Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:59

ЗАГС идорасида порахўрлик? ФҲДЁ мудираси пул ундирганликда айбланмоқда


Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлимининг собиқ ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани айтилмоқда. Озодликка маълум бўлишича, вазифасидан четлаштирилган ФҲДЁ собиқ мудираси Роҳатой Норқулова ишини вилоят прокуратуарси тергов қилмоқда. Айтилишича, улар ФҲДЁ ёзиб берадиган гувоҳномалар учун фуқаролардан давлат белгилаган бож нархидан кўпроқ пул олганликда айбланмоқда. Маҳаллий фаолнинг Озодликка айтишича, тергов бораётган пайтда жиноят иши фигурантлари жабрланувчиларга пулларни қайтаришга уринмоқда.


Жиззах вилояти прокуратурасидаги Озодлик манбасига кўра, тергов идорасининг Валюта, солиқ ва ноқонуний даромадларни легаллаштириш жиноятларига қарши кураш департаменти Ғаллаорол тумани ФҲДЁсининг собиқ ходимлари устидан жиноят иши қўзғатган. Озодликка маълум бўлишича, ФҲДЁ собиқ мудираси Роҳатой Норқулова ва яна бир неча мутасадди фуқаролардан пул ундирганликда айбланмоқда.

“Бу аёл ҳозирда ишдан четлатилган, устидан тергов кетмоқда. Ўтган ой бошларида туман ЗАГС бўлимида ўтказилган хизмат текшируви натижасида фуқароларга ёзиб берилган далолатномалар учун белгиланган давлат божи, герб йиғими ва бошқа пуллик хизматлар учун ортиқча пул ундиришган. Бу ҳақда вилоят адлия бошқармаси ҳам ўз хулосасини берди”, дейди Озодлик манбаси.

Ғаллаороллик ҳуқуқ фаоли Набижон Жўрабоев, Озодлик билан суҳбатда, бир неча ой аввал маҳаллий фуқаролардан бири ФҲДЁ бўлими ёзиб берилган гувоҳнома учун ортиқча ҳақ олганидан шикоят қилиб келганини эслашини айтади.

- Бундан 2-3 ой олдин ўша ердан бир фуқаро ЗАГСдан ўтган ва яна бир қариндоши боласи учун метрика олган. Шу метрикага ошиқча пул олган бу аёл (ФҲДЁ мудири-таҳр.). “Бизда нарх шунақа, шунча пул тўланади”, деб айтган. Кейин ҳалиги аёл менинг олдимга келди, шунча ортиқча пул олди, деб. Мен бориб суриштирдим. Ўша ерда ишлайдиган бир ходима, текшириб кўришни ваъда қилди. Лекин шу билан жавоб бўлмади,- дейди Набижон Жўрабоев.

Унинг айтишича, ҳозирда ФҲДЁнинг жиноий жавобгарликка тортилган ходимлари жабрланувчилардан ноқонуний ундирилган пулларни қайтариб беришга ҳаракат қилмоқда. Ўтган ҳафта масалани текшириб кўришни ваъда қилган ФҲДЁ ходими, идора мудираси номидан метрика учун ортиқча олинган пулни олиб келиб берди, дейди ҳуқуқ фаоли.

- Ўтган ҳафта ФДҲЁ ходимаси уйимга келди ва ҳақиқатан ўша аёлдан гувоҳнома учун 50 минг сўм ортиқча пул олинган экан, мудира бериб юборди деб, 50 минг сўм пул олиб келибди. Мен, тўхтанг, пулни мендан олгани йўқ, ҳозир ўша аёлга телефон қилиб бераман, ўзингиз гаплашинг, дедим. Кейин ҳалиги аёл билан гаплашди, ўшанда 50 минг сўм ортиқча олинган экан, ўша пулни Набижон акага ташлаб кетяпман, шу кишидан олиб кетишингиз мумкин, деб келишиб олишди. Ҳалиги аёл орадан икки кун ўтиб, пулини олиб кетди,- дейди Набижон Жўрабоев.

Озодликка маълум бўлишича, Ғаллаорол ФҲДЁ бўлимида хизмат текшируви январь ойи бошларида ўтказилган ва жиноят иши ҳам ўшанда очилган. Лекин Жиззах вилояти адлия бошқармасининг шахси сир қолишини сўраган мулозими, Роҳатой Норқулова ўтган йилнинг декабрь ойида ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаб кетган, дея билдирди. Унинг айтишича, ФҲДЁ мудирасининг аризаси Республика Адлия вазирлигига топширилган ва уни ўз хоҳишига кўра, вазифасидан озод қилиш тўғрисида 2015 йилнинг 16 декабрь куни буйруқ чиққан.

Озодликнинг Жиззах прокуратурасидаги манбаси эса, ФҲДЁ мудираси билан бир неча ходими текширув бошланганидан кейин вазифасидан четлатилганини таъкидлади.

Ғаллаорол туманида маҳаллий ҳокимият ва ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларининг порахўрлиги билан боғлиқ яна бир қизиқарли воқеа рўй берганини айтади ҳуқуқ фаоли Набижон Жўрабоев. Ўтган йили пора билан қўлга тушиб, амнистияга кўра жиноий жавобгарликдан озод қилинган маҳалла фуқаролар йиғини раиси яна ўз лавозимига тикланганига ҳамма ҳайрон, дейди у.

- Олимлар маҳалласида, бир фуқародан икки ёшгача бўлган болага нафақа пулини ёзиб бериш учун 150 минг сўм пора олаётган пайтда қўлга тушган. Кейин амнистияга кўра, оқланиб чиққан. Хўп оқланса, оқланибди, яхши бўлибди. Лекин у одамни яна ишига қайта тиклаб қўйишибди. Пора билан қўлга тушган бўлса, уни қандай қилиб ишга тиклаши мумкин?- дейди Набижон Жўрабоев.

Ўтган ҳафта Тошкент вилояти Пискент тумани Мудофаа ишлари бўлимининг бошлиғи ва яна уч зобит пора олганликда айбдор деб топилиб, турли муддатга озодликдан маҳрум этилгани тўғрисида Озодлик хабар қилди. Бу мулозимлар, бир йиллик ҳарбий хизматга юбориш учун ёшлардан ва уларнинг ота-оналаридан мунтазам равишда пора олиб келгани судда исбот қилинди.

XS
SM
MD
LG