Линклар

Сохта ҳужжат сотиш билан шуғулланган муҳожирлар ишидчиликда айбланмоқда


Russia -- FSB

Russia -- FSB

Москва минтақасида "Исломий давлат" фойдасига ишлаган жиноий гуруҳларга қарши кураш авж олмоқда. ИШИДга ëлланганларга қалбаки ҳужжат тайёрлаб¸ уларни Сурияга ноқонуний жўнатишда гумонланиб Подмосковьеда қўлга олинган 14 нафар шахснинг аксари марказий осиёлик муҳожирлардир.

Қалбаки ҳужжат тайёрлаганлар ИШИДга алоқадорликда гумонланди

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) мамлакатда фаолияти тақиқланган “Исломий давлат” халқаро террор гуруҳига алоқадорликда айбланаётган уюшган жиноий гуруҳ ташкилотчи ва аъзоларининг қўлга олинганини эълон қилди.

Тафсилотлари сир сақланаётган махсус амалиётнинг Москва яқинидаги шаҳарчалардан бирида ўтказилгани хабари ортидан, ФСБ расмий сайтида қалбаки ҳужжат тайёрловчи шахслардан 14 нафари аниқлангани маълум қилинди.

“Оператив-қидирув амалиётларни ўтказишга Москва минтақасида террорчилик фаолиятига алоқаси бўлган шахсларнинг легаллашиши учун қалбаки паспорт, патент ва бошқа ҳужжатлар тайёрланаётгани тўғрисида келиб тушган оператив маълумот сабаб бўлди”, дейилади ФСБ расмий хабарномасида.

Расмий баëнотда¸ олиб борилган кузатув ишлари давомида жиноий гуруҳ барча аъзоларининг аниқлангани, сохта ҳужжат тайёрлашга мўлжалланган яширин типографиялар, лабораториялар топилгани ва бу ҳужжатларни сотиш схемалари фош этилгани айтилади.

Ушланган шахслар Сурияга “Исломий давлат” жангарилари сафига қўшилиш учун кетаётган Россия ва МДҲ давлатлари фуқароларига қалбаки паспорт тайёрлаш ва уларнинг мамлакатдан чиқиб кетишига кўмаклашишда айбланган. Шунингдек, расмий иддаога кўра¸ “уюшган гуруҳ” раҳбарлари деб айтилаëтганлар ИШИД томонидан Россияга террорчилик хуружлари амалга ошириш мақсадида юборилаётган экстремистлар учун ҳам паспорт расмийлаштирган.

Подмосковьеда олиб борилган амалиёт тўғрисида ФСБ эълон қилган видеолавҳада кўринишидан марказий осиёлик бўлган муҳожирлар яшаётган квартирадан катта миқдорда патент, паспорт, меҳнат ва тиббий дафтарчалар, турли бошқа ҳужжатлар, муҳрлар, флешкалар, компьютерлар ва бошқа нусха кўчирувчи аппаратлар мусодара қилингани кўрсатилади.

Видооëзувлардан ФСБнинг ниқобдаги аскарлари бир нечта квартирани босганини англаш мумкин.

Махфий хизмат ходимлари хабарига кўра, жиноятда айбланаётган гуруҳ аъзолари конспирация асосида иш олиб борган, яшаш жойлари ва алоқа воситаларини тез-тез алмашиб турган, Интернетда прокси, анонимайзер ва бошқа шахсини яширувчи дастурлардан фойдаланган.

"ФСБ план бажармоқда!"

Кузатувчилар Россия ФСБсининг бундай "зафарли" амалиётларига жиддий шубҳа ва танқид билан қараш зарурлигини айтмоқда.

Санкт-Петербургдаги Европа Университети профессори, мигрантлар масалалари бўйича йирик тадқиқотчи, тарих фанлари доктори Сергей Абашин Озодлик билан суҳбатда ФСБ хабарини ўқиб, ўзида қатор саволлар пайдо бўлганини гапирди:

- У хабарда жуда кўп таажжубга соладиган маълумотлар келтирилган. Улар “Россиядан Сурияга нолегал тарзда ноқонуний ҳужжатлар билан чиқиб кетаётган одамлар учун ҳужжат тайёрлаган одамлар”ни ҳибс этганини айтмоқда. Биринчидан, нима учун улар “нолегал чиқиб кетаётганлар” ҳисобланаяпти?! Бизда хоҳлаган фуқаро хориж паспортини олиб, чиқиб кетиши мумкин! Аввал Туркияга, кейин бошқа давлатга...Муҳожирлар масаласида у ерда бир оғиз гапда “улар нолегал мигрантларга ҳужжат тайёрлагани” айтилган. Бу ерда менда иккинчи савол туғиляпти: ушланганлар Сурияга кетишга хориж фуқароларига қалбаки ҳужжатларни тайёрлаган экан. Чет эллик ўзининг паспорти билан бемалол чиқиб кетаверади, у қалбаки ҳужжат билан чегарада таваккал қилиб нима қилади? Россияда қолиш учун хорижликка дарҳақиқат бир уюм қалбаки документ керак, кетиш эса унга муаммо эмас, дейди Сергей Абашин.

Профессор Абашин сўнгги бир неча йил давомида олиб бораётган тадқиқотларидан марказий осиёлик муҳожирлар орасида

Екатеринбургда террорчиликда айбланиб ушланган ўзганликлардан бири

Екатеринбургда террорчиликда айбланиб ушланган ўзганликлардан бири

радикаллашиш аломатлари кузатилмаётганини маълум қилди. У Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ушланган айрим радикал мусулмонлар ортидан минглаб бегуноҳ диндор ва оддий мигрантларни қатағон қилаётганига ишонишини билдирди.

Суҳбатдош Москва минтақасида қалбаки ҳужжат тайёрлаётган “ишидчилар”нинг қўлга олинишини ФСБнинг “план бажариши” деб атади:

- Менга улар аллақандай “эртак” тўқиëтгандек туюлмоқда. Ахир уларга жамиятда Сурия масаласида васваса ҳолатини ушлаб туриш зарур бўлиб қолмоқда. Қолаверса, ҳисобот бериб боришлари керак. Бошқа томондан, маҳаллий журналистлар бу ҳолатни сунъий ушлаб туришда кўмаклашаяпти. Менимча, бу йигитлар оддий қаллоблар, улар орасида намозхонлар бўлиши аниқ. Аммо эндиликда уларни жиддийроқ бўлган “террорчиликка кўмак бериш” моддаси асосида жавобгарликка тортишади. Ахир махфий хизматлар ИШИДчиларни ушлаш бўйича “план” бажариши керакку, деди Сергей Абашин.

Озодлик сўнгги пайтларда Россия махфий хизматларининг айнан марказий осиёлик муҳожир, айниқса диндонларни “террорчилик”, “экстремизм” ва “ноқонуний террорчи ташкилотларга кўмаклашиш” моддалари асосида жиноий жавобгарликка тортаётганини қайд этмоқда.

Олдинроқ, Озодлик Россиянинг Екатеринбург шаҳрида 7 нафар қирғизистонлик ўзбекнинг “Исломий давлат” гуруҳига алоқадорлик ва мамлакатда портлаш уюштириш айблови билан ҳибсга олгани тўғрисида хабар берган эди.

2015 йил октябрида Москвада ИШИДни қўллаб-қувватлаганлик ва жамоат транспортида портлашларни режалаштирганликда айбланган 12 марказий осиёлик, жумладан ўзбекистонлик ҳибсга олинган эди. 2015 йилнинг 15 октябрида ФСБ Ханти-Манси мухтор округининг Пить-Ях шаҳрида ИШИД жангарилари томонидан шаҳар масжидида портлаш уюштиришда гумонланганлар қўлга олинганини очиқлаган эди.

Бунинг ортидан, ФСБ директори Александр Бортников ўтган йил 9 ойи давомида Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари катта миқдорда қурол-аслаҳа, портловчи моддалар мусодара қилгани, “йигирмага яқин террорчилик амалиёти олди олингани”ни иддао қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG