Линклар

Москва "душман"га чиқарилган Бишкек билан алоқалари бузилмаганини билдирди


Россия президенти Владимир Путин ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев.

Россия президенти Владимир Путин ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистон февралда Қўшма Штатлар билан муносабатларни қайта тикламоқчи бўлиш ҳаракатини бошлагани ва Европа Иттифоқи Қирғизистонда ишлаб чиқарилган 6 минг турдаги маҳсулотни иттифоқ мамлакатларига божхона тўловисиз олиб кириш имкониятини яратиб берганидан сўнгБишкек бирдан яна Москванинг “эсига тушиб қолди”.

2015 йил якунида журналистлар билан учрашган президент Алмазбек Атамбаев Қирғизистон Россиядан бошқа ҳамкор излаётгани, бунга Москва ГЭС қурилишлари юзасидан берган ваъдаларини бажармаётгани сабаб бўлганини айтганидан сўнг, икки давлат ўртасидаги муносабатлар илиқ ҳам совуқ ҳам деб атаб бўлмайдиган мужмал вазиятга тушиб қолган эди. Мана шу ўртада Россия матбуотида бирдан Қирғизистон тўғрисида салбий материаллар пайдо бўлиб қолди, Россия экспертлари эса Қирғизистонни Россиянинг душманлари рўйхатига киритишга ҳам улгурган эди.

Февраль ойида Қирғизистон Қўшма Штатлар билан ўтган йили бекор қилинган ҳамкорлик шартномасини қайта тиклаш бўйича сўзлашувларни бошлади. 1993 йилда имзоланган мазкур шартноманинг Қирғизистон томонидан бир томонлама бекор қилинишига Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамалган этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга Вашингтон мукофот топширгани сабаб бўлган эди. Халқаро ташкилотлар Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини айтиб келадилар.

Бундан ташқари февраль ойида Европа Иттифоқи Қирғизистонда ишлаб чиқарилган 6 минг маҳсулот турини иттифоққа бож тўловларисиз олиб кириш имкониятини яратгани хабар қилинди.

Мана шу икки воқеа ортидан Москва бирдан яна Бишкекни эслаб қолди. Россия ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Анастасия Захарова 18 февраль куни Москва ва Бишкек ўртасидаги стратегик ҳамкорликка путр етмаганини таъкидлади:

- Россия Қирғизистоннинг Қамбарота ГЭСини қуриш лойиҳасидан чиққани бор гап. Бироқ бу масалада биз Қирғизистон ҳукумати билан муросага келганмиз. Айни пайтда ҳар икки давлат ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш режалари устида ишлашда давом этмоқда. Бизнинг давлатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорлик фақат ва фақат мустаҳкамаланаяпти, -деди Анастасия Захарова.

Қирғизистонлик сиёсатшунослар Россия ташқи ишлар вазирлигининг бу баёнотини Москванинг Қирғизистонни таъсир доирасидан чиқиб кетишига йўл қўймаслик ҳаракати сифатида баҳоламоқда. Сиёсатшуносларнинг айтишларича, сув заҳираларига бой бўлган Қирғизистон ҳозирда ҳам, келажакда ҳам катта мамлакатларнинг геосиёсий қуроли бўлиб қолади.

-Фақат Россиягина эмас, Хитой, Америка Қўшма Штатлари ҳам Қирғизистонни ўз сиёсий таъсир доирасидан чиқаришни истамайди. Чунки Қирғизистон Марказий Осиёда энг иқтисодий заиф ва бошқа давлатнинг кўмагисиз ривожлана олмайдиган давлатдир. Айни мана шу воситадан фойдаланган ҳолда катта давлатлар Қирғизистонни ўз геосиёсий ўйинларида фойдаланмоқда, -деди сиёсатшунос Бекбўсун Бўрубашев.

Россия Қирғизистонда ГЭСлар қуриш лойиҳаси юзасидан шартномани Бишкек билан 2009 йилда имзолаган эди. 2012 йилда Норин ГЭС каскадлари қурилиши бошланган, бироқ қурилиш ишлари бир неча ойдан сўнг тўхтатиб қўйилган.

2014 йилда Қирғизистон Россия босими остида йилига 60 миллион доллар миқдорида ижара ҳақи тўлаб келган АҚШ ҳарбий базасини Манас аэропортидан чиқарган эди.

Айрим сиёсатчилар Россия бундай ҳаракатлар билан Қирғизистонни, Пушкиннинг “Балиқчи чол ва олтин балиқ” эртагида айтилганидай, тешик тоғра билан қолдирди, деб ҳисобламоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG