Линклар

logo-print

Тергов изоляторида ярим йилдан ортиқроқ вақт сақланган ва Ўзбекистон сўрови билан экстрадиция текширувидан ўтган 33 яшар фарғоналик Баҳодир Каримовга у охирги 10 йил яшаб келаётган Самарада на қочқинликка, на вақтинчалик яшашга рухсат берилди.

Намозхон эмаслигига қарамасдан “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотига алоқадорликда ва конституциявий тузумни ағдаришда гумон қилиниб қидирувга берилган бу йигитнинг икки акаси айни айбловлар билан Ўзбекистонда 17 йилдан буён қамоқда қолмоқда.

Ўзбекистонга ўғирланиб кетиши мумкинлигидан хавфсираётган рафиқаси Татьяна Каримова Озодлик билан суҳбатда умрининг охирги 3 йилини эрининг озодлиги учун курашга бағишлаганини айтди.

“Биз бахтли яшашни истаймиз...”

Самара шаҳрида яшаб келаётган Баҳодир Каримов Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан 2013 йилнинг октябрида халқаро қидирувга берилган.

Хавфсизлик идораси расмий сўровномасида Баҳодир Екатеринбург шаҳрида “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотини тузгани”, Ўзбекистонга келиб “махфий равишда диний йиғинлар уюштириб, ташкилотга янги аъзолар жалб қилгани” (Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-1, 244-1 моддалари – таҳр.) тушунтирилган.

Баҳодир экстрадиция текшируви остида

Баҳодир экстрадиция текшируви остида

Ўзбек муҳожирининг рафиқаси Татьяна Каримованинг Озодликка айтишича, Россия Бош прокуратураси ўтказган экстрадиция текшируви Каримовга қўйилган айбловлар асоссизлигини исботлаб берган.

- Бош прокуратура уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш учун асос топа олмади. Кейин, биз қочқинлик мақомига турмада ариза топширган эдик – рад жавобини олдик: туман суди, вилоят суди ҳам ФМСни қўллаб- қувватлади. У қочқинлик мақомини олишга тўғри келмас экан. Вақтинчалик қочқинликка топширган аризамизни ҳам рад этишди. Мен Россия фуқароси – қонун бўйича қонуний никоҳдаги эримга ўтган йилнинг ноябрида вақтинчалик яшашга рухсатномага ҳужжат топширдик. Улар буни ҳам рад этибдию, қарорини қўлимизга ололмаяпмиз: Баҳодирни улар “ўзи келсин” деяпти. На менга, на адвокатга ҳужжатларни беришди. ФМСда эса, биласиз, уни ўғирлаб кетишлари мумкин, деди Татьяна.

Самара расмий идораларининг бундай ҳатти-ҳаракатлари сабабини тушунмаётганини гапирган Каримова хоним, турмуш ўртоғининг халқаро қидирувда эканини 2013 йил охирларида билганини маълум қилди.

- Биз 2014 йилнинг январь ойида Фарғонага ота-онасининг олдига меҳмонга бормоқчи бўлиб билетларни ҳам сотиб олдик. Бир вақт Баҳодирнинг онаси бизга телефон қилиб, қўзида ёш билан “Ўғлим, бу ерга келма. Ҳеч қачон келма!”, деяпти. Уни маҳаллий милиция қидираётган экан, “келсин, келсин” қилаётган экан. Шундан кейин биз “Фуқаровий кўмак” ташкилоти, шахсан Светлана Ганнушкинага мурожаат қилишга мажбур бўлдик, деди Татьяна Каримова.

Суҳбатдош 2014 йилнинг июнида Баҳодир Каримов ишга рухсатнома расмийлаштираётган пайтда ФМС ходимлари томонидан қўлга

Ўзбек қочқинининг турмада сочи оқарди

Ўзбек қочқинининг турмада сочи оқарди

олингани ва шу кундан бошлаб Самара тергов изоляторида 7 ою 10 кун экстрадиция тергови остида бўлганини билдирди.

Татьяна эрининг турмадаги қисқа вақти ичида сочлари оқариб, озиб кетганига эътиборимизни қаратди.

“Ўзбекистонга боришни ҳеч истамайман...”

Озодлик 2014 йилнинг июлида фарғоналик бу йигит ноқонуний абловларга жавобан изоляторда очлик эълон қилгани тўғрисида хабар берган эди.

Озодлик Баҳодир Каримовнинг ўзини суҳбатга тортиб, нима сабабдан ўзбек махфий идоралари томонидан халқаро қидирувга берилганини аниқлашга уринди.

1999 йили Тошкентда содир бўлган портлашлардан сўнг ўзбек махсус хизматлари Баҳодирнинг икки акасини диний экстремизм ва террорчиликка алоқадорлик каби айбловлар билан қамоққа олгани маълум бўлди.

- Бунчалик менга қизиқишларига 17 йил бўлди. 1999 йилда акаларим қамалганда мени ҳам бирга ушлаб, 3 кун жуда қаттиқ қийнашган. 5 кун сувсиз-овқатсиз ушлашган. Шу бир йил давомида мактабдан келаётганимда 60 маротабадан ортиқ снбчилар ушлаб, “Акаларингга ўхшаган кимларни биласан? Номини айт! Сен билишиниг керак”, деган гапларни гапиришган. Катта акам, Каримов Ҳасанбой, 16 йилга қамалган. 2013 йилда чиқиши керак эди – суд қилиб яна қамашди. Кейинги 1970 йилда туғилган акам, Каримов Тоҳир, 19 йилга қамалган. Яна бир врач акамни бошқа акаларимни қўйиб юборишни талаб қилгани учун ноқонуний препаратлар ташлаб, 6 йилга қамашган. Оиламда иккита шу катта акаларимдан ташқари ҳамма опа-акаларим врач, деди Баҳодир.

У акалари 1999 йилнинг март ойида ниқобдаги хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинганини айтади.

Уйда тинтув бўлгани ва ҳеч нарса топилмаганини гапирган Баҳодир, милиция ходимлари бир неча дона патрон ташлаб, акаларини олиб кетганини маълум қилди.

2005 йилда Баҳодир онасининг қистови билан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган. Дастлаб Россиянинг Екатеринбург шаҳрида яшаган Баҳодир Каримов 2010 йилда Самара шаҳрига борган.

Баҳодир ва Татьянанинг қамоқдан кейинги учрашуви

Баҳодир ва Татьянанинг қамоқдан кейинги учрашуви

2013 йилда у Россия фуқароси бўлган Татьянага уйланди.

- 2005 йилда қамалган акаларимдан бири озодликка чиқди. Онам мендан қаттиқ талаб қилди: у мени ҳам ёлғон айбловлар билан қамаб қўйишларидан қўрқди. Бу ерда ўқишнинг иложи бўлмади, ҳужжатларим жойида эмаслиги сабабли ишга жойлашишнинг ҳам иложи йўқ. Лекин бекор ўтирганим йўқ. Аёлим билан 6 йилдан бери биргамиз. Буни дини христиан. Яшашимиз рус маданиятига яқин. Тўғриси, диндан узоқ одамман, лекин мени диний абловлар билан қамашмоқчи. Ҳозир мен нима қилишимни билмайман: Ўзбекистонга жўнатишса мени қийноқлар кутяпти. Хуллас, Ўзбекистонга боришни ҳеч истамайман, деди Баҳодир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG