Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:11

Мексика Қримга тегишли кемани Украинага “қайтиб берди”


Украина давлат газ ширкатининг хабар беришича, Мексика прокурорлари Қримда жойлашган ширкатга тегишли кемани Россия эмас, Украинага қайтиб беришни буюрган.

Кеманинг якуний эгаси “Нафтогаз” бу ҳақда 18 февраль куни ўз вебсайтида хабар қилди.

“Титан-2” деб номланувчи кема “Нафтогаз”нинг Қримда рўйхатдан ўтган бўлими бўлмиш “Чорноморнафтогаз” ширкатига тегишлидир. Қрим яриморолининг 2014 йил Россия томонидан куч ишлатиб аннексия қилиб олиниши халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланди ва Ғарб мамлакатлари томонидан Москвага қарши санкциялар жорий қилинишига сабаб бўлди.

Кемани 2003 йил ижарага бера бошлашган. Ундан охирги марта фойдаланган Oceanografia SA de CV Мексика ширкати банкрот бўлганидан кейин, маҳаллий молия институтлари кемани мусодара қилган.

Бу Россия Қримни истило қилганидан кейин Киевда қайта рўйхатга олинган “Чорноморнафтогаз”нинг эгалик ҳуқуқларини бошқа мамлакат расмийлари томонидан илк маротаба расман тан олинишидир”, дейилади билдирувда.

“Титан-2” кўтариш крани билан жиҳозланган бўлиб, сув устида қалқиб турувчи платформаларни қуриш, таъмирлаш ҳамда бузиш учун мўлжалланган. Кеманинг Украинага берилиши Киевга ундан келажакда қандай фойдаланиш бўйича қарор чиқариш имконини беради.

Мексика прокуратураси бу иш бўйича ҳали расмий изоҳ бергани йўқ.

The New York Times ҳисобларига кўра, Россия Қримни эгаллаб олганидан кейинги илк 10 ой давомида яриморолнинг Кремль тайинлаган расмийлари укариналикларнинг 1 миллиард АҚШ долларидан ошиқ қийматга эга кўчмас мулкини эгаллаб олишган.

Гаагадаги доимий ҳакамлар суди 6 январь куни Украинанинг учинчи энг бадавлат фуқароси бўлмиш Игорь Коломойскийнинг ишини кўриб чиқишини билдирди. Коломойский аннексия ортидан 15 миллион АҚШ доллар зарар кўрганини иддао қилмоқда. Тадбиркорнинг айтишича, унга тегишли ширкат Қримдаги Севастополь халқаро аэропортининг йўловчи терминалидан 2020 йилгача фойдаланиш ҳуқуқидан айрилган.

2015 йилнинг сентябрь ойида Украина Қрим аннексияси сабаб тахминан 1,2 триллион гривна (55,5 миллиард доллар) зарар кўрганини билдирди.

Ўтган ойда президент Петро Порошенко Украина Кремлнинг истилоси юзасидан Россияни халқаро судларга беришини билдирди.

Анна Шаманская қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди

XS
SM
MD
LG