Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:34

Қирғизистонда журналистга ҳужум тафтишини президент ўз назоратига олди


Қирғизистонда танқидий мақолалари билан танилган “Деньги и Власть” газетасининг бош мухаррири Турат Акимов ўз уйи ёнида калтакланди. Журналист мазкур воқеа унинг журналистик фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев эса иш терговини ўз назоратига олди ва Ички ишлар вазирига жиноий ишни тез орада фош қилишни тайинлади.

Воқеа 20 февралга ўтар кечаси, журналист Турат Акимов уйига қайтиб келиб, машинасини гаражга қўяётганида содир бўлган.

Акимовга кўра, тўсатдан пайдо бўлган нотаниш йигит у томонга шошилиб келиб уни арматура билан бошига уришга уринган.

Жабирланувчи қаршилик кўрсатганда арматура унинг қулоғига теккан.

Бўйин томонига қилинган иккинчи зарбани қўли билан тўсганида бармоғи синган. Шундан сўнг нотаниш шахс воқеа жойидан ғойиб бўлган.

Турат Акимов ҳужумни ўзининг журналистик фаолияти билан боғлаб, қасд олиш уриниши бўлганини айтмоқда.

“Бўйи узун, бақувват одам тез ҳаракат қилди. Мен қаршилик қилганимда қулоқ томонимга тегди. Иккинчи зарба бўйнимга бўлди, қўлим билан тўсгандим панжам синди. Шифокорлар зарба теккан ерларимни тикиб, панжаларимга гипс солиб қўйишди. Жиноятчи мени арматура билан урмоқчилигига қараганда бу оддий калтаклаш эмас, ўлдирмоқчи бўлган деб ўйлаб қолдим. Буни мен янги йил арафасида ёзган мақолаларим билан боғлиқ деб гумон қиляпман”, - дейди Турат Акимов.

У мазкур ҳол юзасидан 102 хизматига журналистни ўзи маълум қилган. Воқеа жойига милиция ҳодимлари келиб, унга бўлган хужумда қўлланилган арматурани топган ва уни далил сифатида олишган.

Сўнгра журналист соғлиғига келтирилган зарар даражасини аниқлаш учун суд тиббий экспертизаси тайинланган.

Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Ўлжўбай Қазабаевга кўра, мазкур ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган:

“Милиция тезкор тергов гурухи воқеа бўлган жойга борганида Бишкек шаҳридаги Дэн Сяопин кўчаси еттинчи уйи ёнида Турат Акимов деган фуқарога номаълум шахс ҳужум қилиб, унинг қулоқ тушига арматура билан ургани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноий кодекснинг “безорилик” моддаси бўйича жиноят иши қўзғалиб тергов ишлари кетмоқда”, - дейди Ўлжўбай Қазабаев.

Бишкекдаги ”Қилим шами” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раҳбари Азиза Абдирасулова ҳам бу ҳолни журналистнинг касбий фаолияти билан боғлиқ деб ҳисоблайди:

“Президент 24-декабрдаги матбуот анжуманида журналист Дайир Ўрунбеков тўғрисида “агарда президент бўлмаганимда мен уни уриб, калтаклар эдим” дегани нотўғилигини биз ўшандаёқ айтиб чиққанмиз. Биз президент аппаратига бундай билдирувдан кейин журналистнинг хавфсизлигини таъминланглар деганмиз. Бироқ улар бизнинг айтганларимизни президентнинг сўзлари жахл устида айтилди деб жиддий қабул қилишмади. Президентнинг ўзи шундай ишорат қилганидан кейин танқидий мақолалар ёзган Турат Акимов каби журналистларга ҳужум бўлмай қолиши мумкин эмас эди. Мен бу ишни Акимовнинг журналистик фаолияти билан тўлиқ боғлиқлиги бор деб ўйлайман”,- дейди ҳуқуқ фаоли.

Айни пайтда президент матбуот хизмати раҳбари Алмазбек Атамбаев журналистга ҳужум бўйича тергов ишини шахсий назоратига олганини маълум қилди.

Президент аппарати матбуот хизмати бўлими раҳбари Алмаз Усўнов давлат раҳбари мазкур ҳолатни тез орада фош қилишни топширганини айтди:

“Президент Алмазбек Атамбаев журналист Турат Акимовга ҳужум ҳолати терговини шахсий назоратига олди. Давлат раҳбари ички ишлар министри Мелис Турганбаевга журналистга ҳужум қилган одамни қидириш бўйича тезкор чора кўриш ва хақиқий айбдорларни топиб жавобгарликка тортишни топширди, - деди Алмаз Усўнов.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, 2010-йилдан буён журналистларга сиёсий руҳдаги ҳужумлар кузатилмаган эди.

Унгача, собиқ президент Бакиев режимини танқид қилган журналистларга ҳужумдан бир журналист вафот этган, баъзилари мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган.

XS
SM
MD
LG