Линклар

Рус қамоқхонасидаги ваҳший қийноқларга оид видео ортидан тергов бошланди


Екатеринбург шаҳрида жойлашган турмадаги маҳбуснинг хўрланаётгани акс этган видеолар маҳаллий хабар порталида чоп этилиши ортидан Россия расмийлари бу ҳодиса тергов қилинаётганини билдиришди. Портал хабарида маҳбус қаттиқ калтаклангани айтилган.

Россия Тергов қўмитаси 18 февраль куни шу куни эрталаб 66.ru портали эълон қилган видео юзасидан жиноий иш қўзғатилганини билдирди.

66.ru хабарида эълон қилинган видеолар ҳамда агентлик қўлга киритган ҳужжатлар Екатеринбургдаги 2-сонли қамоқхонада зўравонлик, жумладан, жинсий тажовузкорлик жуда кенг тарқалганини англатиши айтилади.

Биринчи видеода маҳбус экани айтилган кишининг яланғоч ҳолда унитазга бошини суқишга мажбурлангани, уни қийноққа тутаётганлар сувни бўшатганини кўриш мумкин. Бир дақиқа давом этувчи видеода маҳбусга тупуришади, уни “каламуш” ва “қанжиқ” деб масхаралаб, устидан кулишади.

Иккинчи видеода ҳам шу маҳбусни кўриш мумкин. Бу сафар у яланғоч ва қўллари орқасида боғлиқ ҳолда туалет полида ерга қараб ётқизилган. Орқасида қамчи изларига ўхшаш яраларни кўриш мумкин. Видеода қийноққа солаётган кишиларнинг бири унинг устига сияётгани акс этган.

Маҳбусни қийноққа тутаётган ва бу жараённи видеога олаётганлар турма ишчилари экани ёки эмаслиги ҳозирча малъум эмас. Видеонинг қачон олингани ҳам номаълум.

66.ru порталига кўра, бу икки видеодан ташқари яна бир видео бор. Аммо, учинчи видеода акс этган қийноқлар ҳаддан ташқари жирканч бўлгани учун портал ходимлари бу видеони чоп этишмаган.

Тергов қўмитаси бу видеолар билан боғлиқ равишда маҳбусларни қийноққа солиш ва хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолларини аниқлаш учун тергов олиб борилаётганини билдирди.

Қўмитанинг Екатеринбургдаги ҳудудий бўлими эълон қилган билдирувда “Нафақат қийноқларда тўғридан-тўғри иштирок этган фуқароларнинг, балки ўз бошқаруви остида бундай зўравонлик бўлишига йўл очиб берган расмийларнинг ҳам фаолиятига қонуний баҳо берилади”, дейилади.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ҳамда Ғарб мамлакатлари ҳукуматлари узоқ йиллардан бери рус қамоқхоналарида маҳбуслар дуч келадиган оғир шароит ва қийноқларни танқид қилиб келишади.

АҚШ Ташқи ишлар вазирлигининг инсон ҳуқуқларига оид сўнгги ҳисоботида айрим ҳолларда рус турмалари расмийлари маҳбусларни баъзи шерикларини таҳқирлашга “гиж-гижлаган”, дейилади.

66.ru видеолар билан бирга маҳбусларнинг бири ёзган хатни ҳам чоп этди. Хат ёрдамида Екатеринбургнинг 2-сонли турмасидаги қийноқлар ҳақида маҳбуслар оғзини ёпиш учун махсус ҳимоядаги "каста" тизимидан фойдаланилиши фош бўлади.

2012 йил ёзилган хатда унинг муаллифи эканини айтган маҳбус қамоқхонадаги илк ҳафталарда бошдан кечирганлари ва турмада кўрган-кечирганларини ҳеч кимга айтмасликка онт ичади. Хатда маҳбус ҳар қандай маълумотни четга сиздирса, оғир жазоланишига рози экани айтилган.

Хат муаллифи сирни сотиб қўйса, уни зўрлашлари ҳамда “ҳарам”га киритишларига розилигини айтиб, “илтимос қилади”. Ҳарам жинсий тажовузкорлик қурбони бўлган маҳбуслар гуруҳи бўлиб, бу гуруҳ аъзолари одатда бошқа маҳбуслар олдига бора олмайди.

66.ru портали турли йилларда ёзилган бир неча шунга ўхшаш хатни қўлга киритганини ёзмоқда. Бу хатлар қамоқхонанинг турли расмийлари номига ёзилган.

Портал хабарига сўзлаган маҳбуслар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаол Алексей Соколов: “Бу қоғоз жуда катта аҳамиятга эга. Агар бу ҳужжат бошқа маҳбусларнинг қўлига тушса, муаллифни ҳарамга юборишади. Бу маҳбусларга босим ўтказиш учун қўлланиладиган типик қуролдир”, дейди.

Соколов бундай таҳқирлашлар нафақат Екатеринбург турмасида, балки ҳудуддаги бошқа колонияларда ҳам кенг тарқалганини қўшимча қилган.

“ТАСС” давлат хабар агентлигига кўра, Россия Федерал қамоқ хизматининг ҳудудий бўлими матбуот котиби Александр Левченко 66.ru чоп этган материаллар қамоқхонадаги вазиятни “беқарорлаштириш учун” инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари гуруҳлари уюштирган “провокация” бўлиши мумкинлигини айтган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG