Линклар

logo-print

Қодиржон Ботиров мулки устида жанжал бошланди


Қодиржон Ботиров ўзига қўйилган барча айбловларни сиёсий, дея атаган.

Қодиржон Ботиров ўзига қўйилган барча айбловларни сиёсий, дея атаган.

Қирғизистонлик ўзбеклар лидерларидан бири, тадбиркор Қодиржон Ботировдан мусодара қилинган мулк Жалолободдаги давлат корхоналари ўртасидаги тортишувга сабаб бўлмоқда. Мусодара этилган мулк бошқарувчиси этиб танланган “Элдик” давлат корхонаси “Қирғиз Петролеум Компани” ёпиқ акциядорлик жамиятидан 9 гектар ер ижараси учун ҳақ тўлашни талаб қилиб, судга мурожаат қилди.

Бир пайтлар “Элдик” қишлоқ хўжалиги корхонаси ўзбек тадбиркори Қодиржон Ботировга қарашли бўлган. Ҳозирда мамлакат ташқарисида муҳожиратда яшаётган тадбиркор 2010 йилда Қирғизистон жанубида рўй берган қонли воқеаларга алоқадорликда айбланиб, сиртдан суд қилиниши ортидан корхона давлат фойдасига мусодара қилинган. “Элдик” корхонаси яқинда Жалолобод туманлараро судига мурожаат қилиб, “Қирғиз Петролеум Компани” ёпиқ акциядорлик жамиятидан 3,2 миллион сом миқдорида пул ундирилишини талаб қилди.

“Давлат фойдасига мусодара қилинган ва давлат мулкини бошқари Жамғармаси тасарруфига ўтказилган мазкур 9 гектар ер хусусида Олий суд қарори бор. Жамғарма томонидан “Элдик” давлат корхонаси ташкил этилган ва бу корхона қонунда кўрсатилган тартибда мазкур ерларни ўз балансига олиган. Лекин қандайдир сабабга кўра, Жалолобод мэрияси ерни “Қирғиз Петролеум Компани”га ижарага бериб юборган. Бу ширкат ижара ҳақини тўлама келмоқда, шунинг учун судга мурожаат қилдик”, дея билдирди давлат корхонаси юристи Абдалил Аттокуров.

Расмий маълумотларга кўра, Сузоқ тумани ҳокимияти 1998 йилда 1,9 гектар ерни Қодиржон Ботировга қарашли “Қирғизвнешранс” фирмаси балансига ўтказиш тўғрисида қарор чиқарган.

“Лекин маҳаллий амалдорлар ҳужжатларни қалбакилаштириб, ажратилган майдонни 9 гектаргача кўпайтирган. Ҳужжатни қалбакилаштирган амалдор 2009 йлда суд қарорига кўра, жавобгарликка тортилган. Лекин ерларни “Қирғизвнештранс” балансидан чиқаришмаган. Олий суд қароридан кейин Қодиржон Ботировнинг ҳамма мулки, жумладан бу ерлар ҳам давлат тасарруфига ўтказилди”, дея таъкидлайди “Қирғиз Петролеум Компани” ҳуқуқшуноси Марат Мойдинов.

Унинг яна айтишича, бу ер майдонлари устидан назоратни қўлга киритган “Элдик” давлат корхонаси ижара ҳақини ойига 294 минг сомга чиқариб олган.

Қодиржон Ботировнинг мулклари устидаги тортишувга Жалолобод шаҳар ҳукумати ҳам аралашган. Шаҳар ҳокимияти туманлараро судга мурожаат қилгани сабабини мэрия юристи Чингиз Эшенов бундай изоҳлайди.

“Мазкур ерлар “Қирғиз Петролеум Компани”га 2004 йилда 49 йиллик муддатга ижарага берилган. 2014 йил 18 декабрда қабул қилинган давлат фойдасига мусдора этилаётган мулк рўйхатини ўз ичига олувчи давлат актини бекор қилиш мақсадида судга мурожаат қилдик. Биз шунингдек давлат мулкини бошқари жамғармасининг 2015 йил 20 февраль куни қабул қилинган 9 гектар ерни бошқа ташкилот тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги акти бекор қилинишини талаб қиляпмиз”, дейди юрист.

Қодиржон Ботиров 2010 йил июнь Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланиб, Қирғизистон суди томонидан сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган. Ҳозирда мамлакат ташқарисида муҳожиратда яшаётган тадбиркор ўзига қўйилган барча айбловларни сиёсий, дея атаган.

2010 йилда Қирғизистон жанубида этник низолар асосида юзага чиққан зўравонликлар, бунинг ортидан 4 кун — 10 июндан 14 июнга қадар давом этган қонли воқеалар чоғида ҳукумат ҳисобича, 450 одам ўлган, минглаб одам яраланган, яна минглаб одам уйини ташлаб қочишга мажбур бўлган.

Ўш ва Жалолободдаги ҳуқуқ фаоллари ҳамда ўзбеклар жамоалари етакчилари ҳисобича, қурбонлар ҳамда жабрланганларнинг аксариятини ўзбек миллатига мансуб фуқаролар ташкил этади.

XS
SM
MD
LG