Линклар

Қозонда 15 йил олдин қотиллик содир этган ўзбекистонликлар судланмоқда


Татаристон пойтахти Қозонда Ўзбекистоннинг икки фуқароси бундан 15 йил олдин содир этилган жинояти учун судланмоқда.

Марказий Осиё янгиликлар хизматининг чоршанба куни хабар беришича, 51 ёшли Ином Маҳкамов ва 44 ёшли Игорь Сусанов 2000 йилнинг 20 декабрига ўтар кечаси Татаристоннинг Салмачи қишлоғидаги уйлардан бирига бостириб кириб, бу уйда яшайдиган барча одамларни ўлдирган.

Терговнинг билдиришича, улар уй эгасини қийноққа солиб пул ва қимматбаҳо буюмлар қаерда сақланишини сўраган. Аммо жавоб ололмагач, уй эгасини, унинг хотинини, икки фарзандини ва бир меҳмонни бўғиб ўлдирган. Маҳкамов уй эгасининг хотинини ўлдиришдан олдин зўрлаган.

Шундан сўнг жиноятда айбланаётганлар уйни тинтув қилиб, қимматбаҳо буюмларни ўғирлаб, уйга ўт қўйган. Жиноятчилар мазкур воқеадан сўнг Ўзбекистонга қайтиб кетган.

2015 йилнинг ёзида Ином Маҳкамов Петербургга келган ва бу ерда уни полиция қўлга олган.

Айни пайтда суд жараёни давом этмоқда. Татаристон прокуратураси суд жараёни якунланганидан сўнг қўшимча маълумотлар берилишини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG