Линклар

Россия экс-санитари: АҚШ Россияга қарши Зика вирусини ишга солмоқчи


Россия собиқ санитария врачининг иддаосича, АҚШ Қора денгиз яқинидаги ҳудудларда чивинларга зика вирусини юқтирган ва шу усул билан Россияга қарши биологик уруш олиб бошлаган бўлиши мумкин.

Би-Би-Сининг рус хизматига 15 февраль куни берган интервьюсида Геннадий Онишченко рус олимлари Абхазияда 2012 йилдан бери вирус ташувчи чивинлар сони кўпайганини кузатишганини айтди. Бир тарафдан Россия, иккинчи тарафдан Қора денгиз билан чегарадош Абхазия Грузиянинг айирмачи ҳудудларидан биридир.

“Бу мени ташвишлантиради, чунки ҳозир бу чивин урчиган жойдан 100 км нарида, бизнинг чегарамизга яқин жойда АҚШ армиясининг ҳарбий микробиология лабораторияси бор”, деди ҳозирги кунда бош вазир Дмитрий Медведевнинг ёрдамчиси ўлароқ фаолият юритаётган Онишченко .

“Пентагон грузиялик болаларни қизамиқдан ҳимоя қилиш учун ҳарбий биологик база қурмаган”, деб кесатди у.

Афтидан, Онишченко АҚШ Мудофаа хавфини озайтитириш агентлиги 2011 йилда Грузияда қурган, 2013 йилда эса Касалликларни бошқариш грузин миллий марказига ўтказиб берилган биологик изланишлар иншоотини назарда тутган.

АҚШ элчихонасига кўра, бу марказ “хавфли юқумли касалликларнинг тарқалиши АҚШ ҳамда глобал саломатлик хавфсизлигига” солувчи таҳдидлар билан курашишга қаратилган саъй-ҳаракатлар маҳсулидир. Аммо Россия расмийлари бу марказнинг мақсади аслида ёвуз эканлигини иддао қилиб келади.

Зика вируси катта тезлик билан бутун дунё бўйлаб, айниқса, Жанубий Америкада тарқалмоқда. Вирус енгил касалликка чалинтирсада, микроцефалия деб аталувчи туғма касаллик билан боғлиқ бўлгани сабаб глобал миқёсда хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Онишченко Би-Би-Си билан суҳбатлашган кун, яъни 15 февралда Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги Зика вирусини юқтирган илк россиялик ҳақида хабар тарқатди.

Расмийлар Доминикан Республикасида ҳордиқ чиқарган аёл Россияга қайтиб келганидан кейин касалликка чалингани аниқланганини билдиришди. Вирус аёлнинг оила аъзоларига ёки у билан бирга Россияга қайтган йўловчиларга юқмагани айтилди.

Онишченко 2013 йил Медведев томонидан лавозимидан бўшатилиб, ёрдамчи қилиб қўйилганидан кейин омма назаридан четда қолиб келаётган эди.

1996 йил Россиянинг етакчи санитария врачи, 2004 йил истеъмолчиларни ҳимоя қилиш агентлиги - Роспотребнадзор етакчиси этиб тайинланган Онишченко хориждан келтирилган маҳсулотларга қўйилган қатор сиёсий чекловларга бош бўлган. Кремль танқидчилари Россия ҳукуматининг бу ҳаракати қўшниларни Москва билан ҳамкорлик қилишга мажбурлаш учун амалга оширилганини айтиб келади.

Қўйилган тўсиқлар орасида Грузия ва Молдовадан келтириладиган оқ вино ҳамда Европа Иттифоқидан келадиган мева-сабзавотлар импортига 2011 йил қўйилган чекловларни айтиб ўтиш мумкин.

Онишченко яна турли фитна назарияларига ишонишини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG