Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:48

Модаркуш ўғил, бир ўлимдан қолган актёр ва Навоийнинг номаълум девони


Тошкент ИИББнинг собиқ ходими одамфурушликда айбланди. Хатирчилик нобакор йигит 79 ёшли онасини бўғиб ўлдирди. “Ёшлар”да намойиш этилаётган сериал қаҳрамонларининг турқи ғашга тегмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Тошкент ИИББнинг собиқ ходими одамфурушликда айбланди”

Тошкент ҳамда Фарғона водийси вилоятларида яшаган жуда кўп одамларни қўшни давлатга сотиб юборган жиноий гуруҳ фош қилинди (“Даракчи”, 18 февраль)

. Бир пайтлар Тошкент шаҳар ИИББнинг навбатчилик қисмида хизмат қилган Қобил Толипов, ҳуқуқ-тартибот идоралари билан яхшигина алоқаси бор Ҳасан Файзиев ҳамда Фазлиддин Ҳусановдан иборат жиноий гуруҳ 2013-2015 йилларда ўнлаб фуқароларни Қозоғистон ҳамда Россияга тирик товар сифатида пуллаган.

Қайд этилишича, судланувчилар айбига яраша жавобгарликка тортилган.

“Ногиронларнинг муаммоларини ҳал этиш тавсия қилинди”

Ўзбекистонда ногирон болаларни ўқитиш бўйича кўплаб ишлар қилинмоқда, аммо бу борада муаммолар ҳам мавжуд (“Ҳуқуқ оламида”, 18 февраль).

Ногиронларнинг оз қисми, яъни ўзини эплай оладиганларигина коллеж ва лицейларда ўқияпти, аравачада юрадиганларининг аксари эса инклюзив таълим ололмаяпти.

“Ногиронларни ўқитиш учун таълим муассасаларини аввало зарур шарт-шароитлар билан таъминлаш керак. Чунки ногирон болаларнинг руҳий ва жисмоний имкониятлари биноларда махсус инфратузилма бўлишини, жойларнинг алоҳида жиҳозланишини талаб этади. Аммо лицей ва коллежларнинг кўпида бунинг учун минимал шароитлар ҳам мавжуд эмас”, деб ёзади газета.

Мақолада ногиронларга таълим беришни ривожлантириш учун Миллий ҳаракат режасини ишлаб чиқиш тавсия этилган. Қайд этилишича, Ўзбекистонда 600 мингга яқин ногирон бор, уларнинг 100 мингга яқини 16 ёшгача болалардир.

“Хатирчилик нобакор йигит 79 ёшли онасини бўғиб ўлдирди”

Навоий вилояти Хатирчи тумани Майдон қишлоғида истиқомат қилиб келган йигит онасининг ҳаётига зомин бўлди (“Ҳуқуқ”, 18 февраль).

10 нафар фарзандни вояга етказган момо кенжа ўғлининг хотини билан келиша олмаган. Қайнона-келин жанжалларида ўғил хотинининг ёнини олиб, онасини ҳақоратлаб келган. 2015 йилнинг 2 августида тўйдан маст ҳолда уйига қайтган нобакор ўғил 79 ёшли онасини дастлаб калтаклаган, кейин эса бўғиб ўлдирган.

Исми ошкор этилмаган модаркуш йигит 17 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Навоийнинг 1471 йилда тузилган янги девони топилди”

Алишер Навоийнинг 1471 йилда мухлислари тартиб берган янги девони топилди (“Оила даврасида”, 18 февраль).

Девон Хуросонга чегарадош бўлган Оққуюнлилар салтанатида тайёрланган. Уни ўз даврининг таниқли хаттоти Абдураҳим Хоразмий кўчирган.

Мазкур девонни фанга маълум қилган олим Афтондил Эркинов унинг фотонусхасини Токиода китоб шаклида нашрдан чиқарди. Асар шартли равишда “Оққуюнли мухлислар девони” деб номланган.

“Хоразмда электр узилишлари сабаб истеъмолчилар зарар кўрмоқда”

Хоразм вилояти Гурлан туманида электр таъминотидаги кўп узилишлар сабаб истеъмолчилар зарар кўрмоқда, дейди шу туманлик Искандар Сапарбоев (“Адолат кўзгуси”, 2016 йил 6-сон).

Чилонзор тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Собир Абдураимовга кўра, электр корхонаси электр энергиясини чеклаш ва узиш қўйишда истеъмолчилар билан келишиши керак.

Амалдаги тартибга мувофиқ, электр корхонаси кейинги суткада электрнинг чекланиши ёки узилиши ҳақида жорий сутка соат 14 дан кечиктирмай, чеклашнинг бошланиш ва тугаш вақтини маълум қилиши лозим. Электрни зудлик билан чеклаш зарурати туғилса, истеъмолчи бу ҳақда 1 соат олдин огоҳлантирилиши шарт.

Мазкур талаб бузилган ҳолатда истеъмолчилар жамияти ёки судга мурожаат қилиб, етказилган зарарни ундириш мумкин, дея маслаҳат берилган.

“Актёр Улуғбек Қодиров “Мажнун” фильми съёмкасида бир ўлимдан қолди”

Яқинда суратга олинган “Мажнун” фильми съёмкаси пайти режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов актёр Улуғбек Қодировнинг ҳаётини хавф остига қўйган. Бу ҳақда “Даракчи” нашри хабар беради.

Аввал бош қаҳрамон У.Қодиров ва бўрилар акс этган саҳна бўрига ўхшаш итлар иштирокида, каскадёр ёрдамида суратга олиниши режалаштирилган. Аммо тасвирга олинадиган кун режиссёр актёрнинг ҳаётини хавф остига қўйиб уни чинакам бўрилар билан суратга олган. Актёрнинг ўзи “Мажнун” фильмида роли энг сўнггиси бўлиши мумкинлигини айтган.

“Ҳаётимни хавф остига қўйиб, бўрилар билан суратга тушганимга яраша қандайдир хавфсизлик чораларини кўриш шарт эди... Эртага бошқа режиссёрларимиз ҳам фильмим зўр чиқсин деб тимсоҳлар орасига ташлаб қўймасайди”, деган актёр У.Қодиров.

“Ёшлар”да намойиш этилаётган сериал қаҳрамонларининг турқи ғашга тегмоқда”

“Ёшлар” телеканалида эфирга узатилаётган “Бир муҳаббат тарихи” сериали ўзбек томошабинига ҳеч қандай янгилик бермаяпти (“Ҳуррият”, 17 февраль).

“Кейинги пайтларда кетма-кет намойиш этилган ҳинд сериалларига хос майда-чуйда гапларга бойлиги билан ғашга тегади”, деб ёзади газета.

Қайд этилишича, ҳадеб ишқ дея ўт-оташ бўлиб ёнаётган йигит-қизларнинг турқи ҳам томошабинга хуш келмаяпти. Қолаверса, бадиий фильм ҳамда сериалларга овоз берадиган актёрларнинг бир хил экани, янги овозларнинг йўқлиги ҳам танқид қилинган.

XS
SM
MD
LG