Линклар

Amnesty International ташкилоти ИШИДчиликда айблаб 7 йилга қамалган жиззахлик армани насроний Арамаис Авакян устидан адолатсиз судлов бўлгани, унинг ҳибсда қийноққа тутилгани ҳақида маълум қилди.

Ташкилотнинг гувоҳларга таяниб, ёзишича, Авакян ҳибсда калтакланган ва унга нисбатан босим ўтказилган. Авакяннинг судга замбилда келтирилгани ҳақида ёзган ташкилот унинг баданида кўплаб кўкарган жойлари бўлгани, жуда озиб кетгани ва зўрға оёқда турганини эслатади.

Арамаиснинг яқинлари Озодлик билан суҳбатларда унинг тергов давомида қийноққа тутилгани ҳақида бир неча бор гапиришган.

Суд ҳукмига кўра, Авакян билан бирга судланган тўрт киши 5 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси олди.

Судланувчилар Жиноят кодексининг қўпорувчилик, ўғрилик, диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш каби моддалари билан айбланган.

33 яшар Авакян ИШИДга хайрихоҳликда гумон қилиниб, ўтган йилнинг 4 сентябрида ҳибсга олинган.

Миллати арман бўлган Авакяннинг насроний бўлишига қарамасдан ИШИДга алоқадорликда айбланаётгани Арманистон ҳукуматини ҳам четда қолдирмади.

Арманистон Миллий мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича доимий комиссияси раиси Элинар Варданян Ўзбекистон парламентига Авакяннинг тақдири юзасидан ташвиш билдириб, мурожаат қилди.

Арманитон Омбудсмени ҳам ўзбекистонлик ҳамкасбига Авакяннинг тақдири борасида ташвиш билдириб, хат йўллади.

XS
SM
MD
LG