Линклар

logo-print

Жанубий Каролинадаги праймеризда Трамп, Невадада Клинтон ғолиб бўлди


АҚШ президентлигига номзодларни саралаш бўйича шанба куни Жанубий Каролина штатида ўтказилган сайловларда республикачилар орасида америкалик Доналд Трампни қўли баланд келди. Демократлар партиясининг Невада штатида ўтказилган қурилтойида эса АҚШ собиқ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ғолиб бўлди. Бу натижалар кейинги овоз беришга ўз таъсирини кўрсатиши мумкин, демоқда кузатувчилар.​

АҚШнинг Жанубий Каролина штатида республикачилар партиясидан президентликка номзодларни саралаш бўйича ўтказилган праймеризда миллиардер Донлад Трамп 33 фоиз овоз тўплаб, ғалаба қозонди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Трамп 33 фоизга яқин овоз олган. Унинг рақиби сенатор Тед Круз 22 фоиз билан иккинчи бўлган. Яна бир сенатор Марко Рубио эса 21 фоиз билан учинчи ўринни эгаллаган.

Трампнинг навбатдаги ғалабаси унинг республикачи номзодлар орасидаги етакчи мавқеини мустаҳкамлади.

Жанжалли чиқишлари билан танилган Доналд Трамп бундан аввал Ню Ҳампширдаги праймеризда ҳам ғолиб бўлган.

Унинг рақиби Тед Круз эса Айова штатида ўтказилган сайловда ғолиб бўлган эди.

Невадада Ҳиллари Клинтонни қўли баланд келди

Демократик партиянинг шанба куни Невада штатида бўлиб ўтган қурултойида собиқ АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг қўли баланд келди.

Дастлабки маълумотга кўра, Клинтон Невадада 52,1 фоиз овоз тўплаган. Унинг рақиби вермонтлик сенатор Берни Сандерс 47,8 фоиз овоз қозонган.

Бундан аввал Айова штатида ўтказилган сайловда Клинтон ва Сандерс дейрли тенг овозларни қозонишган, Нью Ҳампширда эса Сандерс ғолиб бўлган эди.

Бу натижалар кейинги овоз беришга ўз таъсирини кўрсатиши мумкин, демоқда кузатувчилар.

Олдида эса демократик партия номзодларини Жанубий Каролина штатида, республикачиларни эса Невада штатида синовлар кутмоқда.

Сешанба куни республикачи номзодлар Невада штатида, демократик номзодлар эса Жанубий Каролина штатида беллашишади.

1 март куни бевосита сайловчилар иштирокидаги бошланғич сайловлар АҚШнинг 12та шататида ўтказилади.

"Суперсешанба" дея аталмиш ушбу сайловлар номзодларни аниқлашда ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Жеб Буш пойгадан чиқди

Флориданинг собиқ губернатори Жеб Буш Жанубий Каролинадаги праймериздан сўнг ўз президентлик кампаниясини тўхтатишини билдирди.

Шанба кунги бошланғич сайловларда Буш 8.1 фоиз овоз қозонди.

62 ёшли Жеб Бушнинг отаси ва акаси АҚШнинг собиқ президентларидир.

АҚШнинг 41-президенти Катта Жорж Бушнинг иккинчи ўғли Жеб республикачилар партиясидан президентликка энг муносиб номзодлардан бири сифатида кўрилаётганди.

Лекин, у бошланғич сайловларда ўз партиядошларидан ортда қолиб кетди.

Сўнгги кунларда собиқ президент Кичик Жорж Бушнинг ўз укасини қўллаб, сайловчилар олдидаги чиқишлари ҳам фойда бермади.

XS
SM
MD
LG