Линклар

Россияда фоҳишалик билан шуғулланадиган хорижликлар нафақат жаримага тортилиши, балки мамлакатдан бадарға қилиниши керак. Петербурглик депутат Виталий Милонов мамлакат қонунчилигига шундай ўзгартиш киритилиши ташаббуси билан чиқди. Депутат ташаббуси Россия парламенти томонидан қабул қилинмаса фоҳишалик легаллашиши мумкинлиги тўғрисида фикр билдирилмоқда.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Қонунчилик Йиғини депутати Виталий Милонов мамлакатда фоҳишалик билан шуғулланаётган хориж фуқароларини бадарға қилиш ташаббуси билан чиқди.

Депутат Виталий Милонов

Депутат Виталий Милонов

Депутат Милонов Петербургда “яқин ва ўзоқ хориж мамлакатларидан бузуқ аёллар, даюс ва шунга ўхшашлар импортини тўхтатиш” талаби билан чиқди.

Милоновнинг матбуот котиби Олег Михайлович Озодлик билан суҳбатда номақбул ишлар билан шуғулланаётган хорижлик аёл ва эркаклар жиноий жавобгарликка тортилиши кераклигини билдирди.

- Биз анъанавий оила қадриятлари тарафдоримиз.Биз бу соҳада қонунчиликда қаттиққўллик жорий қилиш тарафидамиз. Агарда, масалан, ўзбекистонлик қизлар ва уларни бу ерга жалб қилаётган шахслар бу амаллари учун жиноий жавобгарликка тортилиши ва узоқ вақтга қамоққа ташланиши мумкинликларини билишса,улар яхшилаб ўйланиб қолади. Тўғри, фоҳишалик қилганлар миграция қонунлари асосида ҳозирда ҳам мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин. Биз, шунчаки, бу чораларни кескинлаштириш ва жазони муқаррарлаштиришни истаяпмиз, деди Виталий Милоновнинг расмий вакили.

Олег Михайлович халқ вакили Милонов фракцияси ташаббуси Петербург парламенти намояндалари томонидан бир овоздан қабул қилингани, лойиҳа яна бир муҳокамадан ўтказилиб, Россия Давлат Думаси тасдиғига юборилишини маълум қилди. Дума депутатлари бу қонун лойиҳасини 17 феврал куни кўриб чиқиши айтилди.

- Янги ташаббусга кўра, агарда полиция, ФМС хорижлик “тунгги капалаклар”ни аниқласа, уларни сўзсиз мамлакатдан мажбурий равишда чиқариб юбориш масаласи кўтарилади. Биз қонунда айнан шу жойи белгиланишини талаб қилдик. Шунингдек, хориж фуқароси икки ёки ундан кўп маротаба фоҳишалик устида қўлга тушса, уни жиноий жавобгарликка тортиш лойиҳада ўз аксини топди. Эндиликда 1,5-2 минг рубл билан қутулиб бўлмайди! Ишониб қоламизки, федерал марказ бу ташаббусларни қўллаб қувватлайди. Олдинроқ биз педофилия, порнография ва шу каби сайтларни блок қилиш ташаббуси билан чиққан эдик ва ҳозирда бу соҳада бироз тартиб ўрнатилди. Проституция масаласи ечимининг икки йўли бор, холос: ё биз унга қарши қонунчиликни кучайтиришимиз, ё уни, айрим либерал мамлакатлар каби, легаллаштириш йўлидан боришимиз зарур. Биз қонунларни кескинлаштиришни талаб қилаяпмиз, деди Олег Михайлович Озодликка.

Аниқланишича, бундан олдинроқ Виталий Милонов бошқараётган депутатлар гуруҳи одамлар яшаётган мавзелардан секс-шопларни йўқ қилиш ташаббусини парламентга олиб чиққан эди.

“Единая Россия” партияси вакили бўлган Виталий Милонов ҳозирда Петербург парламентининг диний уюшмалар билан алоқалари учун жавобгардир. Бу лавозимда у аллақачон жуда ғаройиб ва кескин чиқишлари билан кўпчиликка танилган. Жумладан, жорий йилнинг 15 январида у таниқли рус стилисти Сергей Зверевни Петербургга киритмасликни таклиф қилган эди.

У, шунингдек, петербургликлар тўғрисида ёмон фикрда бўлган одамлар “қора рўйхатини” тузишни таклиф қилди. Улар қаторида Виталий Милонов таниқли журналист ва телебошловчи Владимир Познерни ҳам киритишни талаб қилган эди.

Виталий Милонов олдинроқ “капалаклар”га бепул аборт қилишни ман этиш масаласини ҳам кўтарган. Клерикал ва миллатчилик фикрлари билан ном қозонган ва ўзини “бесоқолбозликка қарши курашчи” деб атаётган бу сиёсатчи “православ ресторан”, “православ банк” ва ҳатто “православ сартарошхоналар”жорий қилишни тавсия қилган ҳам эди.

В.Милонов "Ватан хоинлиги" моддасини тиклаш тарафдори ҳамдир

В.Милонов "Ватан хоинлиги" моддасини тиклаш тарафдори ҳамдир

2013 йилда депутат Москва ва Санкт-Петербургда концерт уюштирган қўшиқчи Мадоннани гейларни қўллаб қувватлагани учун мамлакатдан чиқариб юборишни сўраб, прокуратурага ариза ёзган.

Виталий Милонов “гомосексуализм тарғиботини тақиқлаш қонуни” билан Петербург парламентига чиққанидан кейин жамоатчилик орасида танилган.

Россия полициясига кўра, мамлакатдаги фоҳишаларнинг тўртдан бири ҳорижликлардир.

Ўтган йили биргина Санкт Петербург шаҳрида фоҳишалик бўйича 1351та протолол тузилган бўлса, шундан 380таси хориж фуқароларига тегишли бўлган.

Бу ерда гап биринчи навбатда Ўзбекистон, Украина, Молдова, Тожикистон фуқаролари ҳақида бормоқда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик Кодексига мувофиқ, фоҳишалик учун Россияда 2,5 минг рубл миқдорида жарима белгиланган.

Россиянинг турли ўлкаларида фоҳишалик билан кун кечиришга ўтаётган ўзбек аёллари сони йил сайин кўпайиб бораётганини мутахассислар иқтисодий қийинчиликлар ва ўзбек жамиятидаги жиддий маънавий инқироз билан боғламоқда.

Озодлик бу масалада суҳбатлашган Россиядаги аксар меҳнат муҳожирлари депутат Милонов ташаббусини қўллаб-қувватлади. Москва вилоятида меҳнат қилаётган 25 ёшли Акмалжон эса фоҳишаликка қарши қонунларнинг кескинлаштирилиши тарафдори бўлсада, хорижлик фоҳишаларнинг Россиядан бадарға қилинишидан натижа бўлишига шубҳа билдирди:

- Уларни чиқариб юбориш яхши бўлса керак. Аммо, биласизку – ўрганган кўнгил... Депорт қилинган бузуқ аёллар Ўзбекистонга ёки бошқа қўшни мамлакатларга бориб ўша ишини қилаверади. Бошқа томондан, уларнинг кўпчилиги бу ишга ноиложликдан “қўл урган”, деди Акмал.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG