтишича, 16 февраль кунги телефон орқали мулоқот давомида адвокат Қобилов унга лицензияси бекор қилинганини, лекин сабабларини ҳозирча айта олмаслигини билдирган.

Адвокат Озодлик мухбири қўнғироқларига ҳамда судланаётган Арамаис Авакяннинг хотини Ширин Турсунованинг қўнғироқларига жавоб бермади.

Кўнгли сезганмиди?

Ширин Турсунова учун эрини ҳимоя қилаётган адвокатнинг лицензияси бекор қилингани тўғрисидаги хабар кутилмаган янгилик бўлмади.

- Адвокатимиз (Олим Қобилов) суднинг 2 февралда ўтган охирги мажлисида лицензиямни олиб қўйишлари ҳам мумкин, деган эди менга. Лекин сиз қўрқманг, лицензиямни олиб қўйишсаям, сизларга ёрдам беравераман, охиригача курашаман, деганди, деди Ширин Турсунова.

Ҳозирча ҳақиқатдан йироқ хабар

Айни пайтда Арманистондаги оммавий ахборот воситаларининг, хусусан Арменпресс ахборот агентлигининг Авакян ва унинг шериклари устидан суд ҳукми чиққани тўғрисидаги хабарлари асоссиз бўлиб чиқди.

- Ҳукм ҳали чиққани йўқ. Жума куни, 12 февралда ўзлари ертўлада судлаб, Ховосдаги қамоқхонага жўнатди, деган миш-миш пайдо бўлувди. Лекин ҳукм ҳали чиққани йўқ, деди Арамаис Авакяннинг онаси.

Судланувчининг хотини – Ширин Турсунова билан у 16 февраль куни Жиззах вилоят прокуратураси остонасида турган чоғида боғландик.

- Ҳукм ҳозирча йўқ. Кутяпмиз. Адвокатлар орқали айтамиз дейишган. Янаям аниқлик киритиш учун ҳозир мана прокуратурага келиб турибмиз. Ҳукм чиқибди, деган гаплар юрибди, деб сўрасак, йўқ ҳукм сизлар ўқилмайди, ҳукм чоршанба ёки жума куни ўқилади, дейишди бу ердагилар, деди Арамаис Авакяннинг хотини.

Фарзанди учун титраб-қақшаган она

Ширин Турсуновадан унинг эри билан бирга судланаётган 4 маҳаллий ўзбекдан бирининг онаси борлигини билдик. Лекин у аёл Озодлик мухбири билан гаплашишга қўрқди. Ширин Турсунованинг айтишича, у “эсон-омон ҳукм чиқиб олсин, кейин бир гап бўлар”, деган.

МХХ, ИИБ ва ҳарбий аэродромни босиб олишни режалаштирган чойхоначи

Арамаис Авакян ва у билан биргаликда судланаётган 4 кишининг ишига оид янги тафсилотларни 16 февраль куни тошкентлик журналист Алексей Волосевич эълон қилди. ”Дело Джураева-Авакяна. Технология фабрикации”, деб сарлавҳаланган мақолада муаллиф Авакян ва унинг шериклари иши махсус хизматлар томонидан уюштирилгани тўғрисида ёзган.

Волосевич ёзади:

“Айблов хулосасида “Сабина” кафесида чойхоначи бўлиб ишлаган Фурқат Жўраевнинг мана бу “иқрори” келтирилган: “Дастлаб мен МХХ, ИИБ ва Пахтакор тумани соқчилик хизматини босиб олиб, баъзи ходимларни ўлдиришни режалаштирдим. Бу ишни бажаргач, Пахтакор туманидан бир неча километр нарида жойлашган Учтепа ҳарбий аэродромини босиб олишни ва у ердан қурол олишни ва турмадаги ўртоқларимни озод қилишни режалаштирдим”

Волосевичга кўра, айблов хулосасида Фурқат Жўраевнинг мана бу “иқрори” ва шунга ўхшаш баъзи “иқрор”лардан дан бўлак бошқа жўяли исбот-далил йўқ.

Волосевич судланувчиларнинг кўрсатмаларни терговчиларнинг қақшатқич қийноқлари остида берганларини суд жараёнида айтганлари тўғрисида ёзди.

Авакян ва унинг шериклари иши

Жиззах вилояти жиноий ишлар бўйича судида миллати армани насроний Арамаис Авакян ва унинг тўрт нафар шериги устидан “Исломий давлат” гуруҳига алоқадорлик ва исломий экстремиз айбловлари бўйича суд иши 2 февралда якунланиб, ҳукм ўқилиши қолган эди..

Жиззахда балиқчи фермерлик билан шуғулланган Арамаис Авакян ва унинг шериклари ер остидан 1980 йилда ўтказилган эски қувурларни кавлаб олганлик ва уларни пуллаганликда ҳам айбланмоқда.

2 февраль кунги суд мажлисида давлат қораловчиси Шавкат Турдибоев 33 ёшли Авакянга 18 йиллик қамоқ жазоси, унинг ҳамкорлари Фурқат Жўраевга – 15 йил, Дилшод Алимов, Акмал Мамтмуродов ва Бектемир Умирзоқовларга 10 йилдан жазо беришни сўраган.

Жиззахлик фермер, асли миллати армани бўлган Арамаис Авакян ИШИДга хайрхоҳликда гумон қилиниб, 4 сентябрдан бери ҳибсда қолмоқда. Аммо яқинлари 33 яшар Авакяннинг ҳибсга олинишига унинг фермерлик фаолияти сабаб бўлганини айтишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG