Линклар

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли шаҳридаги 3-сонли махсус интернатнинг бир кунда ишдан ҳайдалган 21 нафар ўқитувчиси 15 февраль куни норозилик билдириб Қорақалпоғистон Халқ таълими вазирлигига боришди. Вазир Кадирбай Бектурдиев норозилар билан шахсан учрашиб, уларнинг барчасини қайта ишга тиклашга ваъда берган.

Норозилар вазирликда

Ишдан ҳайдалганига норози бўлган хўжайлилик ўқитувчилар душанба куни Нукусга бориб, Қорақалпоғистон Халқ таълими вазирлиги биноси олдида тўпланишган.

Бу ҳақда норозилар сафида бўлган Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси Парвоз Яҳёева Озодликка маълум қилди.

Яҳёеванинг айтишича, у ноҳақ ишдан ҳайдалган қизи Нулуфар Наврўзбоева ҳуқуқларини талаб қилиб, норозилар сафига қўшилган:

- Кеча, 15 число куни Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига 20та одам бордик, хотин-қизлар бордик, -дейди Яҳёева.

Бир кунда 21 ўқитувчи ишсизга айланди

Интернатнинг 21 ўқитувчиси 12 февраль куни ишдан олинган. Интернат раҳбарлари бу ўқитувчиларга уларнинг маълумоти олий бўлмагани сабаб ишдан бўшатилганини билдирган.

Хўжайли шаҳридаги ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган махсус интернатда 35 йилдан буён ишлаётган Парвоз Яҳёевага кўра, унинг 21 нафар ҳамкасби ноҳақ ишдан бўшатилган:

- Улар орасида 15 йил стажга эга бўлганлари бор. Энг ками 5-6 йил стажга эга хотин-қизлар. Бироқ ўрта маълумотли. Энди Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори бор. Унда "Коллежни битирган, ўрта маълумотли ўқувчилар иш билан таъминлансин" дейилган. Уларнинг барчаси ўрта-махсус маълумотли-ку. Коллежни битирган одамлар. Булар ишсиз қолиб кетаяпти. 21 хотин-қизни ишдан чиқаргандан кейин у қаерга боради иш сўраб. Шунинг учун вазирликка ҳам бордик. Телефон орқали кўп ерлар билан гаплашаяпмиз", дейди Парвоз Яҳёева.

"Бизни алдаб, ишдан олишди"

Ишдан ҳайдалган ўқитувчилардан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, уларни алдов йўли билан ишдан олишган:

“Бизга вазирликнинг қайсидир қарорини кўрсатиб, шу билан танишдим деб имзо қўйиб беринг дейишди. Биз ҳеч нарсани ўқимасдан у қоғозга қўл қўйдик. Кейин билсак ҳаммамизни алдашган экан. Бу ишдан бўшаш аризаси экан”, дея иддао қилади ўқитувчи аёл.

Вазир ваъдаси

15 февраль куни норозилик билдириб Нукусга борган ўқитувчи аёлларни Қорақалпоғистон Халқ таълими вазири Кадирбай Бектурдиевнинг ўзи шахсан қабул қилиб,уларни ўз ўрнига қайта тиклашга ваъда берган.

Бу ҳақда вазирлик расмийси Дарменбай Имомов Озодликка билдирди:

- Талаби ҳал бўлди. Вазир олдига киришди. Шу йилнинг якунига қадар, ўқиш йили якуни май бўладику, майга қадар уларни шартнома асосида қайтадан ишга қабул қилади. Бироқ май ойи охиригача ишлайди. Бироқ майдан кейин вазир шунақа нима берди "Сизларни кўриб чиқиб, сизларни иш билан таъминлаб бераман, деб айтди вазиримиз", дейди Дарменбай Имомов.

Директор вазир ваъдасини бажаришни пайсалга солаяпти

Парвоз Яҳёеванинг Озодликка айтишича, ишдан ҳайдалган 21 ўқитувчи вазир ваъдасига ишониб 16 февраль куни интернатга боришган, бироқ интернат директори Гулнора Мангетназарова уларни яна ҳайдаб солган:

- Вазир айтди бизга, "иш билан таъминлаймиз, олдинги ўрнингизда ишлайсизлар, ҳаммангиз. Эртадан ишингизни бошланг", деди. Лекин директор ҳали ҳам рухсат бермаяпти, дейди ўқитувчи аёл.

Озодлик мухбири 16 февраль куни Гулнора Мангетназарова билан боғланиш мақсадида унинг мобил телефонига ўнга яқин марта қўнғироқ қилди. Бироқ Мангетназарова телефон гўшагини кўтармагани боис, ундан муносабат олиш имкони бўлмади.

Хўжайли шаҳридаги ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган 3-сонли махсус интернат 1988 йил ташкил қилинган бўлиб, ҳозирда бу ерда 200дан зиёд бола тарбияланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG