Линклар

Қарши Муҳандислик иқтисодиёт институтининг профессори Раҳматулло Эргашев талабалардан пора олганликда гумонланиб қўлга олинди. Озодлик манбаларига кўра, пора бераверишдан безиб кетган талабалардан бири бу ҳақда ҳуқуқ идораларига арз қилган. Институт раҳбарияти профессорнинг ҳибсга олинганини тасдиқлар экан, уч кунлик ҳисбдан сўнг унинг қамоқдан озод қилингани ва айни пайтда мазкур профессор устидан тергов давом этаётганини айтмоқда.

Қарши Муҳандислик иқтисодиёт институтининг иқтисодиёт факультети ўқитувчиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, 61 яшар Раҳматулло Эргашев 12 февраль куни пора олганликда гумонланиб, вилоят прокуратурасининг солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти ходимлари томонидан ҳибсга олинди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган институт ўқитувчиларидан бирининг айтишича, домла талабадан пора олаётган пайтда ушланган:

“Иқтисодиёт фаультети 4-курс битирувчиларидан бири мунтазам пора бераверишдан безиб, департаментга арз қилган. У ерда талабадан ариза ёздириб олишгандан сўнг унга махсус дориланган пул беришган. Домла талабадан пулни олаётган пайтда департамент ходимлари томонидан қўлга олинган”, дейди ўқитувчилардан бири.

Ўқитувчига кўра, айни пайтда институт раҳбарияти талабадан институтнинг бошқа сирларини терговда очиб қўймасликни илтимос қилмоқда:

“Яқингинада, декабрь ва январь ойларида Олий таълим вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси қарори билан институтимиз ўқитувчилари аттестациядан ўтказилган эди. Аттестациядан яхши ўтган эдик. Аммо бу домланинг пора билан қўлга тушгани институтимиз учун минус бўлди. Тергов давомида шунга ўхшаш бошқа ҳолатлар очилиб кетмаслиги учун ректоримиз Назирила Маҳмудов ўша ёзиб берган талабани чқаиртириб, “ҳамма имтиҳонларинг беш бўлади, диплом ишинг ҳам беш бўлади, ўзим қўйдириб бераман, фақат сендан илтимос терговда ошиқча нарсаларни гапириб юбормагин”, деб ваъда берибди”, деди ўқитувчи.

Қарши Муҳандислик иқтисодиёт институтининг маънавий-маърифий ишлар проректори профессор Раҳматулло Эргашевнинг пора билан қўлга олинганини тасдиқлади:

“Шундай воқеа бўлди. Лекин ҳозир домла очиққа чиқарилган. Департаментга терговга қатнаб юрибди деб эшитдим. Институтдаги фаолияти вақтинча тўхтатилган”, деди проректор.

Ўзбекистонда олийгоҳ ўқитувчиларининг пора билан ҳибсга олиниши ҳолатлари кўп учрайди.

Жумладан шу ойнинг бошида, Сирдарё вилоятидаги Гулистон Давлат университети педагогика факультети декани ҳам талабадан 300 минг сўм пора олаётган пайтда қўлга олинган эди.

Икки йил бурун эса шу университетнинг проректори пора билан қўлга тушган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG