Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:33

Тошкентда чинорлар кесилишидан норози аҳоли кўчага чиқди


Тошкентда чинор кесилиши
Тошкентда чинор кесилиши

Тошкент шаҳри Чилонзор туманининг олтинчи мавзесида истиқомат қиладиган аҳоли кўп қаватли уйлар ўртасидаги чинорзор кесилаётганига қарши норозилик билдирмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимиятининг рухсати билан бу ердаги ўнлаб олтмиш йиллик чинорлар кесила бошланди. Автомобиллар турар жойи ва иккита кўп қаватли уй қурилиши режаланган бу жой, шаҳарликлар фикрича, энг гўзал чинорзор, дам оладиган маскан ва болаларнинг ўйин майдончаси бўлган.

Тошкент шаҳри Чилонзор туманининг олтинчи мавзесида аҳолининг чинорлар кесилишига қарши норозилиги икки кундан буён давом этмоқда.

15 февраль куни эрталабдан кўп қаватли уйлар ўртасидаги 182 туп олтмиш йиллик чинорларни оммавий кесиш ишлари бошланди.

Тошкентда чинор кесилиши
Тошкентда чинор кесилиши

Тошкентликлар чинорлар аёвсиз кесилаётган ҳолатларни сурат ва видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқлар орқали тарқата бошлади. Улар пойтахт расмийларидан бу ваҳшийликка чек қўйилишини талаб қилмоқдалар.

Fergananews.com cайтида эълон қилинган фото ва видеоларда кесилган чинорларни автомобилларга юкланаётгани, аҳоли билан қурилиш мулозимлари ўртасидаги жанжаллар тасвирланган.

Тошкентда чинор кесилиши
Тошкентда чинор кесилиши

Қурувчилар “Приорити Стандарт” МЧЖга олтинчи мавзенинг бир гектар ерида қурилиш олиб бориш учун шаҳар ҳокимияти рухсат бергани ҳақидаги қарорни одамларга кўрсатган. Лекин қарорда қурилишнинг аниқ жойи кўрсатилмаган.

Тошкентда чинор кесилиши
Тошкентда чинор кесилиши

Чилонзор туманининг олтинчи мавзесида истиқомат қиладиган Лариса исмли аёлнинг айтишича, одамлар ҳокимиятнинг бу қароридан жуда дарғазаб бўлган:

- Кеча мана шу уйларда яшовчи уйлардан элликдан ортиқ қаттиқ норозилик билдирди. Одамлар йўлни тўсди, КамАЗ ҳайдовчиси эса босиб келаверди. Қий-чув, тўполон бўлди. Ишчилар аҳолининг норозилигига қарамасдан қурилиш бўладиган жойнинг атрофини ўраб олди. Лекин тепадан кесилаётган чинорларни кўриб, юрагимиз эзилиб кетяпти. Ўтган асрнинг 60 йилларида ота-оналаримиз бу ерни боғ, чинорзор қилган эди. Бу чинорзор аҳоли учун кислород, дам олиш жойи, жазирама иссиқдан ҳимоя, болалар учун ўйин жойи эди. Шафқатсизлар ҳеч кимнинг фикрини инобатга олмаяпти, деди Лариса.

Унинг айтишича, аҳоли ўзи танлаган вакиллар икки кундан буён расмийларга мурожаат қилмоқда, лекин наф бўлмаяпти:

- Бунга норозилик билдирилган 300 яқин имзо тўпланди. Вакиллар табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига боришди, у ердан натижа бўлмади. Кейин президент девонига боришди. Девондагилар “ҳаммаси қонуний, норози бўлсаларинг судга беринглар”, дебди. Хуллас, ҳеч ким ёрдам бермаяпти, деди Лариса.

Тошкентлик мустақил журналист Сид Янишевнинг айтишича, одамларнинг чинорларнинг кесилишига қарши эътирозлари шу пайтгача эътиборсиз қолиб келган:

- Ҳамма билади яхши иш бўлмаётганини. Лекин ҳеч ким масъулиятни ўз бўйнига олмайди. Биз буни тажрибадан биламиз. Бундай ишлар ҳокимиятнинг рухсатисиз қилинмайди. Чунки, ер давлатники. Улар одамлар фикри билан ҳисоблашмайди, хоҳлаган ишларини қилишади. Лекин ҳеч ким овоз чиқариб мен шундай қарор бердим, деб айтмайди, деди Сид Янишев.

16 феврал куни ҳам одамларнинг норозилиги давом этди. Лекин қурувчилар қурилиш бўладиган жой атрофини ўраб олиб, чинорларни кесиш ишларини давом эттирмоқда.

Атрофдаги уйларда яшайдиган одамларнинг балкон ва деразалардан бу аянчли манзарани кузатишдан бошқа иложлари қолмаган. Тошкентда яна бир гўзал ва салқин чинорзор йўқ қилиняпти.

Тошкент шаҳар ҳокимиятидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG