Линклар

logo-print

АҚШ: VimpelCom Ўзбекистондаги нуфузли шахсларга 114 миллион доллар пора берганини тан олди


VimpelCom, TeliaSonera ва МТС Гулнора Каримовага йиллар давомида жами 1 миллиард доллардан ошиқ пора бергани гумон этилмоқда.

VimpelCom, TeliaSonera ва МТС Гулнора Каримовага йиллар давомида жами 1 миллиард доллардан ошиқ пора бергани гумон этилмоқда.

АҚШ Адлия департаменти 18 февраль куни VimpelCom ширкати Ўзбекистондаги фаолияти давомида коррупцияга қўл ургани тасдиқлангани тўғрисида баёнот берди.

Адлия департаменти баёнотида айтилишича, ширкат Ўзбекистонда фаолият юритиш лицензиясини олиш учун Тошкент расмийларини сотиб олишга даҳлдор бўлган.

Бош қароргоҳи Ҳолландиянинг Амстердам шаҳрида жойлашган VimpelCom Адлия департаменти билдирган айбловни тан олди. Ширкат Бош директори Жан Ив Шарлье “Йўл қўйиб бўлмайдиган қонунбузарлик содир этилганидан афсусдамиз”, деб билдирди.

АҚШ Адлия департаменти баёнотида айтилишича, VimpelCom 2006 йилдан 2012 йилгача ўзбекистонлик юқори нуфузли шахсларга 114 миллион доллар пора берганини тан олди.

Ширкат мазкур қонунбузарликни содир этгани учун 750 миллион доллар миқдорида жарима тўлашга тайёр эканини эълон қилди.

АҚШ Адлия департаменти баёнотида пора олган ўзбекистонлик "нуфузли шахс"нинг исми очиқланмаган. Аммо халқаро матбуотда бу "нуфузли шахс" Гулнора Каримова экани айтиб келинади.

АҚШ ва Ҳолландия расмийлари VimpelCom Ўзбекистон телеком бозорига кириш учун мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар миқдорида пора бергани юзасидан терговни 2012 йилда бошлаган эди.

XS
SM
MD
LG