Линклар

logo-print

Сўнгги икки ойда GM – Ўзбекистон қўшма корхонасининг юздан ортиқ ишчиси ўз аризасига биноан ишдан бўшади. 2016 йилда автомобиль ишлаб чиқариш уч бараварга қисқаргани айтилмоқда. Иш ҳажмининг тўртдан уч қисмга қисқаргани, декабрь ойи маошининг берилмагани сабаб ишчилар бошқа жойдан иш қидиришга мажбур бўляпти. Завод маъмурияти эса иш бир маромда давом этаётганини, иш соатлари қисқармаганини ва ишчилар ишдан бўшаб кетаётгани ҳақидаги иддаоларни инкор қилди.

GM – Ўзбекистон қўшма корхонасида ишчиларнинг иш соатлари тўртдан уч қисмга қисқарди. Бу маълумотни Асакадаги автомобиль ишлаб чиқариш заводининг раҳбариятга яқин мулозимларидан бири Озодликка айтди.

Шу сабабли завод ишчилари ўз аризалари билан ишдан бўшаб, бошқа иш қидиришга мажбур бўлмоқда. Заводдаги Озодлик манбасига кўра, сўнгги икки ойда юздан ортиқ ишчи корхонани тарк этган.

Ҳозир заводда 8 соатлик график асосида фақат бир сменада иш олиб бориляпти. Заводда аввал А, В, С, Д – тўрт сменада иш ташкил қилинган эди.

Бу графикка кўра ишчилар бир ойлик иш соатларининг фақат тўртдан бир қисмини ишлай оляпти, холос.

Исми сир қолишини сўраган завод мутахассислардан бири бу ҳолатни бундай тасвирлайди:

“Мана қаранг, аввал завод тўлиқ ишлаганда A, B, C, D смена ишчилари бир ой давомида 160-180 соат иш билан таъминланарди. Ҳозир барча цех ишлаяпти. Агар бир ойда 4 ҳафта бўлса, биринчи ҳафта А, иккинчи ҳафта В, учинчи ҳафта С ва тўртинчи ҳафта Д смена ишлайди. Чунки заводда илгариги тўрт сменалик иш ўрнига фақат бир сменалик – 8 соатлик иш қолган. Масалан, мен А смена ишчиси бўлсам, бир ойда 40 соат иш берилади, холос. Демак, ойлик ҳам беш иш кунига яраша бўлади", дейди суҳбатдош.

Мутахассиснинг айтишича, ишчиларнинг 80 фоизи ҳали декабрь ойининг маошини олмаган:

“Шунинг учун ҳам ишчилар заводни ташлаб кетмоқда. Ўтган йил ҳам тўлиқ ишлаб чиқариш уч марта тўхтатилган эди. Янги йилдан кейин ҳам 40 кун ўз ҳисобимиздан таътилга чиқарилдик. Завод тамоман ўлганга ўхшайди. Мен ҳам эртага кетишга ариза ёзаман”, деди мутахассис.

Асакадаги автомобиль ишлаб чиқариш заводи раҳбариятига яқин манбанинг айтишича, 2016 йилда автомобиль ишлаб чиқариш режаси уч бараварга қисқарган:

“2015 йилда қўшма корхонамизда 220 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган. Бу йилги режа эса 75 мингта деб айтиляпти. Биз ишлаб чиқарувчимиз, буюртмани эса “Ўзавтосаноат” беради. Демак, ишлаб чиқаришни сунъий пасайтириш юқоридан бўляпти”, дейди манба.

GM – Ўзбекистон қўшма корхонасига маҳсулот етказиб берувчи кичик корхоналар ҳам 8 февралдан бошлаб 8 соатлик графикда бир сменалик ишга ўтган эди. Шу ҳафтанинг бошида эса улар ишлаб чиқарган бутловчи қисмларга эҳтиёж бўлмагани сабаб, 6 соатлик иш графигига ўтилган.

Фарғонадаги автомобиль компонентлари етказиб берадиган UzSungwoo ўзбек-корейс қўшма корхонаси ҳам улар ишлаб чиқарган маҳсулотларга талаб бўлмагани учун банкрот ҳолатига келиб қолгани айтилади.

GM – Ўзбекистон қўшма корхонасининг янги лойиҳаси “Нексия-3” автомобили ишлаб чиқариш конвейери ҳам тайёр ҳолатга келтирилган. Лекин номаълум сабабларга кўра, бу конвейер ҳам ишга туширилмаяпти.

Айни пайтда, корхонада ишлаган 9 мингдан ортиқ ишчи ва мутахассисларнинг тўртдан уч қисми ойнинг уч ҳафтасини уйида ўтказяпти.

GM – Ўзбекистон қўшма корхонасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда, ишчиларнинг оммавий тарзда ишдан бўшаётганини инкор қилиб, завод тўла қуввати билан ишлаётганини таъкидлади:

- Ишчилар оммавий ишдан бўшаяпти деган гап йўқ. Завод тўла ишлаяпти, Худо хоҳласа. Қисқариш деган нарса йўқ, деди мулозим.

Ўзавтосаноат ҳиссадорлик жамиятидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG