Линклар

Озодликнинг Фарғона вилоятидаги тингловчи-мухбири “Қўқон шаҳар ҳокимлигида шаҳар маҳалла қўмиталари раислари ва хотин-қизлар қўмиталари фаоллари иштирокида” жорий ҳафта бошида ўтказилган йиғилишда қизларни турмушга узатиш масаласи бош мавзу бўлгани тўғрисида хабар қилди.

Тингловчи-мухбиримизнинг ёзишича, йиғилишда сўзга чиққанлар қизларни Ғарб мамлакатларида ўқиб ёки ишлаб юрган йигитларга беришда эҳтиёт бўлиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратган.

Қўқондан келган хабар

Унда, жумладан, мана бундай дейилган:

“Шаҳар маҳалла қўмитаси раиси ва ҳокимликдаги хотин-қизлар кенгаши раиси ўз нутқларида, шаҳар маҳалла қўмиталари раисларига ўз ҳудудларидаги оилаларни, қизларни никоҳга узатиш пайтида шошма-шошарликка йўл қўймасликка, куёвни яхшилаб суриштиришга, айниқса чет элда юрган, ҳоҳ ўқишда бўлсин, ҳоҳ ишда бўлсин, куёвни суриштириб кейин қарор қабул килишга чақиришди.

Айниқса Америка ва Европа давлатларида узоқ йил ўқиб ёки ишлаб юрган йигитларга қизларини узатишда эҳтиёт бўлишларини қайта-қайта ўз сўзларида таъкидлашди”.

Араб давлатларига ҳам қиз бермаслик тавсия қилинди

Қўқон шаҳридаги коллежлардан бирининг исми айтилмаслигини сўраган ўқитувчиси (аёл киши) тингловчи-мухбиримизнинг хабарини тасдиқлади.

Унинг айтишича, Қўқон шаҳар ҳокимлигининг йиғилишлар залида ўтказилган семинарда “вилоятдан келган мутахассислар эрта никоҳнинг олдини олиш нима учун давлат сиёсати даражасига кўтарилганини” тушунтириб берган.

“Семинарда чет элликларга, хусусан, араб давлатлари фуқароларига турмушга чиқиб кетаётган қизлар тўғрисида ҳам гапиришди, бу ҳақда Фарғонадан келган мутахассислардан ташқари ўзимизнинг (Қўқон шаҳрининг –таҳр.) ҳокимимиз ҳам гапирди”, деди коллеж ўқитувчиси.

Ҳар бир қиз билан индивидуал суҳбатлар ўтказилди

Унинг айтишича, “семинардан сўнг коллеж ўқувчилари орасида эрта никоҳнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари кучайтирилган, ҳар бир ўқувчи қиз билан индивидуал суҳбатлар ўтказилаяпти, қилинган ишлар тўғрисидаги ҳисобот ҳокимиятга кеча топширилди”.

Қўқонлик қизлар маҳалласидан ортмайди

Қўқонга туташ қишлоқда яшовчи ёш уй бекаси Маърифатхоннинг айтишича, у яшаб турган ҳудудда шу кунгача “фалончи ўз қизини чет элга ёки чет элликка берибди”, деган гап пайдо бўлган эмас.

“Бундай гаплар бизнинг ҳудудда йўқ. Лекин бошқа вилоятлик курсдошларимдан фалончи гринкарди (АҚШда вақтинча истиқомат қилиш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатнинг норасмий номи – таҳр.) борга тегибди, тўйи скайп орқали бўлибди, деган гапларни кўп эшитаман”, деди Маърифатхон.

Фаол "Маҳалла"

Республика “Маҳалла” жамғармаси масъул вакилининг Озодликка билдиришича, у вакили бўлган ташкилот мамлакат бўйлаб ўтказилаётган эрта никоҳнинг олдини олишга қаратилган семинарларнинг уюштирувчиларидан биридир.

Озодликнинг “Нима учун семинарларда айнан Америка ва Европа давлатларида узоқ йил ўқиб ёки ишлаб юрган йигитларга қизларни узатишда эҳтиёт бўлишга урғу берилаяпти?” деган саволига “Йўқ, бу масалада махсус кўрсатма йўқ”, деган жавоб билан чекланди.

Президентнинг Оила кодексига зид насиҳати ёки Бузилган тўйлар

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2015 йил декабри бошидаНаманганга сафари давомида қизларни 20 ёшдан аввал турмушга бермаслик тўғрисида қилган панд-насиҳат қилган эди.

Президент гапи ортидан бутун мамлакат бўйлаб эрта турмуш қуриш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тезкор чора-тадбирлар кўрила бошлади.

Ўзбекистон Оила кодексида аёлларнинг никоҳ ёши 17 ёш, деб белгиланганига қарамасдан, президентнинг ноқонуний талабини бажаришга хотин-қизлар қўмитасидан тортиб, маҳалла қўмиталаригача сафарбар этилди.

Ҳатто 20 ёшгача бўлган қизларнинг режалаштириб қўйилган тўйлари тўхтатилаётгани тўғрисида Озодлик ўз вақтида ёзган эди.

Афтидан, Қўқонда ўтказилган ва “Маҳалла” жамғармаси вакили айтганидай, бутун мамлакат бўйлаб ўтказилаётган семинарлар президентнинг давлат сиёсатига айланган насиҳатига халқни амал қилдиришга қаратилган уринишлардир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG